АЛЛОҲНИНГ ИСМЛАРИ ВА СИФАТЛАРИ

0
218

Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У Зотнинг сифатларини билиш ила ҳосил бўлади.
Аллоҳ таоло:
«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг», деган (Аъроф сураси, 180-оят).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло яна:
«У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир», деган (Ҳашр сураси, 24-оят).
Ҳашр сурасининг бу сўнгги оятида Аллоҳнинг бир неча гўзал исм-лари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:
Холиқ – яратувчи;
Бориъ – йўқдан бор қилувчи;
Мусаввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи.
Дунёдаги барча гўзал, чиройли исмлар Аллоҳникидир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
«Кимки тонг чоғида уч марта «Аъузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм», деса ва Ҳашр сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло салавот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади».

«Сунний ақийдалар» китобидан

Улашиш
АввалгиЭнг гўзал ўрнак
НавбатдагиҚИРҚ ФАРЗ
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги расмий веб сайти.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг