Гуноҳи кабиралар (ЕТИМНИНГ МОЛИНИ ЕЙИШ ВА УНГА ЗУЛМ ҚИЛИШ)

0
88

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
          Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту 
дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шакшубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга киражаклар!» (Нисо сураси, 10).

Етимларнинг молларини ноҳақ ейдиган кимсалар аслида олов еган бўлиб, қиёмат куни қоринларида алангаланиб туради.
Суддий раҳматуллоҳи алайҳ айтганлар: «Етим молини зулм йўли билан ейдиган кимса қиёмат кунида қайта тирилганида, олов алангаси унинг оғзи, бурни, қулоқ ва кўзларидан чиқиб туради. Уни кўрган ҳар бир одам у етим молини еганини дарҳол билиб олади».

Аллоҳ таоло етим моли ҳақида:
«У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни ўз қарамоғига олган) киши агар бой бўлса, (этимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин» (Нисо сураси, 6).

Уламолар: «Яхшиликдан ортиқчасини ейиш ҳаром бўлади», дейишган.
Ибн Жавзий ўз тафсирларида яхшилик билан ейиш ҳақидаги тўрт хил қарашни келтирганлар:
1. Қарз ҳисобида олиш.
2. Исроф қилмасдан эҳтиёжига яраша олиб ейиш.
3. Етим учун қилган хизматига яраша олиш.
4. Зарур бўлиб қолганда олиб, имкони бўлганда қайтариш, агар имкони бўлмаса қайтармай қўяверади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз» дедиларда, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ўзига қариндош ёки бегона бўлган етимни қарамоғига олувчи киши, мен билан у жаннатда мана бундай». Сўнг ровий – Молик ибн Анас кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар (Муслим ривояти).

Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийдириш ва агар молмулки бўлса, уни кўпайтиришдир. Бордию, мол-мулки бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг розилигини истаб инфоқ-эҳсон қилинади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда ким мусулмонлар орасидаги етимни ўз таоми ва ичимлигига (яъни, ўз қарамоғига) олса, мабодо кечирилмайдиган гуноҳ (яъни, ширк) қилмас экан, Аллоҳ уни жаннатга, албатта, киритади» (Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен жаннат эшигини биринчи бўлиб очувчи шахсман. Фақат бир аёл мендан илдамроқ эканини кўраман. Ундан: «Сен кимсан?» деб сўрайман. У: «Мен етимларимга қараб ўтирган аёлман», дейди» (Абу Яъло ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қалби қаттиқлигидан шикоят қилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етим бошини сила ва мискинга таом бер», дедилар» (Аҳмад ривояти, саҳиҳ ҳадис).

Ҳикоят
Салафлардан бири ҳикоя қилади: «Мен илгари гуноҳ ишларга, ичкиликка берилган эдим. Бир куни муҳтож етим болани учратиб қолдим. Уни уйимга олиб келиб, қорнини тўйдирдим, ҳаммомда чўмилтириб, сочларини олиб, кийим кийдирдим. Қисқаси ота ўз фарзандига марҳамат кўрсатганидай, балки ундан ҳам зиёдароқ марҳамат кўрсатдим. Шундан сўнг кечаси ухладим. Туш кўрдим. Гўёки қиёмат қоим бўлибди. Мен ҳисоб-китобга чақирилдим ва қилган гуноҳларим туфайли дўзахга ҳукм қилиндим. Забониялар (азоб фаришталари) мени дўзахга судраб кета бошладилар. Уларнинг қўлларида мен заиф, ҳақир эдим. Шу пайт йўлда ҳалиги етим рўбарў келди ва: «Эй Раббимнинг фаришталари, уни қўйиб юборинглар. Мен Раббимдан унга шафоат тилайман. Зеро, у менга яхшилик қилди
ва марҳамат кўрсатди», деди. Фаришталар: «Бу бизга буюрилмаган», дейишди. Шу пайт Аллоҳ таоло тарафидан: «Уни қўйиб юборинглар. Етимга яхшилик қилгани ва етим шафоати сабабли унга сўраган нарсаларини бердим», деган нидо келди. Кейин уйғониб кетдимда,
Аллоҳ азза ва жаллага тавба қилдим ва бутун куч-ғайратимни етимларга марҳамат кўрсатишга сарфладим».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтганларки: «Уйларнинг яхшиси унда етим бўлиб, унга яхшилик қилинадиган уйдир. Уйларнинг ёмони унда етим бўлиб, унга ёмонлик қилинадиган уйдир. Аллоҳ таолога бандаларининг энг суюклиси етим ёки бевага яхшилик қилган кишидир».

Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга: «Эй Довуд, етимга меҳрибон отадек, бевага шафқатли эрдек бўл. Билгинки, нима эксанг шуни ўрасан», деб ваҳий қилган. Яъни, бошқага қандай муносабатда бўлсанг, сенга ҳам шундай муносабатда бўлишади. Бир кун келиб сен ҳам вафот этасан ва етим фарзандинг ёки бева аёлинг
қолади.
Довуд (а.с.) ўз муножотларида: «Эй Илоҳим, розилигингни истаб етим ва бевани қўллабқувватлаган кишининг мукофоти нима?» деб сўраган эдилар, «Мукофоти – соямдан ўзга соя йўқ кунда соямга олишимдир», дея жавоб берди.
Маъноси, қиёмат кунида аршим соясида бўлади, деганидир.

Ҳикоят
Алавийлардан бири Балхда истиқомат қилар эди. Унинг хотини ҳам алавий бўлиб, қизлари билан роҳат-фароғатда яшар эди. Кунлардан бир куни у вафот этди ва хотинию қизлари қийинчилик, фақирликка мубтало бўлишди. Душманларнинг ичиқоралигидан қўрқиб, аёл қизларини олиб, бошқа шаҳарга равона бўлди. Унинг сафари қаттиқ совуққа тўғри келди. Шаҳарга киргач, қизларини эски, кишилардан холи масжидлардан бирига жойлаштириб, уларга егулик истаб йўлга тушди ва иккита жамоат олдидан ўтди. Бири мусулмон киши жамоати бўлиб, у шаҳар оқсоқоли эди. Иккинчиси мажусий киши бўлиб, у шаҳар нозири эди.
Аёл дастлаб мусулмон кишига ўз ҳолини баён қилиб: «Мен алавий аёлман. Етим қизларим бор. Уларни эски масжидлардан бирига жойлаштириб, шу кечага егулик истаб келувдим», деди.
У киши: «Олийжаноб алавий эканингга ҳужжат келтир», деди.
Аёл: «Мен ғариб аёлман, бу шаҳарда ҳеч ким мени танимайди», деган эди, ҳалиги киши ундан юз ўгирди. Унинг ҳузуридан аёл қалби ўксиб узоқлашди ва мажусий киши ҳузурига бориб ҳолини баён қилди. Етим қизлари борлигини, ўзи олийнасаб, ғариб аёллигини ва мусулмон киши билан ўрталарида кечган суҳбатни сўзлаб берди. Мажусий бориб, аёл билан қизларини ҳовлисига олиб келишга хотинини жўнатди. Келишгач, уларга мазали таомлар ва яхши яхши
либослар тортиқ қилди. Аёл ва қизлари мажусий хонадонида мўл-кўлчилик ва эҳтиром ичра тунаб қолдилар.

Тун ярим бўлгач, ҳалиги мусулмон киши тушида қиёмат қоим бўлганини кўрди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тепаларига алвон қадалган эди. Шунда яшил зумраддан бино қилинган, айвонлари лаъл ва ёқутдан ишланган, лаъл ва маржон қуббали қасрга кўзи тушди. «Ё Расулуллоҳ, бу қаср кимга?» деб сўраган эди, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишига», дея жавоб бердилар. «Ё Расулуллоҳ, мен Аллоҳни бир деб билувчи мусулмон кишиман», деган эди,
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавобан: «Алавий аёл сенга мурожаат қилганда, унга:
«Алавий эканингга ҳужжат келтир», деган эдинг. Худди шундай, сен ҳам менга мусулмон бўлганинг ҳақида ҳужжат келтир», дедилар.

Киши бева аёлни ноумид қайтарганидан маҳзун бўлиб уйғонди ва шаҳарни айланиб, уни суриштира бошлади. Аёл мажусийникида экани маълум бўлгач, мажусийни чақиртириб келдида, унга: «Сендан
олийнасаб алавий аёл ва қизларини меникига жўнатишингни хоҳлайман», деди. У: «Бунинг сира иложи йўқ, чунки уларнинг баракотидан мен кўп нарсаларга эришдим», деди. «Уларни менга топшир, эвазига минг динор бераман», деган эди, «Топширмайман», деди.
«Уларни менга бермасанг бўлмайди», деган эди, у: «Сен хоҳлаётган нарсага мен ҳақдорроқман. Тушингда кўрган қаср мен учун яратилган.

Мени Исломга даъват қиласанми? Аллоҳга қасамки, мен ва хонадон аҳлим – барчамиз кеча кечқурун алавий аёл қўлида мусулмон бўлдик. Ухлаб, сен тушингда кўрган нарсани мен ҳам кўрдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Алавий аёл ва қизлари сеникидами?» деб сўраган эдилар, «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедим. «Қаср сенга ва хонадонинг аҳлига. Сен ва хонадонинг аҳли жаннат аҳлидандирсиз. Аллоҳ сени ўзи азалда мўмин қилиб яратган эди», дедилар», деди. Мусулмон киши уйига қайтди. У қанчалар афсус-надомат чеккани ва қайғуга ботгани Аллоҳга аён.

Биродар, тул ва етимларга қилинган яхшиликнинг шарофати ва баракотини кўриб қўйинг.
Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бежизга: «Бева ва етимга яхшилик қилиш йўлида ҳаракат қилувчи Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи кабидир», демаганлар (Муттафақун алайҳ).

Мазкур ҳадис ровийи шундай дейди: «Толмайдиган қоим (намоз ўқувчи) ва ифтор қилмайдиган соим (рўзадор) кабидир» ҳам дедилар, деб ҳисоблайман».
Бева ва етим йўлида ҳаракат қилувчи Аллоҳ таоло розилигини истаб, уларнинг оғирини енгил қиладиган, ташвишларини ҳал этадиган, улар фойдасини кўзлаб, яхшилик қиладиган кишидир.
Аллоҳ лутф ва марҳамати ила бизни шундай хайрли ишларга муваффақ айласин. Албатта, У саховатли, раҳмли, меҳрибон ва мағфиратли зотдир.

Имом Ҳофиз Шамсиддин Заҳабий
“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг