Хатми Қуръон ўтмишидан намуналар

0
1105

                                                            (Муаллифнинг Хатми Қуръонга бағишланган мақолалари туркумидан)Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни бирга дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил у зот билан учрашган кезлари яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».Бу ерда «ўтказиш» деб ўгирилган жумла араб тилида «муъаародотун» (бир-бирига ўқиб бериш) шаклида келган. Бу икки тарафнинг бир нарсани навбатлашиб, тўлиқ ўқиб чиқиши бўлиб, бири ўқиганда иккинчиси эшитиб, кузатиб туриши тушунилади. Рамазонда Қуръонни хатм қилиш суннатлиги мана шу ҳадисдан олинган. Яна ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур жўшқин тасарруфлари айнан Қуръони Карим шарофати ила бўлганини тушуниш мумкин, дейишади уламолар.Маълумки, қиём, яъни тунги намоз асосан қироати узунлиги билан «тик туриш» маъносидаги «қиём» сўзи билан ном олган. Шунга биноан айтиш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазон ойида қоим бўлишни суннат қилишларида бу ойнинг айнан Қуръон ойи эканига ишора бордир. Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу айтади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни зикр қилиб туриб, «Рамазон Аллоҳ рўзани фарз қилган ойдир. Мен мусулмонларга унинг тунларида ибодатда бедор бўлишни суннат қилдим. Ким унинг рўзасини тутса, тунларида ибодатда бедор бўлса, ундан онаси туққан кундагидек гуноҳдан пок бўлиб чиқади», дедилар».Ибн Хузайма ривоят қилган.* * *Имом Аҳмад Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Рамазон кечаларидан бирида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зот намоз ўқишга турдилар. Такбир айтгач: «Аллооҳу акбару Зул-малакуути вал-жабаруути вал-кибрийааи вал-ъазомати», дедилар. Кейин Бақарани, кейин Нисони, кейин Оли Имронни ўқидилар. Бирор қўрқитув оятидан ўтсалар, унда тўхталар эдилар. Кейин рукуъ қилиб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат «Субҳаана роббийал-ъазиим», деб турдилар. Кейин бошларини кўтариб, «Самиъаллооҳу лиман ҳамидаҳ. Роббанаа лакал-ҳамд», дедилар. Кейин сажда қилиб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат «Субҳаана роббийал-аълаа», дедилар. Кейин бошларини кўтариб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат «Роббиғфирлии», дедилар. Кейин сажда қилиб, қанча тик турган бўлсалар, ўшанча муддат сажда қилиб, «Субҳаана роббиял-аълаа», дедилар. Кейин бошларини кўтариб, қад ростладилар. Икки ракъат ўқиб бўлган эдилар ҳамки, Билол келиб, у зотга намоз (бомдод) вақти кирганини билдирди».* * *Имом Абу Шайба Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни тонггача қайтардилар: «(Аллоҳим!) Агар уларни азобласанг, Ўзингнинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, Сен азизу ҳакимсан!» (Моида сураси, 118‑оят).* * *Фарёбий «Қуръон фазилатлари» номли асарида ўз санади билан ривоят қилади:«Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Рамазонда тонгдан бошлаб мусҳафдан қироат қилар, қуёш чиққандан кейин ухлар эди».* * *Муҳаммад ибн Наср Марвазий ўзининг «Қияму Ромадон» асарида, имом Байҳақий ўз санади билан Соиб ибн Язиддан шундай ривоят қилади:«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида Рамазонда йигирма ракъат қиём қилиб, Қуръондан икки юз оят ўқишар эди. Ҳатто ҳассага суяниб қолишар эди».Бошқа бир ривоятда: «Яқин субҳга қадар ўқишар эди», дейилган.* * *Абу Усмон Наҳдир айтади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қорилардан уч кишини чақириб, уларга қироат қилдирди. Кейин одамларга улардан энг тез ўқийдиганини ўттиз оятдан, ўртача ўқийдиганини йигирма беш оятдан, секин ўқийдиганини йигирма оятдан ўқиб беришини буюрди».* * *Ҳасан Басрий айтади: «Одамлар (яъни саҳобалар) Рамазонда кечалари қоим бўлиб, хуфтонни туннинг тўртдан бири ўтганда ўқишар ва охирги тўртдан бири қолганда қайтиб кетишар эди».* * *Рамазон ойи кирганда имом Ибн Шиҳоб Зуҳрий: «Бу ой Қуръон қироати ва таом улашиш ойидир», дер эди.* * *Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойи ичида ўттизта хатм қилар эдилар.* * *Ибн Абдулҳакам айтади: «Рамазон кирса, имом Молик ҳадис ўқиш ва илм аҳли билан мажлис қуришдан қочар эди», Яъни Қуръон билан машғул бўлиб, қироатга берилиб кетар эди.* * *Абдурраззоқ айтади: «Рамазон кирса, Суфён Саврий барча ибодатларни тўхтатиб, Қуръон қироатига киришар эди».* * *Буюк тобеъин Иброҳим Нахаъий ҳам Рамазон ойида ҳар уч кунда, охирги ўн кунликда эса ҳар кеча Қуръон хатм қилар эди.* * *Абдуллоҳ ибн Ҳабибдан ривоят қилинади:«Қайрувондан сафарга чиқдим. Мен Вакиъни учратгунимча ҳеч кимни Баҳлул ибн Рошиддан кўра Аллоҳдан қўрқувчироқ деб билмасдим. У (Вакиъ) Рамазонда кечаси битта тўлиқ ва яна қўшимча учдан бир хатм қилар, ўн икки ракъат зуҳо намозини ўқиб, ундан ташқари пешиндан асргача ҳам намоз ўқир эди».* * *Аббосийлар халифаларидан Халифа Маъмун ўттиз кун Рамазонда ўттизта хатм қилар эди.* * *Хатиб Бағдодий айтади: «Мен Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Таймий ибн Аббосдан кўра қироати гўзал кишини кўрмадим. У Бағдоддалигида Рамазон кириб қолди. Шунда у одамларга таровеҳ намозини ўқиб берди. Сўнг кечанинг қолган қисмини намоз билан бедор ўтказди. Кейин унинг «Бу ойда мен на кечаси, на кундузи уйқуга ётмадим», деяётганини эшитдим».* * *Абу Ашҳаб айтади: «Абу Рожаъ Рамазонда бизга ҳар ўн кунда хатм қилиб берарди».Абу Ражо Уторидий тобеъинлардан бўлиб, жоҳилият даврида туғилган, Макка фатҳидан кейин мусулмон бўлган, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаган.* * *Имом Ҳасфакий «Ад‑Дуррул‑мухтор» китобида айтади:«Хатмнинг бир мартаси суннат, иккитаси фазилат, учтаси афзалдир. Хатм қавмнинг дангасалиги туфайли тарк этилмайди».Муаллиф ушбу сўзининг давомида ҳар бир юрт аҳли ўзларидаги мавжуд ҳолатга кўра иш олиб боришларини тавсия қилган. Агар биз бугун мана шу мезон асосида иш кўрадиган бўлсак, унинг юқоридаги гапини олишимиз кифоя ва ўринли бўлади.* * *Андижонда ўтган аср аввалида вафот этган буюк олим, каромати зоҳир валий зотлардан бири Сомеъ Халфа домла раҳматуллоҳи алайҳ Қуръони Каримга бемисл ҳурмат кўрсатишда намуна бўладиган зот бўлган эканлар. Буни яхши билган кичкинтой ўғли Бобохон қори болалик қилиб, дарсини тайёрламай, отасининг таҳдидидан хавфга тушиб қолса, дарров бир мусҳафни қўлтиқлаб олар экан. Вазифани бажармаган ўғилнинг таъзирини бериш учун отланган ота мусҳафга кўзи тушиши билан аччиғидан тушар, сокин бўлиб, ҳеч нарса демай, таъзирни тўхтатишга, кечга суришга мажбур бўлар экан.Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида шундай дейди:«Ким Аллоҳнинг шиорларини – динининг белгиларини улуғласа, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир» (32­оят).                                                                                                                                                                                                        Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг