ЎЗБEКИСТОНЛИК ИСЛОМШУНОС ТАДҚИҚОТЧИ ВА ОЛИМЛАР ГEРМАНИЯДА МАЛАКА ОШИРАДИ

0
329

Ўзбекистон билан Германияни 5000 километрлик масофа ажратиб турган бўлсада, икки халқнинг тинч ва фаровон ҳаётга интилиши, тараққиётга хизмат қиладиган муштарак ғоялари, меҳнаткаш ва олийжаноб инсонлари ҳар қанча олис масофаларни яқин қилишга, бир қарашда мураккабдек туюлган вазифаларни ҳал этишга қодир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил январь ойида Германияга амалга оширган расмий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ишончли алоқаларни янада мустаҳкамлаб, уларни янги босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг исломшунос, шарқшунос олимларидан иборат делегация шу кунларда Германия пойтахти Берлин шаҳрида кўҳна қитъанинг нуфузли университетлари, илмий марказлари, музей ва қўлёзма фондларида учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда.

Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган сафардан кўзланган мақсад – икки мамлакатнинг исломшуносликка ихтисослашган таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, буюк аллома аждодларимизнинг Германияда сақланаётган нодир асарларини ўрганиш, ҳамкорликда конференциялар, илмий семинарлар ташкил этишдан иборат.

Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институтида ўтказилган учрашув ўзбекистонлик ва немис исломшунос олимлари ҳамкорлигига тамал тошини қўйди.

Таъкидлаш лозимки, Берлин эркин университети Германиянинг энг нуфузли 4та олий ўқув юртидан бири ҳисобланади. Бу ерда 35 мингга яқин талаба ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлардан таҳсил олади. Германиянинг шуҳрати, обрў-эътиборини оширган Gerxard Ertl, Gerta Myuller, Raynxard Zelten сингари Нобел мукофоти совриндорлари, кўплаб таниқли олимлар, давлат ва жамоат арбоблари Германия эркин университетининг ўқитувчи ва талабаларидир.

Германиялик мутахассислар Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида халқимизнинг кўп асрлик диний қадриятлари, бой илмий меросини асраш, тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. «Ислом илмлари ривожида, айниқса, ҳадисшуносликнинг шаклланиши ва мукаммал фан соҳасига айланишида, ҳеч шубҳасиз, Марказий Осиё уламоларининг ўрни беқиёс. Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, бу ерда сақланаётган қадимий қўлёзмалар дунёнинг турли чеккаларидан шарқшунос олимларни ўзига чорлайди», – дейди исломшунослик фанлари доктори, профессор Konrad Hirshler.

Мулоқотда дунёнинг турли чеккаларида дин номидан содир этилаётган нохуш ҳолатлар, муросасизлик ва жаҳолатга қарши туришда Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги лойиҳалар – Ислом сивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ўрни ва аҳамияти юқори экани қайд этилди.

Берлин эркин университетининг Ислом тадқиқотлари институти билан ўқитувчи ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, германиялик исломшунос олимларни Ўзбекистонга жалб этиш, ўқувлар ташкил қилиш, махсус PhD дастурларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўтказилган учрашувлар доирасида немис шарқшунос олимлари Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ўзаро ҳамкорлик истиқболлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Gudrun Kremer, Берлин Эркин университети Исломшунослик институти директори:

– Мен асосан Яқин Шарқда, хусусан, араб дунёсида замонавий ислом мавзусида изланишлар олиб бораман. Профессор Шоазим Миноваров бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг университетимизга ташриф буюрганидан жуда хурсандман. Бугунги учрашувда ўзбекистонлик мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ўзаро фикр алмашдик. Дарҳақиқат, Германияда Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб қўлёзмалар мавжуд. Биз мана шу қўлёзмаларни биргаликда ўрганиш борасидаги илмий ҳамкорлик бўйича маслаҳатлашдик.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида талабалар ва ёш олимлар учун махсус ўқув курслари ташкил этиш ҳам мақсадга мувофиқдир.

Мен Ўзбекистонга кўп маротаба саёҳат қилиш бахтига муяссар бўлганман. Хусусан, 2000-2006 йиллар оралиғида Самарқанд ва бошқа шаҳарларда ўтказилган халқаро анжуманларда иштирок этганман. Сафарларим давомида мамлакатингиз билан яқиндан танишиб, ўзбек халқининг маданий-маърифий мероси ва урф-одатлари ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим. Ўзбекистон исломшунослари билан яқин алоқалар ўрнатиш ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйишдан жуда мамнунман.

Konrad Hirshler, Берлин Эркин университети исломшунослик бўйича профессори, Мусулмон жамиятлари ва маданиятлари Берлин Олий мактаби директори:

– Ўзбекистон делегациясининг Берлинга ташрифи самарали бўлди, деб ўйлайман. Бугунги кунда мамалакатингизда исломшунослик марказларининг ташкил этилгани ва соҳани ривожлантириш борасида республика ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар таҳсинга сазовор. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар кўлами мени жуда ҳайратлантирди ва ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқишим янада ошди. Тарихий қўлёзмаларни ўрганиш борасидаги ҳамкорликни катта истиқболга эга, деб ҳисоблайман. Келажакда мазкур йўналишда ўзбек олимлари билан кенг кўламли тадқиқот ишлари олиб борамиз, деб умид қиламан.

 

Ulrike Fraytag, Замонавий шарқшунослик маркази директори, профессор:

– Ўзбекистонда исломшуносликка кенг йўл очилганлиги ва ҳукумат томонидан марказлар ташкил этилишини ижобий баҳолайман. Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларининг Германиядаги тегишли илмий-тадқиқот марказлари ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги бизни жуда қувонтиради. Биз бугун Ислом маданиятининг тарихий илдизларини ўрганиш ва ислом динида бағрикенглик мавзусида биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришдан манфаатдормиз.

 

Hayke Liyebau, Замонавий шарқшунослик маркази илмий тадқиқотлар раҳбари:

– Мен бундан 30 йил аввал Тошкент давлат университетининг Шарқшунослик факультетида ўқиганман. Талабалик йилларим ўтган ўша дамларни, устозларим ва бирга ўқиган дўстларимни соғинч билан эслайман. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондан келган меҳмонларни катта қувонч билан кутиб олдим. Самимий кечган суҳбат чоғида Ўзбекистонда ташкил этилган Ислом марказлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Тошкент ва Самарқанд Ислом марказлари фаолияти Лейбнитс номидаги Замонавий шарқшунослик маркази тадқиқот йўналишларига ҳамоҳанг эканини инобатга олган ҳолда, тез орада марказларимиз ўртасида мазмунли ва самарали ҳамкорликни амалга оширамиз, деган умиддаман.

«Дунё» АА
Берлин

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг