Қуръони каримнинг 500 йиллик нусхаси ватанига қайтарилди

0
573

Қуръони каримнинг бу нусхаси XVI асрда Миср ҳукмдори бўлмиш Қансу ал-Ғурига тегишлидир. Шунинг учун бу Каломуллоҳни “Қансу ал-Ғури” номи билан ҳам аташади. 1884 йилда Каломуллоҳ мамлакатнинг миллий кутубхонасида қайд этилган. Бу Қуръонда Оли Имрон сурасининг 92 оятидан, Нисо сурасининг 23 оятигача насх ёзувида ёзилган. Китобнинг ҳар бир саҳифасидаги чизиқлар ва оятлар орасидаги масофа олтин билан белгиланган.

Ушбу нусханинг аҳамияти шундаки, бу китоб бир замонлар мавжуд бўлиб кейин йўқолиб кетган Мамлуклар (XIII асрдан XVI асргача Ўрта Шарқда асосан Миср ва Сурия орасида мавжуд бўлиб, кейин йўқ бўлиб кетган султонлик) подшоҳлигига тегишли ягона қўлда ёзилган намуна эканлиги билан ажралиб туради. Бу даврда босилган Қуръони каримларнинг ёзуви, жилди ва зийнатланиши бошқа даврдагилардан буткул фарқ қилади. 2018 йил 24 октябрь куни Лондоннинг Соубей аукционида 500 йиллик Қуръони каримнинг “Қансу ал-Ғури” қўлёзма нусхаси эркин сотувга қўйилганди. Бироқ бир неча кун ўтиб Миср маданият вазирлиги унинг савдосини тўхтаб қўйган. Миср Миллий кутубхонаси ва Миллий архив агентлиги Лондонда сотилиши тўхтатилган Қуръони каримнинг қўлёзма нусхаси ҳозирда мамлакатга қайтарилганини маълум қилди. Мисрнинг бу икки ташкилоти ҳозирда қўлёзманинг эгалари билан боғланиб, йўқолган нусхаларнинг эгалик ҳуқуқини тиклаш механизмлари устида иш олиб бормоқда.

манба: islom.uz
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг