Тошкент ислом институтида «Дунё уламолари мурожаати» китоби тақдимоти ўтказилди

0
1358

2016 йил 25 май куни Тошкент ислом институти мажлислар залида “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан нашр қилинган “Дунё уламолари мурожаати” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирни институт талабаси Қуръони карим тиловати билан бошлаб, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров олиб борди. Дунёнинг айрим минтақаларида авж олаётган низолар, интернет тармоғи орқали тарқалаётган ахборот хуружлари ҳар бир кишини ташвишга солмасдан қўймайди. Бундай мураккаб даврда мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларни хушёрлик ва огоҳликка чақириш ишларини янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Куни кеча нашрдан чиққан “Дунё уламолари мурожаати” номли китобда дунёнинг бугунги кунда эътироф этилган забардаст уламолари томонидан Ислом динининг мусаффолигини сақлаш, турли-туман туҳматлардан, эътиқодимизга зид сўзлардан ҳимоя қилиш мақсадида берилган фатволар, маърузаларидан намуналар келтирилган. Шунингдек, китобда мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарур бўлган тавсиялар берилган. Тақдимот маросимига Ўзбекистон Президент девони масъул ходими Э.Ибрагимов, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими бошлиғи С.Шерхонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, ЎМИ матбуот котиби Ж.Нуриддинов, ЎМИ ходимлар бўлими мудири К.Бурхонов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири А.Дўсматов, Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров ва институт ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этишди. Қатнашчилар ўз нутқларида дунёнинг турли чеккаларида муқаддас Ислом номидан содир этилаётган террористик ҳаракатлар, исломий тушунча ва ғояларни бузиб талқин қилган ҳолда соддадил мусулмонларни чалғитишни бартараф қилиш ҳақида фикр билдиришди. Шунингдек, динимизнинг бағрикенглик, мўътадиллик ва инсонийликка йўғрилган мусаффо таълимоти аҳоли, хусусан, ёшларимизга тўғри тушунтириш заруратини тобора ошириш кераклигини таъкидлашди. Тадбир сўнгида ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари юртимиз тинчлиги учун дуо ҳайрлар қилиб бердилар. Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими muslim.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг