Қадр кечасининг фазилати

0
879

Аллоҳ таоло Рамазон ойини ойларнинг энг улуғ ва шарафлиси қилиб қўйган. Рамазон ойларнинг саййиди, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат сайлидир. У кўплаб фазилатларни ўз ичига олган. Жумладан, Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури бўлмиш Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Ушбу ойда Ислом тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлган. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.Қуръони карим мазкур ойда Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига нозил қилинган. Бу ойда Жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари ёпиб қўйилади, Аллоҳнинг раҳматлари кўплаб нозил бўлади. Бу ойда шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари занжирбанд қилинади.Ушбу ойда бир фазилатли кеча борки, У кечанинг фазли ва барокати бемислдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилган. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинади:«Албатта Биз уни (Қуръонни Лавҳул-маҳфуздан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни билан барча ишларни олиб (осмондан Ерга)тушарлар» (Қадр сураси, 1-5-оятлар)."Қадр" улуғлаш, таъзим қилиш маъносини англатади. Яъни бу кеча ўзига хос фазилатларни ўз ичига олгани учун қадри баланд, улуғ кечадир. Шунингдек, бу тунни ибодат ва зикр билан иҳё қилган кимса қадрли, улуғ инсон бўлишига ишорадир. "Қадр" сўзининг яна бир маъноси "торайтириш" дегани. Бундай номланишига сабаб, мазкур кеча ҳақидаги маълумотнинг яширилиши ва таъйин қилинмаслигидир. Халил ибн Аҳмад айтади: "Бу кечанинг қадр (торайтириш) кечаси деб номланишига сабаб шуки, у кечада малоикаларнинг Ерга азбаройи кўп нозил бўлганидан Ерда жой камайиб, торайиб қолишлигидир". Яна айтадиларки, "қадр" "қадар" маъносида. Зеро, бу кечада йил давомида содир бўладиган ишлар белгиланади, тақдирлар битилади, туғиладиганлару, ўладиганлар, нажот топадиганлару ҳалокатга юз тутадиганлар, бахтиёр инсонлару бахтсиз кимсалар, ҳосилдорлигу қурғоқчиликлар, офияту балолар ҳамма-ҳаммаси ёзиб, белгиланади.Бандаларнинг тақдирларини ёзиш деганда мазкур нарсаларнинг лавҳи маҳфуздан бошқа бир нарсага кўчириб ёзилиши ёхуд фаришталарга билдирилиши ирода қилинади. Лайлатул-қадрни Рамазон ойининг қайси кунларида кутиш ҳақида жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир қатор ҳадисларни Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида ривоят қилганлар. Абдуллоҳ Ибн Умар (разияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бир қанча саҳобалари Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг тушларингиз Лайлатул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Кимки Лайлатул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!” – дедилар”. Оиша (разияллоҳу анҳо) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)“Лайлатул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар”, – дедилар.Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Кимки Қадр кечасини унга иймони борлиги учун ҳамда савоб умидида бедор ўтказса, унинг аввалги қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Бухорий ва Термизий ривоятлари).Оиша онамиз (разияллоҳу анҳо) Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан Қадр тунида нима дуо ўқиш ҳақида сўраганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги дуони ўқишни буюрганлар: “Аллоҳумма иннака Афуввун, Кариймун, туҳиббул-ъафва фаъфу ъанний” чъни, “Эй Аллоҳ, Сен афу қилувчи (кечиримли), Карамли, олийжаноб зотсан, менинг гуноҳимни кечир!”. Демак, Қадр кечаси бўлишини умид қилган ҳолда ибодатлар билан бедор ўтказиладиган кечаларда мазкур дуони кўп-кўп ўқиш суннатга мувофиқ ҳамда манфаатли бўлар экан.Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда Рамазон ойини барча кечалари ва ва кундузлар раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонликка юз ўгириладиган ой ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, уни ҳар бир кун ва соатларни ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эминлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади. Имом Бухорий (рҳ.) Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ушбу ҳадиснинг маъно ва мазмуни бунга ёрқин далилдир. Унда бундай дейилган: “Набий (с.а.в.) Лайлатул Қадр қайси куни бўлишини хабар қилиш учун чиқдилар. Йўлда икки мусулмоннинг жанжаллашаётганини кўриб, ўша кун ёдларидан чиқиб қолди. Жаноб Расулуллоҳ саҳобаларга: “Мен сизларга Лайлатул Қадр бўладиган кунни айтмоқчи бўлиб чиққан эдим, бироқ йўлда фалончи билан пистончининг жанжаллашаётганини кўриб, ёдимдан кўтарилиб кетди. Қадр кечасини Рамазоннинг йигирма тўққиз ёки йигирма етти ёки  йигирма бешинчи кунларида кутинглар”!.Шулардан келиб чиқиб, айтиш жоизки, киши Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг кечаларини ибодат билан қоим қилса, иншоаллоҳ Қадр кечасини топади. Чунончи, ҳадиси шарифларда ҳам ворид бўлганки, “Набий алайҳиссалом Рамазоннинг охирги ўн кунлиги кирганда ибодатга бел боғлар, тунларини қоим қилар ва аҳли оилаларини ҳам (тунги ибодатларга) уйғотардилар”.Қадр сурасида Қадр туни минг ойдан яхшироқ экани баён қилинди. Бу минг ой тақрибан 82 йилдан кўп муддатни англатади. Демак, мазкур тунни тоату ибодат билан бедор ўтказган инсон шунча йил нафл ибодат қилганлик савобини ҳам олар экан, иншоаллоҳ.Муфассирлар хабар беришларича, аввалги қавмлар жуда узун умр кўрган ва бунинг натижасида кўплаб яхшиликларни қилишга муваффақ бўлган эканлар. Саҳобаи киромлар Набий алайҳиссаломдан ўтган қавмлардаги солиҳ кишиларнинг узоқ йиллар, юзлаб йиллар давомида Аллоҳга ибодат қилганлари ва яна бошқа кўплаб ишларни содир қилганлари ҳақида эшитишгандан сўнг маҳзун бўлиб қолишган экан. Чунки, бу умматнинг ўртача умри олтмиш ёш атрофида бўлади. Шундан сўнг Қадр сураси нозил қилиниб, инсон яхшиликларга эришиши учун юзлаб йил мобайнида тоат ибодат қилиш шарт эмаслиги, балки, биргина кечани ибодат ва эзгулик билан тирилтирса, минг ой ибодат қилгандан яхшироқ савобга эга бўлиши хабар берилди.    Қадр кечасининг айрим аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Уларда айтилишича, қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, гардиш бўлиб,  ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради. Яъни мазкур кеча ниҳоясидаги тонгда қуёш нурлари кўзни қамаштириб юбормайдиган даражада заиф бўлар экан. Сабаби ўша тун ва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини тўсиб қўяр эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момоқалдироқ бўлиши ҳам айтилган.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биринчи марта Қадр кечаси ҳақида хабар берганларидан сўнг ўша кеча ёмғирли (сув ва лой) бўлиб, пешоналарида лой излари қолганлигини Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазратлари Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.Табарий ва Байҳақийлар ривоятида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: “Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)”, деган эканлар. (Имом Муслим ривояти).Кимки, лайлату-л-қадрни кўрса, аломатларини билса, у инсон дарҳол ўзига ва барча мўмин-мусулмонлар ҳаққига дуойи хайр қилмоғи лозимдир. Зеро, ҳаммага ҳам унинг аломатлари кўринавермаслиги мумкин.Аллоҳ таборака ва таоло Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилишини, барчамизнинг гуноҳлариимзни мағфират айлаб, ушбу ой шарофатидан дўзахдан озод этилган бахтли бандалари қаторидан қилишини сўраб дуолар қиламиз. Зеро, фақат унинг Ўзигина ижобат қилувчи ва гуноҳларни мағфират қилувчи зотдир.Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВТошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф”жомеъ масжиди имом хатиби/mehrob.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг