ШУКР

0
148

Ҳижоз шаҳрига борган шайх Шақиқи Балхий шайх Иброҳим Адҳамга учрадилар ва дедилар:

– Эй Адҳам ўғли, тирикчилигинг қандай?

Иброҳим ҳазратлари айтдилар:

– Топсам шукр қиламан, топмасам қаноат қиламан.

Шақиқ ҳазратлари дедилар:

– Бизнинг Балх итлари сенинг шу қилганингни қилурлар.

– Сиз нима қилурсиз?

– Топсам эҳсон қилурман, топмасам шукр.

Бу жавобдан таъсирланган Иброҳим Адҳам ҳазратлари ўринларидан туриб, Шақиқ ҳазратларининг қўлларини ўпдилар ва:

– Сиз менинг устозимсиз, дедилар.

Аллоҳнинг дўстлари Унинг сон-саноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлиги ҳисси билан барча ҳолларида ва доим шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлганлар. Зеро, шукр банда эришган неъматлар учун уларни эҳсон қилган Роббига сўз, феъл ва хатти-ҳаракатлари билан холисона бандалик ҳаётини кечиришдир.

Жаноби Ҳақнинг чексиз неъматлари учун Унга қанча шукр қилсак, яна шукр қарзимизни мукаммал адо қила олмаймиз. Валиюллоҳлардан бири бир талабасига қуйидагича мактуб ёзган экан:

“…Бир нафасда иккита неъмат бор (биринчиси, нафас олиш, иккинчиси, нафас чиқариш). Шунинг учун ҳар бир нафас учун иккита шукр лозим бўлади. Ҳар соат минг нафас ва ҳар нафас учун икки марта шукр қилсанг, йигирма тўрт соатда қирқ саккиз минг шукр қилишинг керак бўлади. Агар бир киши ҳамма ишини ташлаб, “шукр, шукр” деб, Аллоҳ таолога давомли ҳамд ва шукр қилса, шунда ҳам шукрнинг ҳаққини адо эта олмайди. Шундан маълум бўладики, банда Аллоҳ таолога шукрнинг мингдан бирини ҳам адо этолмайди”.

Банданинг шукр борасида мана шу мутлақ ожизлигининг далили қуйидаги ривоятда келтирилади: Мусо алайҳиссалом Аллоҳга:

– Эй Роббим! Сенга шукр қилишимнинг ўзи Сен берган яна бир ўзгача неъматки, у ҳам бир шукрни тақозо қилади. (Шундай экан, Сенга қандай қилиб ҳаққи билан шукр қила оламан?), дедилар.

Аллоҳ таоло шундай деди:

– Ҳар бир неъматнинг мендан эканлигини билган вақтинг, Мен ҳам шу билганингни шукр сифатида қабул қиламан. (Иҳёу улумиддин, IV, 163).

Шундай экан, барча неъматларнинг Ҳақдан эканлигини билиш билан бирга, ўша неъматларнинг бизга етиб келишига васила (сабабчи) бўлганларга ташаккур билдириш ҳам Аллоҳга шукр келтиришнинг асосий шартларидан бири саналади.

Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَا يَشْكُرُ اللهَ لَا يَشْكُرُ النَّاسَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди”, дедилар”. (Абу Довуд, Термизий, Бирр).

Термизийнинг лафзида:

“Одамларга ташаккур қилмаган Аллоҳга шукр қилмайди” дейилган.

Шукр келтириш инсонийлик ойнасидир. Инсонларга ташаккур билдириш ахлоқий масала эканлигидан ташқари, мажоздан ҳақиқатга ўтишга одатлантириш ҳамдир. Чунки, Холиқни унутмаслик шарти билан инсонларга билдирилган ташаккур, албатта, Ҳолиққа – Аллоҳга олиб боради.

Шукр аҳли бўлган бир банда учун фақатгина неъматларнинг қадрини билиш кифоя қилмайди. Шукр – неъматларнинг ҳақиқий эгасини таниш ва Унга қуллик қилишдир. Яъни, неъматлар тафаккурни ривожлантириб, қулни Роббига жалб қилиши, бу билан қалблар ҳам муҳаббат ва маърифатуллоҳга истиқоматга келиши керак.

Агар бизга бебаҳо ҳадя юборган саховатли кишини эсдан чиқариб, фақат ҳадяни келтирган кишига ташаккур билдиришимиз қанчалик ноҳақлик ва хато бўлса, неъматларни бизга етказган сабабларга боғланиб, ризққа эътибор қаратган ҳолда ҳақиқий мусаббиб – Раззоқни эсдан чиқариш ҳам шунчалик пасткашлик, неъматга нисбатан суистеъмол саналади. Неъматларнинг ҳақиқий соҳиби – Аллоҳ таолони унутишдек катта хато ва зиённи тасаввур қилиш қийин..

Олимжон Мазамов

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг