Гуноҳи кабиралар (МУСУЛМОНЛАРГА ОЗОР БEРИШ ВА ҲАҚОРАТ ҚИЛИШ)

0
355

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
          Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту 
дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар» (Аҳзоб сураси, 58).

Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасаларда озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
«Эй иймон келтирганлар, (сизлардан бўлган) бир қавм, бошқа бир (мўмин) қавмдан масхара қилиб кулмасин, эҳтимол (ўша масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан бўлган) аёллар ҳам (бошқа мўмина) аёллар устидан масхара қилиб (кулмасинлар) – эҳтимолки, (ўша масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (яъни, бирбирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизга лақаблар қўйиб олманглар. Иймондан кейин фосиқлик билан номланиш (яъни, мўмин кишининг юқорида ман қилинган фосиқона ишлар билан ном чиқариши) нақадар ёмондир. Ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золим кимсалардир» (Ҳужурот сураси, 11)

Яъни, кимки масхаралаб кулиш, мазах қилиш ва лақаб қўйишдан тавба қилмас экан, ана ўша кимсалар ўзларини азобга гирифтор қилганлари сабабли ҳақиқий золимлардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қиёмат кунида Аллоҳ наздида энг ёмон даражали кимса беодоблиги – уятсизлигидан сақланиш мақсадида одамлар тарк қилган ёки
одамлар ўз ҳолига ташлаб қўйган кишидир» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди». Сўнг: «Тақво мана бу ердадир», дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: «Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир», дедилар (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Мусулмонни сўкиш фосиқлик, ўлдириш эса куфрдир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Фалончи аёл кечалари намоз ўқиб, кундузлари рўза тутади. Бироқ тили ёмон, қўшниларига беҳаёлик билан озор беради», дейишган эди, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унда яхшилик йўқ, у дўзахда», дедилар (Ҳоким ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Бошқа бир саҳиҳ ҳадисда: «Маййитларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар, ёмонликларидан тилингизни тийинглар», дейилган (Ҳоким ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Кимда-ким бир кишини «кофир» ёки «Аллоҳнинг душмани» деса ва у бундай бўлмаса, айтгани ўзига қайтиб тушади» (Муттафақун алайҳ).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Мени юқорига олиб чиқишгач, бир қавм ёнидан ўтдим. Уларнинг тирноқлари мисдан бўлиб, ўз юзлари ва кўкракларини тимдалар эдилар. «Эй Жаброил, улар ким?» деб сўраган эдим, «Улар одамларнинг гўштларини ейдиган ва номусларига тажовуз қиладиган кимсалардир», дея жавоб берди» (Абу Довуд ривояти).

Фасл
Мўминларнинг орасига нифоқ солишдан, шунингдек, ҳайвонларни уриштиришдан огоҳлантириш хусусида
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Шайтон араб ярим оролида ўзига намозхонлар ибодат қилишидан умидини узди. Бироқ улар орасига нифоқ солишидан умидини
узгани йўқ» (Муслим ривояти).

Икки одам орасига низо соладиган ва улар ўртасида бир-бирига озор берадиган гапларни ташийдиган ҳар кимса шайтон гуруҳидан бўлган чақимчидир, энг ярамас одамдир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Сизларга энг ёмон, энг ярамасларингиз кимлар эканини хабар қилайинми?! Улар чақимчилик қилиб юрувчилар, ёр дўстлар орасини бузувчилардир» (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Чақимчилар жаннатга кирмайди» (Муттафақун алайҳ).
Чақимчи – одамлар орасида, «фалончи сен ҳақингда ундоқ деди, «фалончи бундоқ қилди» каби гапларни ташувчи кимсадир. Бирон ёмонликдан огоҳлантириш учун ёки бошқа бир фойдани кўзлаб хабар келтириш бундан мустасно.
Жониворларни бир-бирига гиж-гижлаб уруштириш ҳам ҳаромдир. Хўроз, қўчқор, ит ва бошқа барча жониворларни уриштиришдан
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Ким
бу ишни қилса, Аллоҳ ва расулига осий бўлади. Шунингдек, хотинни эрига, қулни хўжайинга қарши қайра ҳам ҳаром.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Хотинни эрига ва қулни хўжайинига қарши алдаб йўлдан урган кимса биздан эмас» (Абу Довуд, Насоий, Ибн Ҳиббон ривояти).

Фасл
Одамлар орасини ислоҳ этишга тарғиб қилиш хусусида
«Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан – агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар – ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Аллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот беражакмиз» (Нисо сураси, 114).

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Одам фарзандининг ҳар бир каломи ўзига зиёндир. Магар яхшиликка буюриш ё ёмонликдан қайтариш ёки Аллоҳни зикр қилиш бундан мустасно» (Термизий, Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилинишича, бир киши Суфён Саврийга юқоридаги ҳадис ҳақида: «Бу ҳадис жуда шиддатли эканми?!» деганида, у зот: «Аллоҳ таолонинг: «Уларнинг кўп махфий суҳбатларида ҳеч қандай яхшилик йўқ. Магар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар орасини ислоҳ қилишга…» деган каломини эшитмаганмисан? Бу оятга ўша ҳадис монанддир», дея жавоб берганлар.

Ҳадиси шарифда айтиладики: «Яхшиликни ошириб ёки яхши гапириб одамлар орасини ислоҳ қиладиган киши ёлғончи эмас» (Бухорий ривояти).
Умму Гулсум айтганлар: «Уч ўриндан ташқари одамлар гапирадиган бирон нарсада (ёлғонга) рухсат берилганини эшитмадим». Уч ўрин – уруш, одамлар орасини ислоҳ қилиш ва эрнинг хотинига ёки хотиннинг эрига оилани сақлаб қолиш учун гапиришида рухсат берилган.
Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Амр ибн Авф қабиласи орасига совуқчилик тушгани хабари келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ҳамроҳлигида улар орасини ислоҳ қилиш учун йўлга тушдилар» (Бухорий ривояти).

Ривоят қилишларича, намозга бориш, низолашганлар орасини ислоҳ қилиш ёки мусулмонлар орасида жоиз қасам ичишдан кўра афзалроқ амал йўқ.
Яна ривоят қилишларича, кимда-ким икки киши орасини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг ишини ислоҳ қилади, гапирган ҳар бир сўзи эвазига бир қул озод қилганлик савобини беради ва у гуноҳлари
кечирилган ҳолда қайтади.

Тавфиқ Аллоҳдан. Эй Аллоҳим, бизга лутф-марҳаматинг ила муомала қил. Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Ўзинг бизни афв айла.

Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий
“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг