Шофий Зот Аллоҳ таолодир!

0
128
  • Қабулга ёзилиш

Аллоҳ таоло сизни Ўзига қайтариш учун касал қилади. Агар Унга қайтсангиз, касалликни аритади. Ахир, энди унга ҳожат йўқ-ку!

Сизни тавозеъли бўлишингиз учун бемор қилади. Агар сиз тавозеъли, хокисор бўлсангиз, беморликни сиздан нари қилади. Чунки, энди унинг кераги йўқ!

Сизга ўзингиздан бошқаларни ҳам ҳис қилишингиз учун дард юборади. Агар сиз ўзингиздан бошқаларни ҳам ҳис қила бошласангиз, дардни сиздан йироқ қилади. Зеро, дарднинг энди фоидаси йўқ!

Сизга сабрингиз ва тақдирга розилигингизни синаш учун хасталик жўнатади. Агар сиз сабр қилсангиз ва унинг ҳукмига розилигингизни ошкор қилсангиз, хасталикни сиздан кетказади. Чунки энди у бу ерда кераксизга айланиб қолди!

Қабулига кириш учун олдиндан қабулга ёздириб қўйишингиз, муолажа учун махсус рухсатнома олишингиз ва қабулга тахминан чорак соат аввал келишингиз шарт бўлмаган Шофий Зот Аллоҳ таолодир!

Сиз фақатгина “Аллоҳ” десангиз бас, энг катта илоҳий шифохона сизга ўз эшикларини очади. У шифо, раҳмат, қудрат ва лутф шифохонасидир…

Дўстим машинасида бир болани уриб юборгандаги воқеа ёдимга тушди. Унинг айтишича, кутилмаганда уловининг шиналари остида болакайнинг суяклари синаётгани овозини эшитибди. Дарҳол тўхтаб, уни машинага солибди ва шифохонага олиб борибди. Бироздан сўнг боланинг отаси билан бобоси келди. Дўстим ўзини йўқотиб қўйган эди. Умрида бир боланинг ўлимига сабабчи бўлиш хаёлига ҳам келмаганди.

Синаётган суяклар овози қулоқлари остида тинмай жаранглар эди.

Болакайнинг бобоси дўстимнинг олдига келиб, уни тинчлантирди ва Аллоҳ таоло нимани тақдир қилган бўлса, ўша нарса бўлиши ва Унинг ҳукмига барчалари рози бўлишларини айтди.

Шифохона масжидида хуфтон намозини адо этишди. Уларга болакайнинг бобоси имом бўлиб, “Сабрлиларга хушхабар бер” оятини ўқиганда, дўстим ҳўнграб йиғлаб юборди.

Хуфтон намозидан сўнг шифокорлар чиқиб, боланинг бош суяги қаттиқ жароҳатлангани ва яшаб кетиш эҳтимоли катта эмаслигини айтдишди.

Дўстим бу гапни эшитиб, эсанкираб қолди. Ҳолсиз бўлиб уйига қайтди. Бир ҳафта умуман ишга чиқмади. Руҳий тушкунликка тушиб қолган эди.

Шўрлик болакайнинг дарди учун бобосининг иймони, онасининг дуолари, отасининг ишончи ва барчанинг у учун қайғуриб турганидан бошқа даво йўқ эди.

Бир ҳафта ўтар-ўтмас ўзим у беғубор болакайни кўргани бордим. Буни қарангки, бола ўрнидан туриб, ўйнаб-кулиб, биз билан гаплашиб юрибди. Аллоҳнинг сўзи рост чиқди, шифокорларники эса хато. Синган суякларини яна қайтадан бирлаштирган зотнинг сўзлари ростдир:

مَا يَفْتَحِ اللَّهُ لِلنَّاسِ مِنْ رَحْمَةٍ فَلَا مُمْسِكَ لَهَا

“Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, бас, уни тутиб қолгувчи бўлмас”, (Фотир сураси, 2-оят).

Синиб, сочилиб кетган суякларни ким яна қайтадан жамлай олади? Оғир аҳволдаги болакайнинг юзига табассумни ким қайтара олади? Ким қабр эшикларига яқинлашиб қолган жасадга қайтадан руҳ пуфлашга қодир?

Бу ишларга фақат Аллоҳ қодир!

  • Нуқта қўйинг.

Пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш Иброҳим алайҳиссалом Роббисига соғлом қалб билан юзландилар. Ширкнинг хаёлга келиши мумкин бўлган ҳар қандай заррасидан саломат қалб билан Роббисига юзланиб, барҳаёт ўлмайдиган Зотгагина илтижо қилиб қуйидаги ҳар бир мўминга сабоқ бўладиган сўзларини айтдилар:

“وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ”

Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи”, ёлғиз ўзигина шифо беради, ундан бошқа менга шифо берадиган зот йўқ.

Шу ерда нуқта қўйинг. Агар У сизга шифо беришни ирода қилса, бошқасига муҳтож бўлмайсиз. Лекин У истамаса, бошқа ҳеҳ ким сизга фойда беролмайди.

Айюб алайҳиссаломнинг танасига чечак тошиб кетди. Касаллиги тобора кучайиб борарди. Қариндошлари юз ўгирди, мол-мулклари ҳам қолмади. Тузалиб кетишларига энг кўп ишонган инсонлар ҳам умидларини уздилар. Аммо у зот Аллоҳга иймонлари туфайли сабр қилдилар. Таналаридаги оғриқлар ортиб борар, Айюб алайҳиссалом эса Роббисининг ҳукмига бош эгганча сабр қилдилар. Бир неча йиллик синовдан кейингина, тилларидан хокисорлик ила бошини эгган, қалби иймонга тўлган инсоннинг дуоси чиқади:

“أَنِّي مَسَّنِيَ الضُّرُّ وَأَنْتَ أَرْحَمُ الرَّاحِمِينَ”

Албатта, мени зарар тутди. Сенинг Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлигисан! (Анбиё сураси, 83-оят).

Шу заҳоти самонинг раҳмат эшиклари очилди…

Ва етти осмон устидан ушбу ғам-ташвиш ва машаққат ичидаги инсон учун олий ҳукмлар тушди…

Неча йиллик азоблар бир лаҳзада якунига етади. Чунки энди шифо даври келган эди.

Нега ундан бошқасига борасиз?

Нима учун бошқасига ёлворасиз?

Нима сабабдан атрофингиздаги ўткинчи инсонларга ишонасиз-у, барҳаёт ўлмайдиган Зотни унутасиз?

Ким сизни шифо бошқа йўл билан келиши ҳақидаги ёлғонга ишонтирди?

Қандай қилиб ҳаёт сизга шу қадар тез кулиб боқди-ю, сизни онангизнинг қорнидан осонлик билан чиқариб, унинг кўкрагида сиз учун ризқ яратиб, ундан озиқланиш учун лабларингизни қисишни ҳам билмайдиган даражада билимсиз бўлган даврингизда сизга таълим бериб қўйган Зотни эсдан чиқардингиз?

Сизни бағрига босиб парвариш қилиши учун онангизнинг қалбида меҳр туйғуларини яратиб қўйган Зотни унутдингизми?

Шу қадар тез ёдингиздан чиқдими?

Шу тарзда Ундан беҳожат бўлишим мумкин, деб ўйладингизми?

Мана, Аллоҳ субҳанаҳу таоло касаллик ёрдамида сизнинг биринчи кунларингизни ёдингизга солиб, сизга: “Менга қайт. Сени йўқдан бор қилганим сингари Якка Ўзимгина танангдан дардни арита оламан!” демоқда.

  • Ризо.

Гоҳида дардингизнинг даво сизга ўйлаганингиздан ҳам яқинроқ бўлади!!

Мана, Айюб алайҳиссаломга ерни тепиш буюрилмоқда:

“ارْكُضْ بِرِجْلِكَ هَذَا مُغْتَسَلٌ بَارِدٌ وَشَرَابٌ”

Оёғинг ила тепгин! Бу чўмиладиган ва ичиладиган совуқ (сув)», (дейилди), (Сод сураси, 42-оят).

Дардининг давоси у зотга яқин эди. Шифо сабабларини қўллашдан Аллоҳнинг хоҳишигина тўсиб турарди, холос. Аллоҳ хоҳлаган вақтда Айюб алайҳиссалом дардларига давонинг жойини билдилар ва Аллоҳ таолонинг изни ила дарддан халос бўлдилар.

Сиз Вашинтон, ё Парижга, ёки бўлмаса Пекинга боришингиз шарт эмас. Агар Аллоҳ хоҳласа, дардингизнинг давоси жуда яқин. Фақатгина қалбингиз ила ризо шаҳрига сафар қилинг:

Давоингиз ўзингизда, лекин сезмайсиз

Дардингиз ўзингиздан, лекин кўрмайсиз.

Аллоҳдан рози бўлсангиз, Унинг Ўзи сизни рози қилади.

Касаллик розиликнинг энг оғир имтиҳонларидандир. Агар шу имтиҳондаги жавобингиз розилик бўлса, натижа сизни рози қилувчи бўлади.

Баъзилар сўраб қолишади: “Мен қандай қилиб касалликка чидайин, ахир унда қаттиқ оғриқ бўлса? Қандай қилиб ўзим ёқтирмаган нарсага рози бўлишим мумкин?”.

Уламолардан бири бунга жавобан: “Бунинг ҳеч қандай тушунарсиз жойи йўқ. У касалликка ўзи суйган нарсасига етиштиргани учун рози бўлади, оғриғи борлиги учун ёмон кўради. Бу дардига дармон бўладиган ёқимсиз дорига ўхшайди. У бир вақтнинг ўзида ана шу дорини ҳам рози бўлиб ичади, ҳам ёқтирмайди”.

Ич-ичингиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига айтишни буюрган сўзларни айтинг: “Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Набий деб рози бўлдим”. Қалбингиздан айтдинг. Балки қалбингизни бу сўзларнинг маъносини чуқур англашга ўргатинг. Дилингизни бу сўзлар билан тозаланг. Аллоҳнинг ҳукмларига рози бўлиш Аллоҳдан рози бўлишнинг бир қисмидир… Агар ундан рози бўсангиз, Унинг Ўзи сизни рози қилади!

Қалбингизни розиликдан нафас оладиган, ундандан лаззатланадиган қилинг-да, танангизга қаранг. Аллоҳнинг изни ила, унинг барча қисмларида шифо аломатларини кўрасиз…

Қўлларингизни дуога очиб, дуоингизда Унинг исмини ёд этинг. Сўнг қўлларингиз билан танангизни силанг, Аллоҳ таоло сизни тарк этай деб турган нарсаларни шу туфайли қайтарса, не ажаб.

Касалликни Роббингизни Шофий исми ила таниш даврининг бошланиш нуқтаси деб қабул қилинг…

  • Гуноҳ дарёлари

Ҳаётингизда кўп касал бўлгансиз. Шундай эмасми? Ким сизга шифо берган?

Аллоҳ эмасми? Нима сабабдан бу касаллик уни ожиз қолдиради деб ўйлаяпсиз? Бундай ўй-фикрлар У томонидан азоб-уқубатга лойиқ. Гоҳида касаллик носоғлом эътиқодингиз учун уқубат бўлиши ҳам мумкин. Аввало қалбингизни касалликдан тозаланг, сўнг Шофий Зотга унинг Шофий исми ила илтижо қилинг.

Шифохоналардаги барча беморлар Шофийдан шифо изнини кутиб ётадилар…

У ҳар бир чекилган “оҳ” ни эшитади, ҳар қандай оғриқнинг жойини билади, ҳар бир дардли хўрсинишнинг қалбдаги оловини кўради.

Унинг истаги амалга ошиб, “оҳ”ларингиз орқали гуноҳ дарёлари оқиб чиқиб кетгандан сўнг, офиятга сизга қайтиб келишни буюради. Қараб турибсизки, Аллоҳнинг ерида гуноҳлардан пок бўлиб юрибсиз-да!

У Роҳиймдирки, сизга шифо беради…

У Алиймдирки, сизга шифо беради…

У Ҳалиймдирки, сизга шифо беради…

У Қодийрдирки, сизга шифо беради…

У Аллоҳдирки, сизга шифо беради…

Унинг ёрдами билан шифокорларнинг исмлари-ю телефон рақамларини ёдингиздан чиқарасиз!

У билан шифохоналар манзилларини унутасиз!

У сабабли шифокор кўрикларини бекор қиласиз!

Ўз хонангизда “Жойнамоз” номли янги шифохона бино қилинг…

Сажда кўригига навбатга ёзилинг…

Ва қалбингизга биргина исмни ёзиб қўйинг: “Шофий”!

Аллоҳим, ё Шофий, ҳар бир заиф руҳга, ҳар бир ҳолсиз танага ва ҳар бир ҳорғин қалбга Ўз раҳматинг ва шифоингни насиб эт. Ахир, Сен дуони эшитувчи Зотсан.

“Лианнака Аллоҳ” китобидан
Муҳаммад Яҳё Низомиддин ва
Охунжон Аҳмад таржимаси.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг