Мадина атрофига яҳудийлар қандай келиб қолишган?

0
339

Бани Қурайза, Бани Назир ва Қайнуқо – бу яҳудийлар қабиласи келиб чиқиши Кохин авлодларидан бўлиб, Кохин Мусо алайҳиссаломнинг қардоши Ҳорун алайҳиссалом ўғли бўлган. Бу қабилалар Ҳижоз араблари билан Мадина атрофида азалдан яшаб келишган. Аммо булар бу манзилларга қандай келиб қолган? Шу саволга жавоб излаймиз.
Қачонки, Исроил ҳалқи қийин ва ночор аҳволда қолганида, улардан баъзи қабилалар Мадина шаҳри атрофига кўчиб кела бошладилар. Нега? Сабаби, бу қабила (Бани Қурайза, Бани Назир ва Қайнуқо) олимлари, оқсоқол ва кексалари, келажакда охирги пайғамбар айнан Мадина шаҳрига ҳижрат қилиб келиши ҳақида билишар эди. Бу яҳудий қабилалари охирги пайғамбар келишини кутиб яшашар эди.

Шунингдек, бошқа бир фикр ҳам бор. Мадина атрофида Жуҳфа деган манзилда Амаликий деган қабила яшаган. Улар Бани Исроил қавмини қийнаб, устиларига юришлар қилиб юришар эди. Шунда Бани Исроил қавми Мусо алайҳиссаломга бу Амаликийлар зулмидан шикоят қилади. Мусо алайҳиссалом бу Амаликийларга қарши қўшин юборади. Қўшинга ҳеч кимни тирик қўймаслик керак эканлиги айтилади. Қўшин ҳаммани қиличдан ўтказади.

Аммо подшоҳнинг кичик ўғлига раҳм қилишади ва ўзлари билан олиб кетишади. Бироқ бу пайтга келиб Мусо алайҳиссалом вафот этган бўладилар.
Бани Исроил қўшинни (подшоҳнинг ўғлини ўлдирмай олиб келгани учун) итоатсизликда айблайди. Натижада қўшинни шаҳарга киритишмайди. Қўшиндагилар эса ўша ўзлари ғолиб бўлган юрт (Мадина атрофи) га бориб яшаб кетадилар. Замонлар ўтиши билан кўпайишиб борадилар.
Кейинчалик бу жойларга арабларнинг Авс ва Ҳазраж қабилалари келиб ўрнашадилар. Араблар ва яҳудийлар ислом келгунича бу жойда (Ясриб) бирга яшаб келишган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам келганларидан кейин бу Ясриб номини Мадинага алмаштирдилар.
Авс ва Ҳазраж ҳалқи Сабаъ қабиласи қавмидан бўлиб, асли Ямандан бўлишади. Булар Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғиллари Сами ва Қаҳтоннинг ўғиллари Яъруб ва Сабаъдан тарқалганлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилган:

لَقَدْ كَانَ لِسَبَإٍ فِي مَسْكَنِهِمْ آيَةٌ جَنَّتَانِ عَن يَمِينٍ وَشِمَالٍ كُلُوا مِن رِّزْقِ رَبِّكُمْ وَاشْكُرُوا

 لَهُ بَلْدَةٌ طَيِّبَةٌ وَرَبٌّ غَفُورٌ

Батаҳқиқ, сабаъликлар учун ўз масканларида оят-белги бор эди–ўнг ва чапдан икки боғ бор эди. «Роббингиз ризқидан енг ва Унга шукр қилинг! Не гўзал юртингиз ва ўта мағфиратли Роббингиз (бор)», (дедик). (Сабаъликлар Яман жанубида яшаб ўтган қавмдир. Боболари Сабаъ ибн Яхшаб ибн Қахтон исми билан «Сабаъ қавми», «сабаъликлар», деб номланганлар. Улар жуда ҳам ҳосилдор ерга эга бўлганлар. Сулаймон алайҳиссалом билан қиссаси ўтган малика ҳам шу юртдан бўлган. Оятда ўша қавм ҳақида хабар берилмоқда.)
Ҳуллас, Мадина яҳудийлари тарихи шундан иборат экан.

Раҳимберди домла Раҳмонов
Тошкент шаҳар Бош имом хатиби

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг