Билим ва ҳунар инсоннинг доимий ҳамроҳидир.

0
180

Инсон ҳаётда илм, касб-ҳунар ўрганишга муҳтож. Шунинг учун ҳам инсон бешикдан қабргача илм олиш, уни ҳосил қилиш ва келажак авлодга етказиб беришга буюрилган. Муқаддас ислом дини илм олишни фарз даражасига кўтарди.

Илм қоронғуликни ёритадиган нур, зиёдир. Илм олиш билан ҳаётимиз, йўлимиз ёришади. Кимки ҳаёти шамини ёқа олса ҳаёти асрлар бўйи сўнмайди. Бизнинг боболаримиз шундай бўлишган.

Одам атонинг фаришталар олдида улуғлиги илм билан бўлди. Шунингдек авлодларининг фазилати ва улуғлиги ҳам илм биландир. Дунё ва охиратда муваффақиятга эришиш ва юксалиш, файз ва барака билан яшаш ва юксак поғоналарга кўтарилиш  илм билан ҳосил бўлади.

Буюклар илмни ширин мева деб билишган. Уни тоза, мусаффо ҳавога ўхшатишган. У билан нафас олиб, руҳий тушкунликларни, дард аламларни унутишган.  Ана шу ширин меванинг мазасини татиб яшаш ҳаётнинг  баракасидир.

Ўқиш ва ўрганишдек шарафли нарса йўқ. Қуръони Каримнинг илк ояти “ўқи” амри билан бошланиши  ўқиш ва ўрганиш қанчалик улуғ эканлигининг ёрқин далилидир. “Илм” сўзи эса Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир (811) жойида турли мавзуларда келади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илмли кишиларнинг мартабаларини юксак даражаларга кўтаришини баён қилиб:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ  سورة المجادلة

“… Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, – деган. (Мужодала сураси 11-оят)

Ушбу ояти каримадан ҳам кўриниб турибдики, илмли кишиларнинг мартабаси Аллоҳ таолонинг наздида юксакдир.

Билимли киши вафот қилса ҳам унинг номи ўчмайди, илмсиз кишининг ўзи ҳаёт бўлса ҳам, ўлик ҳукмидадир. Билимли киши ўз ишини билиб қилади, билиб қилган ишига кейин ўкинмайди. Ўкинмайдиган ва афсус қилмайдиган ишларни қилиш инсон ҳаётининг мазмуни ва баракаси бўлади.

Илм – маърифатнинг манбасидир. Илмнинг акси жоҳилликдир. Илмнинг аввали Аллоҳ таолони таниш, охири эса билган илмига амал қилишдадир. Аллоҳ таолони танишдан бошланган илм баракали ва яхшиликлари кўп бўлади. Инсон то ўзлигини ва ўз илоҳини танимаса, у чин инсон эмас. Ўзлигини танимаган киши қурт-қумурсқа, парандаю-даррандадай гап: туғилади, ейди, кўпаяди ва ўлади. Инсон ўзлигини ва ўз илоҳини таниса, дунёга нима учун кеганини ва тургани билади. Дунёсини ва охратини обод қиладиган ишларни қилади ва икки дунёнинг баракотига етади.

Билган илмига амал қилиш илмнинг барокотидир. Амалсиз илм пўсти йўқ дарахт, либоссиз танадир. Халқимиз “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин”, дейдилар. Бу ҳикматда ҳам илмига амал қилиш улуғланиб, одобсизлик билан билган илмига амалсиз яшаш инсонни одамийлик сафидан чиқарилмоқда.

Илм билан олам тараққий этади, илмсизлик эса кишини тубанлаштиради.

Муқаддас ислом динимиз дунё ва охиратни обод қиладиган барча илмни эгаллашга буюради.  

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳар бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:

يروى عن علي بن أبي طالب-رضي الله عنه–أنه قال: رَبُّوا أبناءكم غير تربيتكم؛ فإنهم مخلوقون لزمان غير زمانكم

Болаларингизга ўзингизникидан бошқа (яъни шариат кўрсатмасидан чиқмаган ҳолда, ўзлари яшаётган давр илмларини) тарбиясини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа давр ва замон фарзандларидир”, – деганлар.

وقال سفيان الثوري: من أراد الدنيا والآخرة فعليه بالعلم.

Суфёни Саврий раҳматуллоҳ алайҳ: “Дунёни ва охиратни истаган илм ўргансин” – деганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Илм ўрганиш – Аллоҳ таолодан қўрқиш, уни талаб қилиш ибодат, билмаганга ўргатиш садақа, уни ўз аҳлига ўргатиш қурбатдир. Илм танҳоликда-ҳамроҳ, хилватда-дўст, тўғри  йўлни кўрсатувчи далил, жаннат йўлининг минорасидир”-дейди.

Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро, у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, – деганлар.

Илм ўқиш билан барака ўринлари билинади. Касб ва ҳунар ўрганиш баракага сабаб бўлади.

Инсоннинг келажакда аҳли солиҳ, баркамол инсон бўлиб етишиши аввало, унинг ёшлигида олган одоб-ахлоқи ҳамда илм-маърифатига боғлиқдир.

Баъзилар илм ва касбни бир-биридан ажратиб, уларнинг бирини иккинчисидан афзаллиги борасида баҳс қиладилар. Аслида илм ва касб бир-бирига боғлиқ, илм билан касб ўрганилади, касб ўрганиш эса айни илмдир.

Ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзу умидлари саналади.

Ёшларни маънавиятли, илм ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш жамиятнинг энг муҳим масалаларидан биридир. Фарзандларимизга ўз илмий-маънавий, меросимизни сингдириш билан бирга, бугунги кун талаб қилаётган интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаш учун янгича фикрлаш, ҳаётга теран назар билан боқиш ва касб-ҳунар,  илму-маърифатнинг янги-янги қирраларини ўзлаштира олишга мададкор бўлмоғимиз даркор.

Холмўминов Жалолиддин
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг