Кичкина болани елкага кўтариш

0
336

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

86. Бародан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олиб: «Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, Сен ҳам яхши кўргин», деяётган эканлар».

Шарҳ: Ҳақиқатан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда болажон зот эдилар. Ҳамма болаларни яхши кўриб, эркалар эдилар. Ўз набиралари имом Ҳасанни ҳам жуда яхши кўрардилар. Ушбу ривоятда у зот алайҳиссаломнинг имом Ҳасанни елкаларида кўтарганлари ҳақида сўз бормоқда. Демак, болани елкага кўтариш мумкин экан. Шу билан бирга, Аллоҳ таолодан ўз набиралари имом Ҳасанга муҳаббатини сўраб дуо ҳам қилмоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болажон зот бўлганлари.

2. Болани елкада кўтариш мумкинлиги.

3. Боласини яхши кўришини бошқалар олдида айтиш мумкинлиги.

4. Фарзандига Аллоҳ таолонинг муҳаббатини сўраб дуо қилиш мумкинлиги.

5. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг мақомлари улуғлиги.

6. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга муҳаббат қилиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига дохил бўлиш экани.

Islom.uz
«Одоблар хазинаси» китобидан

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг