Бўлғуси ҳожиларнинг дастлабки гуруҳи муборак заминга йўл олди

0
372

24 июл куни эрта тонгдан ҳаж ибодатини адо этиш учун отланган юртдошларимизнинг дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди. 
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бўлғуси ҳожилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, ҳаж сарф-харажатларини янада арзонлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар юртдошларимизни чексиз қувонтирди.
Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Масалан, илгари ҳожиларимиз икки юлдузли меҳмонхоналарда туришган бўлишса, бу йили Мадина шаҳридаги 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонаси, Макка шаҳридаги 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхонаси ижарага олинди. Бу эса зиёратчиларимизнинг бор диққат-эътиборларини ибодат қилишга қаратишларига асосий омил бўлади.
Зиёратчилар шу йилнинг 24 июль — 3 август кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишлар бўйича 17 август — 1 сентябрь кунлари мамлакатимизга қайтиб келадилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистонида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Ҳаж амалини бу қадар қулай шарт-шароитларда бажариш ота-боболаримизнинг орзуси бўлиб келгани барчага маълум. Сафарга отланиш чоғидаги нуроний отахону онахонларнинг қалбларидаги ҳаяжон, кўзларидаги севинч ёшларини кўриб, тилларидаги дуоларини эшитган ҳар бир киши тўлқинланиб кетди. Уларнинг муқаддас маконларга эсон-омон бориб, ҳаж ибодатларини бекаму кўст бажариб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келишларини тилаб қоламиз.
Отахону онахонларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни ўз бағрига жойлаб ҳавога кўтарилган улкан ҳаво лайнерининг ортидан қараб, қўлларимизни дуога очиб уларнинг ҳаққига дуолар қилиб қолдик: Йўлларингиз очиқ ва ойдин, ибодатларингиз мақбулу манзур бўлсин! Ҳажингиз муборак, азиз юртдошлар!

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг