Дунёдаги энг зиқна аёл

0
688

Бундан 100 йил муқаддам дунёнинг энг зиқна аёли вафот этган эди. Унинг номи Генриетта Хоулэнд Гетти Грин ёки "Уолл-стрит ялмоғизи" эди. У кўз юмаётганида дунёнинг энг бой аёли ҳисобланган. Аёл хасислигининг чегараси йўқ эди. Геттининг номи Гиннес рекордлар китобига "Дунёнинг энг хасис одами" бўлиб кирган.  У кит овловчилар оиласида 1834 йил 21 ноябр куни Нью-Бедфорд (Массачусетс штати) шаҳрида дунёга келган. Болалигида бобоси — Гидеон Хоулэнднинг қўлида катта бўлган эди. Гетти 6 ёшидан биржага оид газеталарни ўқий бошлаган эди. Математикага иштиёқи баланд бўлганлиги учун 13 ёшидаёқ оиласининг ҳисоб-китоб ишларини юрита бошлаган.   Гетти ёқимли қиз бўлиб вояга етди. Бунинг устига яна бой меросхўр ҳам эди. Атрофида ошиқлари етарли бўлган. Геттининг етимларга ўхшаб кийиниши уларни озмунча довдиратиб қўяр эди. Ёш миллионер қиз бундай юрганлиги учун одамлар уни ҳаддан зиёд тежамкор дейишарди. Ҳаттоки айрим қилиқларидан кулишар ҳам эди, аммо Гетти бунга эътибор бермасди. Яна ишлатилган салфеткаларни ювиб, дазмоллаб бир неча маротаба ишлатиши; меҳмонлар кетгунга шамларни ўчириб, эртасига ана шу шамларни сотадиган ажойиб қилиқлари бор эди. 31 ёшида Геттининг отаси ўлимидан сўнг 7,5 млн доллар унга мерос бўлиб қолади. Дарҳол меросга қимматбаҳо облигациялар сотиб олади. Бир йилдан сўнг ўзидан 12 ёш катта бўлган миллионер Эдвард Гринга турмушга чиқади. Иккита фарзандли бўлади — бир ўғил ва бир қиз, Нэд ва Силвия.   Геттининг жуда катта бойлиги бўлса ҳам биргина орзуси бойлигини янада кўпайтириш бўлган. Орзуси туфайли дунёдаги бошқа нарсалар билан қизиқтирмай қўйган эди. У яхшигина ақл эгаси эди, биржада бўладиган ҳолатни олдиндан сеза билар эди. Масалан, АҚШ ҳукумати Фуқаролар урушидан сўнг чиқарган банкнотларини инвесторлар харид қилишдан қўрқиб турганда Гетти дарҳол уларни сотиб олади ва бир йилнинг ўзида 1,25 млн доллар ишлаб олади. Олган фойдасини темир йўл облигацияларини сотиб олишга сарфлайди. Эр-хотиннинг бизнеслари алоҳида эди. Турмуш ўртоғининг бизнеси орқага кета бошлаб, Генри ўзини 1885 йилда банкрот деб эълон қилади. Генриетта эрига ёрдам бериш ўрнига уйдан хайдаб юборади. Геттининг бойлиги кўпайгандан кўпайиб боради. Унинг бизнесдаги асосий қизиқиши темир йўллар ва шаҳардаги кўчмас мулклар ҳисобланган. Ўндан зиёд штатларда саккиз мингдан кўпроқ ер участкаларидаги уйларнинг эгаси эканлиги вафотидан сўнггина маълум бўлган. Судхўрлик – унинг асосий касби ҳисобланган. Гетти ўта бой бўлса ҳам ҳеч қачон уйини иситишда иситиш қурилмасидан ва иссиқ сувдан фойдаланмаган. У йиллар давомида биргина қора қўйлакни кийиб юрган. Ички кийимларини фақатгина устида чириб кетгандагина алмаштирган. Арзон ресторанларда овқатланган, у ҳам бўлса камдан-кам ҳоллардагина. Асосан, бозорда сотиладиган 15 центли пирожка билан кун кўрган. Сулини (овсянка) хуш кўрган. Уни тановул қилиш учун қўшни офис радиаторидан иситиш учун фойдаланган. Жой ижара ҳаққини тўламаслик учун, банкнинг қоғоз ва чамадонлар билан тўла вестибюли Геттининг иш жойи бўлган. Муҳташам кўчмас мулкларнинг эгаси бўлса ҳам ўзининг муқим яшаш жойи бўлмаган. Солиқ хизматини эътиборини тортмаслик учун доимо яшаш жойини ўзгартириб турган, асосан арзон мотелларда яшаб юрган. Уст бошини ётоқхона номерларида ёғоч идишда ювиб, мотел ҳовлисида ёки майсазорида қуритган. Ҳар бир цент устида охиригача савдолашганлиги учун сотувчилар Геттини ёқтиришмаган. Эрталаб сотиб олган газетасини ўқиб бўлганидан сўнг, сотиб юбориш учун ўғлининг қўлига тутқазиб қўярди. Дорининг идишига қўшимча ҳақ тўламаслик учун дорихонага ўзининг идиши билан борган. Агар бирор жойга хат жўнатмоқчи бўлса, арзон марка ахтариб соатлаб почта бўлимларини айланиб чиққан. Геттининг ўғли Нэд бахтсиз ҳодиса туфайли оёғини йўқотишини олдида юқоридагиларни "ҳолва" дейиш мумкин. Ўғли 11 ёшида чанада учиб, йиқилганида оёғи қаттиқ лат ейди. Гетти кам таъминланганлар касалхонасида текинга ўғлини даволатмоқчи бўлади, лекин аёлни таниб қолиб, рад жавобини беришади. Шундай сўнг Нэдни ўзи уйда даволай бошлайди, лекин самара бермайди, ўғли бир неча йил оғриқлардан қийналиб юради. Охири оёқнинг тиззадан тепасини кесиб ташлашади. Қўлтиқ таёқда ҳаракатланиб, кунига бир неча доллар эвазига онасининг қўлида хизмат қилади. Нэд яқин 20 йил ичида онасига уйланмаслик ҳақида онт ичишга мажбурланади. Қизи Силвия ювош ва одамови қиз бўлиб онаси билан Нью-Йоркда яшайди. Унинг оёғида нуқсони бўлиб, онасига тиббий ёрдам кўрсатилиши кераклигини айтишдан ҳам қўрқиб келган. Шундай бўлса ҳам ўзидан 30 ёш катта, камбағаллашиб қолган аристократ Мэттю Уилксга турмушга чиқади. Тўйдан олдин Гетти Силвиянинг мол мулкига ҳақдор бўлмаслиги учун керакли ҳужжатларни расмийлаштириб олади. Ҳаётига ҳеч ким хавф солмаса ҳам қариб қолган Гетти ўлдириб кетишларидан қўрқиб яшаган. Меҳмонга ўзининг овқати билан борган. Револвер сотиб олиб, доимо ёнида олиб юрган. Гетти 81 ёшида ёғсиз сутнинг фойдалилиги ҳақида уй хизматчиси билан баҳслашаётиб, юрак хуружидан вафот этади. Унинг ўлимидан сўнг ўғли ва қизи катта мерос эгасига айланишади (ҳозирги кунга ҳисоблаганда 4 млрд доллар). Силвия муҳтожларга хайр-эҳсон қилиб турди. Нэд Грин Массачусетс технологик институтига "Round Hill" кўчмас мулкини илмий – тадқиқот маркази сифатида тақдим этганлиги билан танилган. Бундан ташқари институтга моддий ёрдам бериб турган. WMAF радиостанциясини ташкил этган. Бобосидан қолган кит овловчи кемани қайта тиклаб, кит овлаш соҳасининг музейини яратган. Ашаддий филателист (ХХ аср бошлари почта маркаларининг йирик коллекциясини тўплаган) ва нумизмат (1913 йилда атиги 5 дона чиқарилган Liberty Head Nickels тангаларининг бирининг эгаси бўлган).Мақола интернет материаллари асосида тайёрланди/sof.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг