Шавкат Мирзиёев Ҳадис илми мактаби ва илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди

0
210

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилинди.
Маълумки, 2016 йили Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ёнида илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билан чиққан эди. Кейинчалик Президентимиз ушбу марказ лойиҳаси ва қурилиши билан бир неча бор танишди. Унинг мазмун-моҳияти, ҳатто, рангининг қандай бўлишигача белгилаб берди. Бугунги кунда қурилиш ва пардозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Марказнинг биринчи қаватида музей ташкил этилган. Унда Имом Бухорийнинг ҳаёти, илмий сафарлари акс этган. Музей марказига «Саҳиҳи Бухорий» китобининг қадимий қўлёзма нусхаси қўйилган.

Музей билан танишар экан, Президентимиз бу жой зиёратчиларга Имом Бухорий ҳақида тасаввур, билим беришини таъкидлади.

– Дунё харитасида яна бир илмий марказ пайдо бўлди. Бу марказ мамлакатимизга илм, барака олиб келади. Ёшларимизга билим, куч беради. Бу ерда ўқиганлар, зиёратга келганлар катта маънавият, маърифат олади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Марказ илмий ходимлари томонидан “Имом Бухорий таърифи”, “Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси”, “Лубобул ҳадис асари” каби 17 та китоб нашрга тайёрланди.

Хорижий мамлакатларнинг кутубхона фондларида сақланаётган 535 та қўлёзма ва тошбосма асарларнинг электрон нусхалари олинди. Марказда сақланаётган 1 168 та асарнинг каталоги тайёрланди.

Давлатимиз раҳбари қўлёзма китобларни авайлаб сақлаш, таржима қилиб, халққа етказиш бўйича кўрсатмалар берди.

Имом Бухорий илмий-тадқиқот марказига ҳамоҳанг яна бир олий диний таълим муассасаси – Ҳадис илми мактаби ҳам бунёд этилган. Шавкат Мирзиёев ушбу мактаб билан ҳам танишди.

Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилмоқда. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинган.

Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.

Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.

Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин.

Президентимиз мактабда ўқитиш услубларини такомиллаштириш, халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади

 

манба:muslim.uz
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг