13.05.2016й. ОИЛА – МУБОРАК ҚЎРҒОН

0
367

(15 май – Халқаро оила куни)بسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам жамоат! Ислом дини кишилик жамиятининг бошқа барча жабҳалари қатори оила масаласига ҳам катта аҳамият қаратади ва намунали оилалардан ташкил топган гўзал бир жамият қуриш ғоясини илгари суради. Юксак савияли жамиятни эса мустаҳкам оилаларсиз қуриб бўлмайди. Оилани пок асосда қуриб, пок асосда собит бўлиши масаласида Қуръони каримда шундай дейилади:يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً وَاتَّقُوا اللَّهَ الَّذِي تَسَاءَلُونَ بِهِ وَالْأَرْحَامَ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَيْكُمْ رَقِيبًا (سورة النساء/10)яъни, Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир!” (Нисо сураси, 1-оят).       Аллоҳ таоло барча нарсани жуфти билан, яъни эркак-аёл қилиб яратган. Ўз табиатига кўра уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Қуръони каримда шундай дейилади:وَمِنْ كُلِّ شَيْءٍ خَلَقْنَا زَوْجَيْنِ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ (سورةالذّاريات/49)яъни: “Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик”. (Зориёт, 49).Яна бошқ бир ояти каримада шундай дейилади:سُبْحَانَ الَّذِي خَلَقَ الْأَزْوَاجَ كُلَّهَا مِمَّا تُنْبِتُ الْأَرْضُ وَمِنْ أَنْفُسِهِمْ وَمِمَّا لَا يَعْلَمُونَ(سورة يس/36)яъни: “Ер ундирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган зот (Аллоҳ) тасбеҳ айтилишга лойиқдир”.(Ёсин, 36).Ислом таълимотига кўра, оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Қуръони каримнинг Наҳл сурасида шундай марҳамат қилинади:وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ …(سورة النّحل/72яъни, “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради. …”.عَنْ عَبْدِ اللهِ بنِ مَسْعُودٍ رَضى الله عَنْهُ قَال: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِصَلَّي الله عَلَيْهِ وَسَلَمْ يَقُولُ: يَا مَعْشَرَ الشَّبَابِ، مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمُ الْبَاءَةَ فَلْيَتَزَوَّجْ، فَإِنَّهُ أَغَضُّ لِلْبَصَرِ وَأَحْصَنُ لِلْفَرْجِ، وَمَنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَعَلَيْهِ بِالصَّوْمِ، فَإِنَّهُ لَهُ وِجَاءٌ. (رَوَاهُ الْخَمْسَةُяъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун сақланишдир» деганларини эшитдим» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида:” أَلنِّكَاحُ سُنَّتىِ فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنًّتيِ فَلَيْسَ مِنىِّ ” (رواه إبن ماجهяъни: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас” (яъни умматимдан эмас), деганлар.Азиз намозхонлар! Ислом никоҳ алоқасини (робитасини) инсоний алоқалар ичидаги энг муқаддас муомалага айлантирган. Чунки бу алоқа Аллоҳнинг амри ила, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлиги ила қуриладиган муқаддас алоқадир. Аллоҳ таоло инсон ҳаёти маълум низом асосида, иффат ва поклик асосида, муҳаббат ва севги асосида, ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида бўлиши учун никоҳга амр этган. Аллоҳ таоло инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, ҳаром-ҳаришдан, ифлосликлардан ва уларнинг оқибатида келиб чиқадиган бало-офатлардан сақлаш учун никоҳга буюрган. Аллоҳ таоло никоҳни барча пайғамбарларининг суннати, азиз-авлиёларнинг одати, инсон зурриётининг боқий қолиши учун, наслининг кўпайиши учун энг яхши васила қилиб қўйган.Эркак-аёл ўртасидаги муқаддас робита бўлмиш никоҳ алоқаси туфайли кишилар қуда-анда бўлади, ораларидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, дўстлик, меҳрибонлик ришталари мустаҳкамланади. Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этилади. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини муҳофаза қилишади, даража-мартабага эга бўлишади.Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси шаръий никоҳга боғлиқ масалалардир.Ислом таълимотларига кўра оила қуйидаги асос ва мақсадлар бўйича қурилади:Ушбу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас. Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Ушбу олий мақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун оила асосий макон эмасми? Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб оила қурмоқдаман, деб ният қилган одам гўё ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган шериклик ҳайъати деб қараш керак. Эр-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳимматларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштиришлари, ватанга фойда келтириш учун ҳаракат қилишлари керак. Ўз навбатида келишган ҳолда ҳар ким ўзига хос ва ўзига юклатилган бурч ва вазифаларни виждонан адо этиши лозим бўлади.Оилавий никоҳ алоқаси маънавий, руҳий боғланишдир. Бу алоқа доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак. Мана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат қилиш керак.Оила жамиятнинг кичик бир қисмидир. Ислом таълимотлари бўйича, оила ҳар қандай жамиятга асос бўлувчи ғишт кабидир. Бир бошлиқ, раҳбари бўлмаса, у ҳам парокандаликка юз тутади. Шунга кўра Аллоҳ таоло эрни оилада бошлиқ – раҳбар этиб қўйган. Чунки эркак киши ҳам жисмонан, ҳам маънан шу мақомга лойиқдир. Оиланинг барча нафақаси, сарф-харажати, уни ҳимоялаш эрнинг зиммасидадир. Аммо эркак оилани бошқаришда асло қўполлик, зулм қилиши мумкин эмас. Қолаверса, эрнинг раҳбар қилиниши мутлақо аёлни камситиш эмас. Айрим ғанимлар даъво қилаётганидай унинг ҳуқуқларини чеклаш ҳам эмас, балки оила-рўзғорнинг ташвиш-машаққатларидан фитран нозик яратилган аёлни озод қилиб қўйиш, турмуш оғирликларини табиатан бақувват эркакка юклашдир.Қолаверса, эрнинг раҳбарликка маънавий ҳуқуқи ҳам бор. Чунки у аёлга нисбатан эҳтироси ва ҳаяжонини жиловлай оладиган бўлгани учун ҳам оила тотувлигининг гарови саналади.Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга эришади, иншоаллоҳ. Бу кўрсатмаларга юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда. Шундай оилалардан ташкил топган жамиятлар ҳам кулфат ва бебахтликка дучор бўлмоқда. Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.Юртимиз оилага жамиятнинг асосий негизи сифатида қараб, соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакиллантириш борасида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилган ва оширилмоқда. Жумладан, соғлом авлодни шакллантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказишда йилларга “Оила”, “Она ва бола”, “Соғлом авлод”, “Аёллар”, “Ёшлар” ва “Баркамол авлод йили” деб ном берилишида, жорий йилни “Соғлом она ва бола йили” деб номланишида ҳам жуда катта маъно ва мазмун мужассамдир.Таъкидлаш жоизки, юртимизда, биринчи навбатда, янги қурилаётган ёш оилаларга эътибор қаратишни устувор вазифа, деб билади. Улар томонидан ёш оилалар ижтимоий ҳимояга олиниб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда.Ўзбек халқи тарихига назар ташлайдиган бўлсак, энг қимматли анъаналар: ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби барча инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада шакилланишининг гувоҳи бўламиз.Бугунги кунда ҳам ана шу анъаналарни давом эттириб, ўзбек оилалари оиланинг соғлом иқлими, ота-онанинг бир-бирига меҳри ва ҳурмати шароитида, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар.Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:”مَا نَحَلَ وَالِدٌ لِوَلَدِهِ أفْضَلَ مِنْ أدَبٍ حَسَنٍ” (رواه الترمذيяъни: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди” (Термизий ривояти). Ота-оналар боланинг табиати, хулқ-атвори шу оиладаги муҳитга қараб шакилланишини эсдан чиқармасликлари зарур. Уларнинг вазифаси худди тажрибали табибнинг беморга нисбатан муносабатига ўхшаш бўлиши керак. Маълумки, солиҳ фарзандлар осмондан тушмайди. Балки ота-она назоратида оила ичида тарбияланиб, вояга етишади. Болалар тарбиясига улар ёш вақтларида бепарво бўлиш, ёмон кишиларга аралашиб юришларига йўл қўйиш зарарли оқибатларга олиб келади. Содда қилиб айтсак, бола қалби ҳар турли ёзув ёзиш мумкин бўлган бир оқ қоғозга ўхшайди. Унга мумкин қадар яхши ёзувлар ёзиш керак. Улар тарбиясига астойдил киришиш, яхши кишилар бўлиб етишишлари учун бутун имкониятларини ишга солиш зарур.Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумуддин” китобида шундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим тарбия берганлар барчаси савобга шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, халок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.Ҳурматли намозхонлар! Динни ниқоб қилиб олган турли экстремистик ва миссионерлик оқимлари аъзоларининг таъсирига тушиб қолишдан огоҳ ва сергак бўлмоқлигимизни доимо ёдда тутишимиз керак. Фарзандларимизнинг ёзги таътил кунлари ҳам яқинлашиб қолди. Мана шу муносабат билан фарзандларимизни вақтини беҳуда ўтказмасликлари учун уларни турли тўгаракларга ва спорт мусобақаларига жалб қилишимиз лозим бўлади.Аллоҳ таоло барчаларимизнинг оилани муқаддас билиб, уни муборак бир қўрғонга айлантиришга интиладиган ҳамда оила бахти учун қайғурадиган инсонлардан бўлишга муяссар айласин, Омин!

muslim.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг