Улуғ айём хушхабари

0
704

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, ўн бир ойнинг султони бўлган Рамазон ойи жаннатмакон мамлакатимизда ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтмоқда. Мустақил Ватанимиз учун бу йилги рамазон ҳар қачонгидан файз-футуҳли, шукуҳли, баракотли бўлмоқда.Юртимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб, халқимизнинг кўп асрлик диний ва миллий қадриятларни эъзозлаб кўтаринки шукуҳ ҳар йил ўзгача тароват билан ўтказиб келмоқдалар. Юртимиз мусулмонлари диний байрам кунларни алоҳида эътибор билан ўтказиб келмоқда. Жумладан, Рамазон ҳайити ҳам ўзгача аҳамиятга эга бўлган улуғ кундир.Бизнинг Ўзбекистонимизга Аллоҳнинг раҳмати, назари тушган. Юртимизда инсон учун энг катта неъмат ҳисобланмиш тинчлик, хотиржамлик, аҳиллик ва миллатлараро тотувлик қарор топган. Жумладан, Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан ҳар йили Рамазон ва ҳайит кунлари алоҳида эътибор билан нишонланиши эзгу анъанага айланган. Бу йил ҳам Рамазон ойи арафасида 2016 йил 1-июндаги "Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида"ги Қарор эълон қилинган бўлса, мана куни кеча 2016 йил 1-июль санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги Қарорлари эълон қилинди.Ўзбекистонимизда давлат раҳбарининг муқаддас динимизга, мусулмонларга шунчалик ҳурмат-иззат кўрсатаётгани катта неъмат. Буни нафақат уламо ва имом-хатибларимиз, балки халқимиз ҳам теран англаяпти.Қарорда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июль чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини эътиборга олиб, 2016 йил 6 июль дам олиш куни деб белгиланиши ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланиши белгилаб қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, дунё уламолари якдиллик билан шундай хулосага келишганки: ҳар бир мусулмон киши ўзи яшаб турган ҳудуддаги муфтийлари чиқарган фатвога, имомлари етказган хабарларга эргашишлари, улар йўллаган йўлдан юришлари ва албатта, кўнгиллари хотиржам бўлиши лозим бўлади. Зеро, шундай йўл тутиш Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этиш демакдир.Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”. (Нисо сураси: 59-оят)Демак, бир юртнинг диний раҳбари рамазон ойининг бошланишида“Эртага рўза тутамиз, ИншаАллоҳ”, деб айтса ёки Рамазон ойи якунланишида: “Бу кеча рамозоннинг сўнги куни, эртага ҳайит байрамини нишонлаймиз, ИншаАллоҳ” деб эълон қилса, шу юртнинг барча мусулмонларига буйруққа амал қилиши лозим бўлади.Ана энди бирор бир мусумон шахс мазкур фатвонинг зиддига амал қилиши ёки маҳалла-кўйда ёки қавму қариндошлари олдида фитна ўчоғини ёқиб фалон-фалон мамлакатларни бир-бирига қиёслаши мутлақо тўғри эмас. Шунингдек, юқорида таъкидлаганимиздек Рамазон ойи кириб келишида: “Фалон-фалон давлатда бугун рўза тутибдилар, биз нима қиламиз ёки биз рўза тутиб қўйибмиз-ку, бошқа давлатдагилар ҳали тутмаган эмишлар, энди нима бўлади?” ёки Рамазон ойи якунида:“Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса ҳали рўзадормиз ёки бугун бизда ҳайит, ваҳоланки фалон давлат аҳолиси рўзаларини очмабдилар”, дея мусулмонларнинг қалбларида ўзларининг диний раҳбарларига нисбатан ёмон кўриш, нафратланиш ҳис-туйғусини уйғотадиган турли хил фитна гапларни тарқатиши гуноҳ саналади. Чунки, бу нарсалар фақат ва фақат мусулмонлар орасида парокандаликни олиб келади.Муҳтарам Президентимизнинг қароридаги алоҳида бандларда Ҳайит байрамининг асл ғояси, унинг маънавий ҳаётимиз миллий қадриятларимиз ривожидаги ўрни ва аҳамияти ўз аксини топган. Бу айёмда бажарилиши керак бўлган ишлар белгилаб қўйилган. Жумладан, Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш учун тегишли тадбирларни амалга ошириши, Оммавий ахборот воситалари Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиб бориши белгилаб берилган.Ҳайит – Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига зиёфат кунидир, уларнинг қилган солиҳ амаллари, Аллоҳ учун тутган рўзалари эвазига улкан мукофотлар ва жаннат неъматларини ваъда қилган кунидир. Энди эса Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, ҳайит байрамини ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак бўлади. Ҳайитдан мақсад, кўнгилларга хушнудлик, нафсларга севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлашдир. Ҳақ таолога беадад шукроналар бўлсинки, юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчлик неъматининг қадрига етмоғимиз, уни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: яъни: “Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”.Бизлар ҳам берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароит ва ғамхўрликларни Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим.Шунинг учун ҳам Яратганга шукроналар айтиб, буюк фарз амали Рамазон ойи рўзасидан сўнг, Аллоҳнинг тавфиқи билан диёримизга кириб келаётган муборак Рамазон ҳайити бугун барчамиз учун шодлик ва ҳуррамлик айёмига айлансин, деймиз! Бу кун шоду ҳуррамлик айёми қутлуғ байрам экан, унинг шукрини адо этиш, ушбу муборак кунда ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавму қариндошларимиз, улуғларимиз зиёратига бориб, уларнинг дуоларини олиш, бетоб, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишилар кишиларга қўлдан келганича хайр-саҳоват кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унитиб, силаи раҳмни ва инсоний муносабатларни тиклаб олиш ва шу тариқа Аллоҳ таолонинг раҳмат ва мағфиратига сазовор бўлиш ҳар бир мусулмоннинг байрам кунларидаги энг савобли амаллари саналади.Аллоҳ таоло яқинлашаётган Рамазон ҳайитини барчаларимизга муборак қилсин! Бу улуғ айёмлар шарофатидан мустақил ватанимиз равнақи, халқимизнинг аҳил-иноқлиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкам бўлишини ва икки дунё саодатини насиб айласин!Барчамизни қайта – қайта рамазонларга ва ҳайит байрамларига эриштирсин!Анвар қори ТУРСУНОВТошкен шаҳар бош имом-хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг