Муҳаммад (ﷺ) ҳаётлари. Мен икки қурбонликка аталганнинг ўғлиман

0
484

Азиз ўғил-қизларим! Эҳтимол сиз бу мавзудан ажабланаётган бўлишингиз мумкин, “Мен икки қурбонликнинг фарзандиман”. Буни ажабланарли ери йўқ, чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам амалда икки қурбонликка аталганнинг фарзандилар. Биринчиси Пайғамбаримизнинг катта боболари, саййидимиз Исмоил алайҳиссалом ҳисобланадилар.

Қурбонлик қиссалари қуйидагича бўлиб ўтган:

Бу воқеа Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора онамиздан туғилган фарзадлари Исҳоқ алайҳиссалом таваллуд топишларидан илгари рўй берган бўлиб, У киши тушларида ёлғиз фарзандлари Исмоилни сўяётганларини кўрадилар. Сўнг Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло фарзандлари Исмоил устида тушларида буюрган бу буйруққа юрадилар. Фарзандларини қўлидан тутиб йўлга чиқадилар. Йўлда Иброҳим алайҳиссалом тушлари ҳақида ўғилларига хабар берадилар ва айтдилар: “Эй ўғилчам, мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима фикр қилишингни бир (ўйлаб) кўргин?” Соффат сураси 102-оят
Қадрли болажонлар қаранг ота Аллоҳ таборака ва таолонинг буйруғига қай даражада итоат қилиб қазосига таслим бўляпти. Ҳудди шу каби фарзанд ҳам Аллоҳнинг амрига комил итоатни афзал билиб отасига шундай жавоб берди: “Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ тарафидан) буюрилган ишни қилинг! Ин ша Аллоҳ мени сабр қилувчилардан топурсиз.”

Ота-ўғил Аллоҳнинг буйруғига таслим бўлиб, бўйин эгишди. Чунки, Аллоҳнинг элчилари бўлмиш Пайғамбарларнинг тушлари рост ва ҳақ бўлади. Қачон бир Набий туш кўрса бу ҳақиқат бўлиб уни амалга ошиши лозим эди.

Иброҳим алайҳиссалом фарзандлари Исмоил алайҳиссаломни Аллоҳнинг буйруғини бажаришга олиб кетаётган лаҳзаларда Шайтон алайҳиллаъна уларни йўлдан оздириш учун келди ва Иброҳимни кўрган туши илоҳий ваҳий эмас балки, шайтоний бир туш, дея васваса қилишни бошлади. Шу пайт Иброҳим алайҳиссалом қўлларига тош олиб Шайтоннинг юзига улоқтирдилар. Шайтон қочиб фарзандлари Исмоилни фитна қила бошлади ва унга: “Эй Исмоил! Отангга итоат қилма чунки, у кўрган туш илоҳий ваҳий эмас. Балки, шайтоний туш холос.”, деди. Исмоил алайҳиссалом унга қулоқ солмай оталари каби тош олиб юзига отдилар. Унга қарата: “Эй Лаънати! Сен отам мени устимдаги Аллоҳнинг буйруғини бажармай осий бўлишини истаяпсанми?!”, дедилар. Ота-боладан умидсизланган Шайтон алайҳиллаъна Саййида Ҳожар онамизни олдиларига келди. Чунки, Шайтон онанинг қалби доим боласи учун қайғуришини биларди-да. Биласизми Ҳожар онамиз эрлари ягона фарзандлари Исмоилни тоққа (қурбонлик учун) сўйишга олиб кетганларини эшитгач нима қилдилар? Ҳожар онамиз Шайтон келганда эрлари ва фарзандлари қандай Шайтонни қувишган бўлса худди шундай хайдаб солдилар. Улар мана шундай ишларини Аллоҳга топширишган ва уни қазойи қадарига таслим бўлишганди. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб Исмоилни ётқизган пайтларида Фаришталар Роббимиз таборака ва таолога нидо қилишди: “Ё Илоҳо! Биз ажойиб ишларни гувоҳи бўлдик, пайғамбар пайғамбарни (қўрбонлик учун) сўяётганини кўряпмиз. Ё Танҳо Зот! Ё бир Халил дўстигина бор Зот. Ваҳоланки, бу Халилни биргина фарзанди бор. Ё Якка Илоҳо! Бирни бирга қолдиргин.” Шунда Аллоҳ таоло ишончли хабар етказувчи Жаброил алайҳиссаломга Иброҳим алайҳиссаломни олдига тушишини ва Унга “Албатта Аллоҳ ўғлингни ўрнига катта қўрбонлик фидо қилди”, деб айтишини буюрди. Яъни, Исмоилни қурбонликка келтириш ўрнига катта бир қўйни сўйишни буюрди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васалламнинг катта боболари Исмоил алайҳиссаломни қутқарди…

“Ҳаяту Муҳаммад” китобидан
Рустам Охунд ва Охунжон Аҳмадтаржимаси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг