Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари

0
136

Аллохнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У Зотнинг сифатларини билиш ила ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло:
«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг»,
деган (Аъроф сураси, 180-оят).

Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло яна:
«У Аллохдир, Холиқдир, Бори-дир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва Унинг Узи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир», деган (Ҳашр сураси, 24-оят).

Ҳашр сурасининг бу сўнгги оятида Аллоҳнинг бир неча гўзал исмлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:
Холиқ — яратувчи;
Бориъ — йўқдан бор қилувчи;
Мусаввир — махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи.
Дунёдаги барча гўзал, чиройли исмлар Аллоҳникидир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
«Кимки тонг чоғида уч марта «Аъузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм», деса ва Ҳашр сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло салавот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади».
Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган Ҳашр сурасининг уч ояти юқоридаги ояти карима ва сурада ундан олдинги икки оятдир.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:
«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир», деган (8-оят).
Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат ва фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси танҳо Унга хосдир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида:
«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам барибир. Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт», деган (110-оят).
Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолиб, дарҳол:
Муҳаммад яккахудоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.
Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфининг жавобига ушбу оят нозил бўлган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.
«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам барибир».
«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.
«Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт».

Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам, Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал исмларни ёд олган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини доимо зикр қилиб юрадиган банда бўлади.
Аммо бу, Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққиздан бошқа исми йўқ, дегани эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари кўп.
Қўйидаги ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари сифатида машҳур бўлган тўқсон тўққиз исмининг зикри келади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Роҳман, Роҳийм, Малик, Қуддус, Салом, Муъмин, Муҳаймин, Азийз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бориъ, Мусоввир, Ғаффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Хофиз, Рофиъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хобийр, Ҳалийм, Азийм, Ғафур, Шакур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалийл, Карийм, Роқийб, Мужийб, Восиъ, Ҳакийм, Вадуд, Мажийд, Боъис, Шаҳийд, Ҳаққ, Вакийл, Қовий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳйий, Мумийт, Ҳайй, Қайюм, Вожид, Можид, Воҳид, Сомад, Қодир, Муқтадир, Муқаддим, Муаххир, Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин, Волий, Мутаъолий, Барр, Таввоб, Мунтақим, Афувв, Роъуф, Моликул Мулк, Зул Жалали вал Икром, Муқсит, Жомиъ, Ғаний, Муғний, Мониъ, Зорр, Нофиъ, Нур, Ҳодий, Бадийъ, Боқий, Ворис, Рошийд ва Собур», дедилар».
(Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳоким ривоят қилганлар).

Сунний ақийдалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг