Бобомиз дуолари ижобат бўлмоқда…

0
407

Носириддинхон амаким ўғиллари Сирожиддинхон ҳикоя қилган эди:

Мен 5-6 ёш вақтим. Ҳасти имомдаги ҳовли. Ҳар куни эрталаб Зиёвуддинхон қори амаким Эшон Бобохон бобомиз ва Саломатхон катта ойимизларга салом бергани кириб келардилар ва қўлларидаги нарсани менгами, Кимё холамларгами берардилар-да, ўзлари ота-оналарининг олдиларига ошиқардилар.

Бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин –деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.

Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшдалар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амакимлар улар билан саломлашиб, ҳол – аҳвол сўраганларидан сўнг:

Отамиз, Тошкентда Ракат маҳалласида биринчи янги масжид (совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана бу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.

Бобомиз: Алҳамдулиллаҳ , Алҳамдалиллаҳ , Алҳамдулиллаҳ — шу кунларга еткказганига шукур! деб чуқур нафас олдиларда, ўнг қўлларини “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм — деб ғишт устига қўйиб, Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! – деб, юзларига фотиҳа тортдилар. Катта ойимлар ҳам, қори амакимлар ҳам: Илоҳи Омин! Айтганингиз келсин, — деб қўлларини юзларига суртдилар.
Қори амаким: Энди мен бориб бу муборак биринчи ғиштни “Ракат” масжиди асосига Сизнинг номингиздан қўйиб келаман, — дедилар.

Катта ойимизларга юзланиб: Онамиз, Сиз ҳам дуо қилинг, — дедилар. Улар ҳам суюниб: — Омин болам, Илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Яратган Эгам дини Исломга кувват, шариятга ривож берсин! Барча қилаётган ишларингизни хайрли қилсин! — Омин! —деб барчалари юзарига фотиҳа тортдилар.
Қори амаким: — Яхши ўтиринглар, — деб орқалари билан юриб чиқиб кетдилар.

Мен мана шундай воқеага гувоҳ бўлганман, — деди Сирожиддинхон.

Мустақиллигимиз шарофати, ҳурматли президентимиз қўллаб — қувватлашлари боис, ҳозирги кунда юртимизда кўплаб масжидлар очилиб, мусулмонларга хизмат қилмоқда. Куни кеча Эшон Бобохон бобомизнинг қайта кенгайтириб тикланаётган масжидларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси муфтийлари Усмонхон Алимовнинг келишлари, ўқилган Қуръони Карим тиловатлари ва хайрли дуолари бизни тўлқинлантириб юборди. Кўзларимиз қувонч ёшларига тўлди. Шу боис юкоридаги лавҳани эътиборингизга ҳавола этишга жазм қилдим.

Ҳақиқатда ҳам Эшон Бобохон ҳазратлари ва Саломатхон катта ойимиздек покдомон инсонларнинг дуолари ижобат бўлаётганига гувох бўлмоқдамиз.

Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизлари

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг