Ёлғон гапириш энг катта хиёнатдир!

0
280

Ислом дини инсонларни барча муаммоларда одоб-ахлоқли бўлишга тарғиб қилади ва сўзлаганда ростгўй бўлиб фақат ҳақни гапиришга ундайди. Сўзлаганда ёлғон гапиришдан эса қайтаради. Мулоҳазали мусулмон киши ҳар доим илоҳий назоратни ҳис этиб ҳар бир сўзини аввал ақл ва нақл мезонига солиб ўлчагандан сўнг айтади.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 70-71 оятида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَقُولُوا قَوْلًا سَدِيدًا (70) يُصْلِحْ لَكُمْ أَعْمَالَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَمَنْ يُطِعِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزًا عَظِيمًا (71)

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва тўғри сўз сўзланглар”.

“Сизнинг амаларингизни солиҳ қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, буюк зафарга эришибдир”.

Ҳар бир ёлғон сўзнинг ортида дунё ва охиратда катта фалокат ва азоб бор.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 10-оятида мунофиқларга аламли азоб борлигини ва бу айнан ёлғон гапирганликларининг сабабидан эканлигини хабарини берибшундай марҳамат қилади:

وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ بِمَا كَانُوا يَكْذِبُونَ(10)}

Ва уларга ёлғон гапирганлари учун аламли азоб бор.

      Демак, ёлғон гапиришлик охиратда улкан азобларга  мубтало бўлишга сабаб бўлар экан.

Ушбу оятда ёлғон гапиришлик мунофиқларнинг иши эканлиги ҳам маълум бўляпти.  Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида шундай дейдилар:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَعَلَى آلِهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « آيَةُ الْمُنَافِقِ ثَلاثٌ : إِذَا حَدَّثَ كَذَبَ ، وَإِذَا وَعَدَ أَخْلَفَ ، وَإِذَا اؤْتُمِنَ خَانَ) …رواه البخاري.(

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳсоллаллоҳуалайҳивасаллам:
«Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади», деганлар».
(Имом Бухорий ривоят қилган).

         Имом ибн Ҳажар ва имом Заҳабий узрсиз ёлғон гапириш гуноҳи кабирадир яъни катта гуноҳ деганлар.

Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга қасддан ёлғон тўқиш эса куфрдир.

Буюк имомларимиз ёлғоннинг уч турли эканлигини баён қилишган.

  1. Аллоҳга ёлғон тўқиш. Бу – энг катта ёлғон бўлиб, бунда банда Аллоҳнинг ҳукмларини инкор қилади.
  2. Пайғамбарга нисбатан ёлғон тўқиш. Яъни пайғамбарлар қилган ишларни ва улардаги сифатларни инкор қилиш. Ёки уларгагина хос бўлган ишларни ўзларига нисбат бериш.
  3. Инсонларга ёлғон тўқиш. Яъни воқеликдаги нарсанинг аксини хабарини бериш.

Қуръони каримда ёлғон ҳақида 167 та оят бор. Бу оятлар ёлғон гапирувчиларга улкан азоблар борлиги хабарини беради.

Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 60 оятида шундай марҳамат қилади:

{ وَيَوْمَ القيامة تَرَى الذين كَذَبُواْ عَلَى الله وُجُوهُهُم مُّسْوَدَّةٌ }

«Қиёмат куни Аллоҳга нисбатан ёлғон сўзлаганларни кўрсанг, юзлари қоп-қорадир».

         Бундай кишилар дунё ҳаётида Аллоҳ таолонинг ҳукмларини инкор қилган кишилардир. Ҳозирги вақтда “Қалб тоза бўлса бўлди”, деб Аллоҳнинг буйруқларини инкор қилиб бажармайдиган кимсалар огоҳ бўлсинларки бу Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқишдир. Ўзлари солиҳ амалларни қилмасдан ўзгаларни ҳам бу ёлғон ақидага даъват этадилар.

Имом Саврий айтадилар: “ Улар Аллоҳни яхши кўришларини иддао қиладилару аммо бунга содиқ эмаслар”. Яъни Аллоҳни яхши кўраман деган даъволарида ёлғончидирлар. Аллоҳни яхши кўраман деган киши – унинг буйруқларини инкор қилмасдан сўзсиз бажарган кишидир.

Ёлғон гапириш энг катта хиёнатдир!

عَنْ سُفْيَانَ بْنِ أَسِيدٍ الْحَضْرَمِىِّ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- يَقُولُ :« كَبِرَتْ خِيَانَةً أَنْ تُحَدِّثَ أَخَاكَ حَدِيثًا هُوَ لَكَ بِهِ مُصَدِّقٌ وَأَنْتَ لَهُ بِهِ كَاذِبٌ ».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биродаринг сенга ишониб турган ҳолида сен унга ёлғон гапиришинг энг катта хиёнатдир” дедилар. (Байҳақий ривоят қилган).

Ёлғон гап охири инсонларнинг бир бирларига ишончларини йўқ қилади.  Қалбларда оғриқ пайдо қилади. Ва жамиятда поракандалик, ишончсизликни пайдо қилади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламяна бир ҳадисларида айтадилар:

عن منصور بن المعتمرقَالَرَسُولَ اللَّهصلى الله عليه وسلم:تَحَرَّوُا الصِّدْقَ وإِنْ رَأيْتُمْ أنَّ فيه الهَلَكَةَ فإِنَّ فيهِ النَّجاةَ واجْتَنِبُوا الكَذِبَ وإِنْ رَأيْتُمْ أنَّ فِيهِ النَّجاةَ فإنَّ فيه الهَلَكَة )

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост сўзни сўзланг,  агар унда ҳалокатни кўраётган бўлсангиз ҳам.  Бас, албатта унда нажот бордир. Агар нажотни кўраётган бўлсангиз ҳам ёлғон гапдан сақланинг. Бас, албатта унда ҳалокат бордир”,  дедилар.

Арваъа исмли аёл Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан ховли талашиб  хусуматлашди. Шунда Саъид “бу аёлни ўз ҳолига қўйинглар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалалмдан “Ким бир қарич ерга ноҳақдан эга чиқса етти қават ер унга товқи лаънат бўлади”, деганларини эшитганман. Агар шу аёл ёлғончи бўлса кўзини кўр ва ховлисини ўзига қабр қилгин, деди. Мен ўша аёлни кўзи кўр бўлиб ховлини пайпаслаб юрганини кўрдим. У “Менга Саъиднинг  дуоси тегди”, дер эди. Бир куни ховлида кетаётиб қудуққа тушиб ўлди ва ўша қудуқ унга қабр бўлди, деди.

Дарҳақиқат, жамиятда ёлғон гапириб, тухмат, бўхтон қилиб инсонлар орасини бузадиган, уларнинг орасига адоват уруғини сепадиганлар ҳам бор. Ҳатто оилаларнинг орасига совуқчилик солиш билан машғул кимсалар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобалар билан ўтирганларида:

Сизларга энг катта гуноҳни хабарини берайми? Дедилар. Шунда саҳобалар хабар беринг Ё Расулуллоҳ дейишди. Расулуллоҳ : аллоҳ таолога ширк келтириш, ота –онага оқ бўлиш” дедилар. У зот шу гапни айтганларида ёнбошлаган ҳолатда эдилар. Кейин ўтириб олдиларда Ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳликдан огоҳ бўлингдар деб, бир неча маротаба такрорладилар.

Шунинг учун ёлғон гапириб инсонларни обрўсини тўкиб, оилаларда совуқчиликни, муҳаббат-ҳурмат ўрнига нафратни пайдо қилишдан эҳтиёт бўлайлик.

Ҳақиқий мўъмин киши ўз виқори, ширинсўзлиги ва ростгўйлиги билан танилади. Ўзимиз учун зийнат бўлган ростгўйлик билан яшайлик. Ўзгаларни алдаб, уларга ёлғон гапиришимиз, ўзимизни алдашимиз эканлигини ҳис қилиб, бу оз кунлик умримизда ўзимизга ва ўзгаларга яхшилик қилиб яшайлик.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг