Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Қоҳира шаҳрида бўлиб турибди

0
267

Ўзбекистон ва Мисрни тарихий-маданий муштараклик, анъанавий дўстлик ҳамда яқин ҳамкорлик бирлаштириб туради. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган олимларнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон оламининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Саид Ҳусайн Халил ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига кўра амалга оширган расмий давлат ташрифи ҳамда Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Муҳаммад Таййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг Ўзбекистон Президенти қабулида бўлиши, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриши икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди.

Айни пайтда Миср томонининг таклифига кўра, Ўзбекистон ва Мисрдаги диний соҳага оид марказлар ўртасида 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да кўзда тутилган келишувларни муҳокама қилиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириб олиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Қоҳира шаҳрида бўлиб турибди.

Делегация вакилларининг илк учрашуви бир минг икки юз йилдан зиёд вақт мобайнида фаолият кўрсатиб келаётган “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари шайх Аббос Солиҳ ҳамда “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари маслаҳатчиси Абдураҳмон Мусо билан бўлиб ўтди.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов ва “Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбарининг биринчи ўринбосари шайх Аббос Солиҳ ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида мулоқот ўтказишди.

Учрашувда 2019 йилнинг иккинчи ярмида белгиланган ўзаро ҳамкорликдаги учрашув ва халқаро конференциялар, илмий йўналишда чоп этиши режалаштирилган китоб ва рисолалар, таълим соҳасида белгиланган келишувлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг Миср Араб Республикасига сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

muslim.uz
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг