Имом Бухорий даврида яшаб ўтган, у зот вафотидан саккиз йил ўтиб вафот этган имом Абу Зуръа номли муҳаддис ўтган. Хуросоннинг Рай шаҳридан бўлгани учун Розий деб аталади.
У зотнинг муҳаддислик иқтидорига имом Аҳмад ва имом Бухорий каби ҳамасрлари тан берган эдилар.
У кишининг вафоти ажиб бир тариқада якун топган эдики, муҳтарам дўстларни шу воқеа билан таништиришни истадим.
Имом Муҳаммад ибн Муслим ибн Вора ҳикоя қилади:
«Мен Абу Ҳотим Розий (бу зот ва ҳикоя қилувчи ҳам замоналарининг йирик муҳаддисларидан эди) билан бирга Абу Зуръа ҳузурига кирдим. У киши ўлим арафасида ётар эди. У зотнинг ҳайбати босиб, «ла илаҳа иллаллоҳ» ни талқин қилишга истиҳола қилдик (талқин қилиш – ўлим тўшагида ётганга «ла илаҳа иллаллоҳ денг, дейиш). Кўз уриштиришиб, «Кимнинг охирги гапи «Ла илаҳа иллаллоҳ бўлса, жаннатга киради» ҳадисини санади билан айтишга келишдик-да, мен ҳадис санадини айта бошладим:
Абу Осим менга айтиб берди, у кишига Абдулҳамид ибн Жаъфар айтиб берган…
деб қолганини унутгандек тўхтадим.
Абу Ҳотим ҳам ўзининг санадини айта бошлади:
Менга Бундор ибн Башшор айтиб берди, у айтди: менга Абу Осим айтиб берди, у айтди: менга Абдулҳамид ибн Жаъфар айтиб берди..
Абу Ҳотим ҳам қолганини унутгандек тўхтади…
Шунда қулоқ солиб ётган Абу Зуръа бошлаб кетди:
Менга ҳам Бундор ибн Башшор айтиб берди, у айтди: менга Абу Осим айтиб берди, у айтди: менга Абдулҳамид ибн Жаъфар айтиб берди: у Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Муррадан, у эса Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
«Кимнинг охирги гапи «Ла илаҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради»…
Ҳадис ривояти охирига етиши билан Абу Зуръа ҳам жон таслим қилди…»
“Латоиф” китоби