ҲАЙВОН УРИШТИРИШНИНГ ҲУКМИ

0
1057

Cавол:
Ҳурматли устозлар, динимизда ҳайвон уриштириш, томоша қилиш ва унга пул тикиши ҳақида нима дейилади?

Жавоб:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Динимизда турли ҳайвонларни уриштириш, бу ўйинларга пул тикиб қимор ташкил қилиш ва ҳатто томоша қилиш – таъқиқланган, ҳаром ишдир. Бу ҳақда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

(نَهَى رَسًولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ التَّحْرِيشِ بَيْنَ الْبَهَائِمِ  (رَوَاهُ الْاِمَامُ التَّرْمِذِيُّ

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни уриштиришдан қайтардилар” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шарифнинг шарҳида муҳаққиқ олим Мулло Алийюл Қори шундай дейдилар:

أَيْ عَنِ الْإِغْرَاءِ بَيْنَهَا بِأَنْ يَنْطَحَ بَعْضُهَا بَعْضًا أَوْ يَعَضَّ أَوْ يَدُوسَ أَوْ يَقْتُلَ فِي النِّهَايَةِ هُوَ الْإِغْرَاءُ وَتَهْيِيجُ بَعْضِهَا عَلَى بَعْضٍ كَمَا يَفْعَلُ بَيْنَ الْجِمَالِ وَالْكِبَاشِ وَالدُّيُوكِ وَغَيْرِهَا يَعْنِي كَالْفِيلِ وَالْبَقَرِ وَكَمَا بَيْنَ الْبَقَرِ وَالْأَسَدِ وَإِذَا كَانَ الْإِغْرَاءُ بَيْنَ الْبَهَائِمِ مَنْهِيًّا فَبِالْأَوْلَى أَنْ يَكُونَ بَيْنَ الْإِنْسَانِ مَنْهِيًّا وَهُوَ كَثِيرٌ فِي بَعْضِ الْبُلْدَانِ رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ


“Яъни, Пайғамбаримиз саллалллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонлар бир-бирини шохлаши, тишлаши, босиб-янчиши ёки ўлдириши учун уларни гиж-гижлаш (уриштириш)дан қайтардилар. “Ниҳоя” китобида ҳадисдаги “тахриш” – ҳайвонларни бир-бирига гиж-гижлаш, дейилади. Туя, қўчқор, хўроз, фил ва буқаларни бир-бирига гиж-гижлаб уриштирадилар. Буқа ва шерни ҳам гиж-гижлашади. Ҳайвонларни бир бири билан уриштириш мумкин эмас экан, одамларни бир-бири билан уриштириш ундан ҳам ёмонроқдир. Одам уриштириш айрим шаҳарларда кўп учрайди. Бу ҳадисни Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган” (“Мирқотул мафатиҳ”).

“Авнул Маъбуд” китобида бу ҳақида шундай дейилган:

وَوَجْهُ النَّهْيِ أَنَّهُ إِيلَامٌ لِلْحَيَوَانَاتِ، وَإِتْعَابٌ لَهُ بِدُونِ فَائِدَةٍ، بَلْ مُجَرَّدُ عَبَثٍ

“Ҳайвон уриштиришдан ман қилишнинг сабаби – ҳайвонларга ҳеч бир фойдасиз, балки ўйин учун азоб бериш ва қийнашдир”.
Ҳайвонларни уриштиришнинг ҳаромлиги ҳақида Халқаро ислом уюшмаси қошидаги Ислом фиқҳи академиясининг Макка шаҳрида 1987 йил (1408 ҳ. йил Сафар ойида) бўлиб ўтган ўнинчи давра мажлисида қатъий фатво берилди. Ҳайвон уриштиришнинг ҳаромлиги аниқ бўлгандан кейин, ўртага пул қўйиб уриштириш ёки томошабинлар пул билан гаров боғлашларининг ҳам ҳаром иш эканлиги келиб чиқади.
Динимизда ҳайвонларга ҳам сабабсиз озор, азият ва азоб бериш мумкин эмас. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам юз қисмига тамға урилган эшакни кўриб: “Бунга тамға урганни Аллоҳ лаънатласин!” – дедилар (Имом Муслим ривояти). Яна ҳайвонларни “мусла” қилиш (тирик ҳайвонларни аъзоларини кесиб яралаш)дан ҳам қайтарилганмиз. Демак, ҳайвонларга озор бериш, азоблаш ва уларга шафқат кўрсатмаслик шариатимизда оғир жиноят ҳисобланади. Ҳайвонларни қамаб қўйиб, очликдан ўлдириш – ҳаромдир. Ҳадиси шарифда бир мушукни қамаб қўйиб қийнаган аёлнинг охиратда азобланиши ҳақида хабар берилди (Имом Бухорий ривояти). Кунларнинг бирида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эти суягига ёпишиб кетган туяни кўриб қоладилар ва: “Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқинглар. Минишга яроқли қилиб мининглар, ейишга яроқли қилиб енглар”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Ҳар бир ҳайвонни нима учун яратилган бўлса, шу ишда фойдаланиш ҳам – динимизнинг кўрсатмаларидан биридир. Бир ҳадиси шарифда: “Уловларингиз устини минбар қилиб олишдан сақланинглар…”, – дейилган (Имом Абу Довуд ривояти). Бунинг маъноси, кимнидир кутаётганда, савдо-сотиқ қилаётганда ёки бошқа ишларни қилаётганда, зарурат бўлмаса, уловни устига миниб турманг, деганидир. Ҳадиси шарифларда тирик жонзот (товуқ, қўй, эчки кабилар)ни ўқ отишга нишон қилиб олишдан қайтарилади (Имом Бухорий ривояти).

Динимиздаги ҳайвонларга боғлиқ яна бир асл қоида – уларга раҳм-шафқат кўрсатишдир! Чанқаган итга шафқат кўрсатиб, қудуқдан сув олиб чиқиб берган кишининг гуноҳларини Аллоҳ таоло кечиргани ривоят қилинган (Имом Бухорий ривояти). Саҳобийлар сафарда чумчуққа ўхшаган қушнинг палопонларини олиб қўйишганда, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам палопонларни ўз жойига қайтариб қўйишни буюрдилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳайвонларга раҳм-шафқатнинг бундан ҳам олий даражаси – ҳатто гўшти учун сўйилаётган ҳайвонни ҳам қийнамасликдир. Ҳадиси шарифларда сўйилаётган ҳайвонни қўпол равишда судрамаслик, пичоқни ҳайвонни олдида қайрамаслик, пичоқни ўткир қилиш ва бошқа ҳайвонлар олдида сўймаслик буюрилади. Қўйни йиқитиб қўйиб, пичоғини қайраётган бир кишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни бир неча марта ўлдирмоқчимисан?!” – деб танбеҳ бердилар (Имом Ҳоким ривояти). Фатво китобларда агар зарар етказмаса, ҳашаротларни ҳам беҳуда ўлдириш мумкин эмаслиги зикр қилинган.
Ҳайвонларга мана шундай меҳр шафқат билан муомала қилишга буюрган шариатимиз, уларни уриштириб қийнаш ва азоблаш, томошабин бўлиш ва бу ишга пул тикиб қимор ўйнашдан қаттиқ қайтарган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво ҳайъати.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг