Исмоил алайҳиссалом арабларнинг отаси (давоми)

0
114

Юқорида айтилганидек, Саййидимиз Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амри билан аёли Ҳожар ва ўғли Исмоилни бу муборак ерларда қолдириб, Фаластинга кетган эдилар. Шундай бўлсада, уларни ўз ҳолига ташлаб қўймаган эдилар. Вақти-вақти билан келиб, ҳолларидан хабар олиб турар эдилар.

Орадан йиллар ўтиб, Исмоил алайҳиссалом камолот ёшига етдилар ҳамда Аллоҳ таолонинг инояти ила оилали ва бола-чақали бўлдилар. Шундай кунларни кўрган Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога ҳамду-санолар айтар эдилар. Одатий кунларнинг бирида Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга муборак Замзам қудуғи ёнидан ёлғиз Ўзигагина ибодат қилиниши учун бир байт (байт деганда Аллоҳнинг уйи, яъни масжид деган маъно тушунилади) қуришни ваҳий орқали буюрди. Ёдингизда бўлса, Замзам суви Исмоил алайҳиссаломнинг барокатидан отилиб чиққан эди. Тўхтовсиз отилиб чиқиши натижасида атрофга сув тўпланиб кетганини кўрган Ҳожар онамиз эса, унга қарата “Зам Зам” (Тўхта! Тўхта!) деган эдилар. Сув эса, мазкур ерда тўпланиб, то қиёматга қадар инсонлар ундан баҳраманд бўладиган муборак Замзам қудуғи ҳосил бўлган эди.

Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоил алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Замзам қудуғи ёнидан байт қуришни буюргани ҳақида айтганларида, ўғиллари бу ишда бажонидил ёрдам беришини айтади. Бу сўзлардан Иброҳим алайҳиссаломнинг боши кўкка етади ва: “Аллоҳ таборака ва таолонинг амрини бажаришим учун сен қандай яхши ёрдамчи бўлдинг”, дейдилар.

Шундай қилиб ота-бола ушбу кўҳна байтни қуришга киришдилар: Исмоил алайҳиссалом тошларни олиб келиб отасига узатиб турар эди, Иброҳим алайҳиссалом эса улар ёрдамида бинони қурар эдилар. Иш шу йўсинда давом этар экан, байтнинг деворлари Иброҳим алайҳиссаломнинг бўйларидан ошиб, у зотнинг қўллари етмайдиган даражада кўтарилгач, Исмоил алайҳиссалом бир катта тошни олиб келиб, отасининг оёқлари остига қўйдилар. Иброҳим алайҳиссалом тошни устига чиқиб байтни қуришда давом этдилар. Исмоил алайҳиссалом эса, оталарига ёрдам бериб тошни силжитиб-силжитиб турар эдилар.  

Ва ниҳоят байтнинг қурилиши ниҳоясига етгач, Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қуйидаги оятдаги сўзлари ила Роббиларига дуо қилиб юзландилар:

“وَإِذْ يَرْفَعُ إِبْرَاهِيمُ الْقَوَاعِدَ مِنَ الْبَيْتِ وَإِسْمَاعِيلُ رَبَّنَا تَقَبَّلْ مِنَّا إِنَّكَ أَنْتَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ (۱۲۷) رَبَّنَا وَاجْعَلْنَا مُسْلِمَيْنِ لَكَ وَمِنْ ذُرِّيَّتِنَا أُمَّةً مُسْلِمَةً لَكَ وَأَرِنَا مَنَاسِكَنَا وَتُبْ عَلَيْنَا إِنَّكَ أَنْتَ التَّوَّابُ الرَّحِيمُ (۱۲۸) رَبَّنَا وَابْعَثْ فِيهِمْ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آيَاتِكَ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُزَكِّيهِمْ إِنَّكَ أَنْتَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ (۱۲۹)”

127. Иброҳим билан Исмоил: «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб, байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.

128. «Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан».

129. «Роббимиз, ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан».” (Бақара сураси, 127-129 – оятлар).

Аллоҳ таоло уларни дуоларига ижобат этиб, ушбу байтни то қиёматга қадар инсонлар Ер шарининг турли бурчакларидан келиб зиёрат қиладиган Каъбаи муаззама қилиб қўйди.

Сўнгра Иброҳим алайҳиссаломга инсонларни бу байтни зиёрат қилишга (ҳаж қилишга) чақиришни амр этди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Ей Роббим, мен чақирсам овозим қаёққа ҳам етиб борарди?!”, дедилар.

Аллоҳ азза ва жалла: “Чақириш сиздан, етказиш эса Биздан”, деди.

Роббисининг бу сўзларини эшитган Иброҳим алайҳиссалом тоғнинг тепасига кўтарилиб, бор овози билан: “Ей инсонлар, Аллоҳ таоло сизларга ҳаж қилишни фарз қилди. Байтуллоҳни ҳаж қилинглар”, дея нидо қилдилар. У зотнинг овози олам узра янгради. У овозни эса фақат Аллоҳ таоло ҳаж қилишларини ирода этган зотларгина эшитиб: “Лаббайка Аллоҳумма Лаббайк!” (маъноси: Лаббай Аллоҳим, мана мен қаршингдаман, буйруғиннга бўйсуниб турибман) дедилар.

Ўша инсонлар чақириққа жавоб бериб, таклифни қабул қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига биноан Байтул-Ҳаромнинг зиёратига келдилар.

Аллоҳ таоло ана шу ҳолатни тасвирлаб шундай марҳамат қилади:

“وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَنْ لَا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ (۲۶) وَأَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَى كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ (۲۷) لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ (۲۸) ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ (۲۹)”

“26. Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.

27. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.

28. Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.

29. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла.” (Ҳажж сураси, 26-29-оятлар).

Сўнг Аллоҳ таоло саййидимиз Иброҳим алайҳиссаломга: “Мен ушбу байтни ҳар нарсанинг меваси Ўзимнинг даргоҳимдан ризқ ўлароқ йиғиладиган омонлик ҳарами қилиб қўйдим ҳамда Маккаи мукаррамани муқаддас шаҳар қилиб қўйдим. Унда уруш ҳалол бўлмайди, бирор бир қуш ёки ҳайвон овланмайди, бирорта дарахт суғурилмайди. Ва яна ҳаж ойларини ҳаром ойлар қилиб қўйдим. У ойларда урушиш, беадаб ва уят сўзлар гапириш, тортишиш ва хусуматлашиш мумкин эмас. Ҳаром ойлар: Зулқаъда. Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир”, деб марҳамат қилди.

Ва ушбу муқаддас байт қалблар унга талпинадиган, барча нигоҳларнинг қибласи бўлган бир маконга айландики, турли қабилалар унинг атрофида яшашга талашар, унинг ялангликларини маскан тутишга ўзаро мусобақалашар эдилар. Натижада Маккаи мукаррама инсонлар билан тўлиб тошди ва муқаддас байтнинг ходимлари инсонлар ичида энг афзал, қадри баланд ва мақоми улуғлардан бўлдилар.

Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломларнинг яна бир дуоларининг ижобати ўлароқ ушбу маконга Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўнгги дин бўлмиш ислом дини билан юборди. У зотнинг муборак сийратлари ҳақида, Аллоҳнинг изни ила, яқин фурсатларда батафсил суҳбатлашамиз.

Уларнинг дуоларида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шу муқаддас диёрда таваллуд топишларининг башорати ҳам бор эди. Бу эса қалбида ислом динига нисбатан ғарази бор ҳар бир кимсага ислом ҳақ дин экани ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва олиб келган рисолатига иймон келтириш вожиб эканлигига далолат қилади. Кимки бундан бошқа йўлга эргашса, Аллоҳ таоло уни тўғри йўлга ҳидоят қилмайди ва у жаҳаннамда абадий қолувчи иймонсизлардан бири бўлади.

Дарвоқе, суюкли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўнгги пайғамбар бўлиб келишлари ҳақида саййидимиз Ийсо алайҳиссалом ҳам хушхабар келтирганлар. Бу башорат Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган:

“وَإِذْ قَالَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ إِنِّي رَسُولُ اللَّهِ إِلَيْكُمْ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيَّ مِنَ التَّوْرَاةِ وَمُبَشِّرًا بِرَسُولٍ يَأْتِي مِنْ بَعْدِي اسْمُهُ أَحْمَدُ فَلَمَّا جَاءَهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ قَالُوا هَذَا سِحْرٌ مُبِينٌ (۶)”

6. Ийсо ибн Мариям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсла. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, бу очиқ-ойдин сеҳрдир, дедилар.” (Софф сураси, 6-оят).

Бу ўринда, ҳар бир пайғамбар ўзидан олдин ўтган набийларни тасдиқлаб, ўзидан кейингиси ҳақида башорат бергани сингари, Ийсо алайҳиссалом ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлиб келишлари хушхабарини берганликларига гувоҳ бўлдик.

“Ҳаяту Муҳаммад” китобидан
Рустам Охунд ва Охунжон Аҳмад таржимаси.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг