Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Суюкли ўғил-қизларим, келинг Исмоил алайҳиссалом қандай қилиб арабларнинг отаси бўлиб қолганини билиб оламиз!:
Барча арабларнинг чуқур илдизлари ва узун насаблари бор бўлиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг ўғли Исмоил алайҳиссаломнинг авлодларидандир.
Исмоил алайҳиссалом арабларнинг отаси дейилади. Келинглар, Аллоҳ йўлидаги суюклиларим, Исмоил алайҳиссалом қандай қилиб арабларнинг отаси бўлиб қолганини билиб оламиз.
Исмоил алайҳиссаломнинг отаси Иброҳим алайҳиссалом саййида Сора онамизга уйланган эдилар, лекин аёлларининг ёши ўтиб қолган ва фарзанд кўрмас эдилар. Сора онамизнинг Ҳожар исмли хизматкор жориялари бор эди. Ўзининг ёши ўтиб қолгани ва энди фарзанд кўролмаслиги англаб етгач, “Шояд эримнинг кўзларини қувонтирадиган фарзанд туғиб берса”, деган ўй билан Иброҳим алайҳиссаломга тортиқ қилдилар. Иброҳим алайҳисссалом Ҳожарни ўз никоҳига олдилар ва Аллоҳ таоло уларга Исмоил алайҳиссаломни неъмат қилиб берди.
Улар бундан жуда мамнун бўлдилар. Сўнг аёли Ҳожарни ва фарзанди Исмоилни олиб кимсасиз Маккаи Мукаррама ерларига йўл олдилар. Уша замонларда у ерларда на экин ва на сув бор эди. Улар Маккаи Мукаррама ерларига етиб боргач Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ўғли Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни шу ерда қолдиришни ваҳий қилди. У зот ҳам Роббисининг талабини қабул қилиб, у иккисини ушбу чўл ерда қолдириб, Маккадан жўнашга отланганларида Ҳожар онамиз эргашиб: “Ей ҳожам, қаёққа кетмоқдасиз? Бизни бу ерда ёлғиз ташлаб кетасизми?” дедилар.
Иброҳим алайҳиссалом уларга қарадилар ва кўзлари ёшга тўлиб яна йўлида давом этдилар.
Шунда Ҳожар онамиз иккинчи бор эргашиб: “Буни сизга Аллоҳ буюрдими?”, дедилар. У зот: “Ҳа”, деб жавоб бердилар.
Ҳожар онамиз: “Ундай бўлса У бизни ёлғиз ташлаб қўймайди!” дедилар.
Шунда Иброҳим қуйидаги оятдаги сўзлари ила Роббисига юзланди:
“وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا الْبَلَدَ آمِنًا وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَنْ نَعْبُدَ الْأَصْنَامَ (۳۵) رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيرًا مِنَ النَّاسِ فَمَنْ تَبِعَنِي فَإِنَّهُ مِنِّي وَمَنْ عَصَانِي فَإِنَّكَ غَفُورٌ رَحِيمٌ (۳۶) رَبَّنَا إِنِّي أَسْكَنْتُ مِنْ ذُرِّيَّتِي بِوَادٍ غَيْرِ ذِي زَرْعٍ عِنْدَ بَيْتِكَ الْمُحَرَّمِ رَبَّنَا لِيُقِيمُوا الصَّلَاةَ فَاجْعَلْ أَفْئِدَةً مِنَ النَّاسِ تَهْوِي إِلَيْهِمْ وَارْزُقْهُمْ مِنَ الثَّمَرَاتِ لَعَلَّهُمْ يَشْكُرُونَ (۳۷) رَبَّنَا إِنَّكَ تَعْلَمُ مَا نُخْفِي وَمَا نُعْلِنُ وَمَا يَخْفَى عَلَى اللَّهِ مِنْ شَيْءٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ (۳۸)”
“35. Эсла, Иброҳим демишди: «Эй Роббим, бу юртни омонлик юрти қилгин, мени ва болаларимни санамларга ибодат қилишимиздан четда қилгин.
- Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан.
- Эй Роббимиз, ҳақиқатда мен ўз зурриётимдан, сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар.
- Эй Роббимиз, албатта, Сенинг Ўзинг махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши биласан. Аллоҳ учун на ердаю на осмонда бирор нарса махфий қолмас.” (Иброҳим сураси, 35-38-оятлар).
Сўнг Иброҳим алайҳиссалом қалби хотиржам бўлиб Фаластин ерларига кетдилар. Чунки уларни Аллоҳнинг ғамхўрлиги остида қолдирди. Аллоҳ эса уларни ҳеч ҳам ташлаб қўймайди.
Ҳожар онамиз Аллоҳ азза ва жаллага бўйсуниб фарзанди Исмоил алайҳиссаломни ёнига қайтди. Ўзи билан олган хурмони ер ва сувни ичар эди. Лекин бир муддатдан сўнг суви ҳам, хурмоси ҳам қолмади. Уни очлик ва чанқоқ қийнай бошлади. Исмоил очлиқ оғриғидан букилиб қола бошлади. Онаси эса нима қилишини, егулик ва сувни қаердан топишини билмай унга ҳайрон қараб тураверарди.
Сув излаб Сафо тепалигача югуриб борди ва унинг тепасига кўтарилди, лекин у ерда сув топа олмади. Сўнг пастга тушиб, Марва тепалиги томон югуриб бориб, тепасига чиқди. Аммо у ерда ҳам сув топа олмади. Кейин яна Сафога қайтиб борди, Сафодан яна Марвага. Шу тариқа етти бор (Сафо ва Марва орасидаги масофа бир шавт деб аталади) юрди. Шу пайит қулоғига бир овоз чалинди. Дарров Исмоилни олдига қайтди. Бориб қараса, унинг бармоқлари орасидаги ердан сув чиқяпти. Шунда: “Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар”, деб такбир айтиб, сувни атрофини ўрай бошлади. Сув кўпайиб боравергач: “Зам Зам!”(маъноси Тўхта, тўхта!), деди. Ўзи ва гўдаги у сувдан тўйиб ичишди. Сув эса тўхтамасдан кўпайиб борар эди.
Ҳожар онамиз эса Аллоҳ таолонинг неъматига шукрона сифатида сажда қиларди.
Самодаги қушлар ҳам сувни кўриб, пастга қараб уча бошладилар. Ўша пайтда Журҳум қабиласи саҳрони кезиб юрарди. Қушларни пастга тушаётганларини кўриб: “Қушлар қандайдир сувни кўрганлиги учун пастга тушаётган бўлса керак”, деб шу томон йўл олдилар.
У ерда Ҳожар онамизни кўришгач, сувнинг эгаси у эканлигини билдилар ва ушбу ўринда жойлашишга изн сўрадилар. Ҳожар онамиз уларга изн бердилар.
Шу тариқа Журҳум қабиласи Замзам суви атрофида жойлашишди ва шароит ёққани сабабли у ерда ўрнашиб, муқим бўлиб қолишди. Исмоил ҳам улар орасида, уларнинг болалари билан бирга вояга етди. Улардан араб тилини ўрганиб, бу тилда худди улар сингари гапирадиган бўлди.
Исмоил улғайиб, уйланадиган ёшга етгач, Журҳум қабиласидан уйланди. Тез орада Исмоилнинг фарзандлари пайдо бўлди. Аллоҳ таоло Исмоилнинг зурриётига барака берди. Унинг авлолидан бўлган Адноннинг икки ўғли бўлиб, уларнинг исмлари Маъад ибн Аднон ва Акк ибн Аднон эди. Акк ибн Аднон Яман ерларида ўрнашди. Яманнинг подшоҳи Зу Нувос эди.
Маъаднинг авлодлари унинг фарзанди Низор орқали тарқалган. Низорнинг авлодларидан турли қабилалар пайдо бўлган. Шу йўсинда бу муборак ерларда Исмоил алайҳиссаломнинг авлодлари асрлар оша кўпайиб борди ва ниҳоят Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссолату вассалам ушбу авлоддан чиқдилар.
Давоми бор…
“Ҳаяту Муҳаммад” китобидан
Рустам Охунд ва Охунжон Аҳмад таржимаси