МЎЪМИН КИМ?

0
108

“Мўъмин мўъминнинг биродаридир, ҳеч бир ҳолатда унинг насиҳатини ерда қолдирмайди”.

“Жоми ас-сағир” 2\157, Ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар.

Исломда мўъминлар бир-бирлари билан ака-ука кабидирлар. Шундай экан, мўъминлар ўртасидаги ҳақиқий муносабат туғишган биродарлари билан қиладиган муносабати каби бўлиши керак. Ҳатто зиёдароқ бўлиши лозим. Шу сабабдан биродарини севмоқ, унга гўзал муомала қилмоқ, унинг олдида камтар бўлмоқ, ўзининг ва ака-укасининг обрўсини ҳимоя қилгани каби унинг ҳам шарафини ҳимоя қилмоқ мўъминлик, биродарлик шартларидандир.
Бундай биродарлик Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари Мадинага борган вақтларида саҳобаи киром ўртасида тадбиқ этилган. Бундай самимий биродарликни дунё бир маротаба кўрди. Яна бир бор кўриши, балки, фақат жаннатда насиб этар. Чунки бу биродарлик Маккада бор-йўғини қолдириб, фақат Аллоҳнинг розилиги учун ҳижрат қилган маккалик муҳожирлар билан уларни қучоқ очиб кутиб олган Мадина халқи – ансорлар орасида юзага келди. Исломга ёрдам берганлари учун мадиналик мусулмонлар ансор – ёрдамчи дейилди.
Мадиналик ансор маккалик муҳожир биродарига бор-йўғини топшириб, ҳақиқий биродарлик муомаласи қилган бўлсалар ҳам, аҳли Макка – муҳожирлар ўзларига кўрсатилган бу инсоний биродарликка миннатдорлик билдириш билан бирга, биродарларига ортиқча юк бўлмаслик учун дарров савдо-сотиқ билан шуғуллана бошладилар. Бироз вақтдан сўнг эса уларнинг ўзлари бошқа муҳтожларга ёрдам бера бошладилар.
Муҳожирлардан ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Шом сафаридан келган савдо молларини туялари билан бирга Мадина камбағалларига эҳсон қилганлар.
Маълумки, инсон нуқсондан холи эмас. Аммо мусулмон ўз биродаридаги баъзи камчиликларни шартта юзига солмайди. Балки муносиб бир вақтда муносиб бир забон билан ҳамда танҳо бир жойда айтади ва насиҳат қилади. Биродарининг хатою камчиликларини ошкор-оммавий айтиш жоҳилларнинг ҳаракатидир. Зеро, бунинг фойдадан кўра зарари кўпроқ бўлади. Чунки ўртада ҳасад, кин-адоват, жанжаллар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун насиҳат қилувчилар, мутлақ танҳо бир жойда, ширин тил билан ўзининг камчиликларини ҳам бироз мисол келтириб, уни ўзидан совутиб, узоқлаштирмайдиган даражада ўгит беришлари лозим.
Ҳар ҳолда, барчамиз насиҳатга муҳтожмиз. Бир-биримизни тўғри кузатган ҳолда тўғри йўлга чақиришимиз ҳам динимиз амри, ҳам дунёю охиратимизнинг саодати учун зарурдир. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай гўзал хулқ эгаси бўлмоғимизни насиб айласин.

Муҳаммад Зоҳид Қўтқу нинг
“Мўминнинг сифатлари ” китоби асосида
Ёрбек Исломов тайёрлади

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг