Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуроллари

0
401

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг истакларига кўра ночорликда кун кечирганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Аммо, жанг қилиш ва сафарга чиқишлари учун бир нечта қурол ва уловлари бўлганлиги ҳақида ҳам манбаларда келтирилган.
   Жумладан Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Мухаммадий” асарида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қурол-аслаҳалари ва уловлари ҳақида қуйидагича маълумотлар келтирилган.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари вақтида тўққиз дона қиличлари бор эди:
    Булар ичида оталари Абдуллоҳдан мерос қолган бир қилич бўлиб, оти Маъсур эди. Мадинага ҳижрат қилганларида шу қилични тақиб келдилар.
 Иккинчиси, Зулфиқор қиличидур. Бу эса Бадр сўқишида душмандан ўлжа олинмиш эди. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу қўлига ўтгандан сўнгра тилларда достон бўлиб, дунёга оти чиққан шу қиличдур.
   Самсома деган яна бир қиличлари бор эдиким, араблар олдида унинг ҳам номи кўтарилмиш эди. Сулаймон пайғамбардан қолган яна бир қиличлари бўлиб, отини Расуб дер эдилар. Бу қиличнинг қиссаси Қуръонда ҳам бордур. Яман подшоси Билқис хотин Сулаймон алайҳиссаломга тортиқ қилиб юбормиш эди. Отлиқ-атоқлик қиличлари шулардир. Етти кишилик уруш кийими, совутлари бўлиб, булар ичида биттаси Довуд алайҳиссаломдан қолган, уни яҳудлардан ўлжа олмиш эдилар.
   Вафотларидан озгина илгари шу совутлардан бировини ўттиз соъ арпага гаров қилганлари ҳадис китобларида ёзилмишдур. Уч дона қалқон, олти дона найза, икки дона дубулғалари бор эди. Минарлик уловлардан етти от, олти хачирлари бўлиб, булар ичида бир оқ хачир Миср подшоси Муқовқис юборган ҳадялар билан келмиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда шуни кўпроқ минар эдилар. Бул хочир узун умр кўриб, тишлари тушиб, кўзлари хиралашиб яшамиш эди.
   Ҳазрати Али розиялоҳу анҳу хаворижлар билан урушганида шу хачирни минган эдилар. Ҳазрати Али розиялоҳу анҳудан кейин имом Ҳасан розиялоҳу анҳу, имом Ҳусан розиялоҳу анҳу, имом Муҳаммад Ҳанафия минган эдилар. Яна икки эшаклари бор эди. Бирининг оти Яъфур, яна бириси Уфайр эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнгра Яъфур ўзини қудуққа отиб ҳалок қилди.
  Яна миниш учун боқилган учта туялари бўлиб, улар Қасво, Жадъо, Азбоа деб аталмиш эдилар. Булар ичида Азбоа бек чопоғон — югурук бўлиб, пойга чопишганида туялар ҳеч олдига ўтмаган эди. Саҳобалар муни пойгага қўшар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларида шу туялари мотам тутиб, емай-ичмай, охири очликдан ҳалок бўлди.
   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликлар ичида сутни яхши кўрар эдилар. Соғишга аталган бир неча қўй, эчкилари ҳам бор эди. Бу ҳақда еттидан юзгача ривоят қилинмишдир. Тун саҳарларида, намоз вақтларида қичқирганини яхши кўриб, бир дона оқ хўроз ҳам асраган эдилар.
  — Хўроз қичқирганини эшитсанглар, Аллоҳдан яхшилик сўраб дуо қилинглар, чунки у фаришталарни кўриб қичқиради. Агар фаришталар “омин” десалар, дуо қабул бўлади. Агар эшак ҳанграса, унда Худодан паноҳ сўранглар, у эрса шайтонни кўриб ҳанграйди, — дедилар.
   Мана, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умрларининг охирида қўлларидаги бор моллари шу эди. Булар ҳам ҳижратдан кейин йиғилган моллардур. Ҳижратдан илгари Маккада турган чоғларида ва Мадинага янги келганларида энг фақир, энг мискин оилалар қаторида умр ўтказур эдилар. Кўпчилик халққа кўрсатган, ўргатган йўллари эрса, Қуръоннинг зоҳирий шариат йўллари эрди. Лекин ўзлари оилалари билан тариқат йўлини тутдилар Абу Зар Ғифорий, Салмон Форсий, Абу Дардо розиялоҳу анҳулар каби хос саҳобаларига ҳам ихтиёрий равишда шу йўлни ўргатдилар. Чунки шариат камоли тариқат билан бўлур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
— Менинг уламо умматларим Бани Исроил пайғамбарлари кабидур, дедилар.

Саидаброр Умаров тайёрлади
манба:muslim.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг