Ўзбекистон вакиллари Чеченистондаги янги масжиднинг очилиш маросимида иштирок этмоқда

0
435

 Чеченистон пойтахти Грозний шаҳри аэропортида янги масжид очилишида иштирок этадиган мартабали меҳмонлар, шу жумладан Ўзбекистон вакиллари ҳам кутиб олинди. Кўплаб мусулмон мамлакатларидан ташриф буюрган меҳмонлар 21-22 август кунлари Чеченистоннинг Шали тумани марказида Рамзан Қодиров шарафига қуриб битказилган масжиднинг тантанали очилиш маросимида иштирок этишади. Ушбу тадбир доирасида Дурди-Шайх номли Ҳофизларнинг еттинчи мактаби очилиши ҳамда Қуръон ҳофизлари мусобақаси ўтказилиши ҳам кутилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган масжид, ҳар бири 63 метр бўлган тўрт минорага ва баландлиги 43 метр бўлган қуббага эга. Масжид қурилиши 2012 йилда бошланган эди. Чиройи ва услуби жиҳатидан масжид дунёда ягона бўлиб, унинг ичи ва ташқариси юнон оқ мармар билан безатилган. Ўзбекистонлик меъморлар томонидан лойиҳалаштирилган масжид қадимий Бухоро ва Самарқанд масжидлари услубига ўхшашдир. Масжиднинг қадимий ўзбек масжидлари услубида қурилиши Қодировлар оиласининг Ўзбекистон билан бўлган алоқасини яна бир бор урғулайди.

Эслатиб ўтамиз, Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад Ҳожи Қодиров дастлаб Бухородаги Мир-Араб мадрасасида таълим олган. Кейинчалик Тошкентдаги Ислом институтида ўқиган. Талабалик давридан бошлаб, Марказий Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ билан яқиндан дўстона муносабатда бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотидан кейин Грозний кўчаларидан бирига у кишининг номлари берилган.

 Манба: Islom.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг