29.04.2016й. ИСРО ВА МЕЪРОЖ МЎЪЖИЗАСИ

0
868

بسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам жамоат! Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ҳар йили ҳижрий-қамарий тақвим бўйича Ражаб ойининг йигирма олтинчи кунидан йигирма еттинчи кунига ўтар кечаси – Исро ва Меърож кечасини кенг нишонлайдилар. “Исро” ва “Меърож” ҳодисалари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган буюк мўъжизалардандир. Расулуллоҳнинг алайҳиссалом Исро ва Меърожларини ҳақ деб билиш имон шартларидандир.  “Исро” сўзи луғатда «тунги сайр», “меърож” эса “зина, кўтарилиш” деган маъноларни билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадаги Масжидул-Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул-Ақсога боришлари ҳодисаси «Исро» дейилади. Меърож ҳодисасининг асл маъноси эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир кечадаги мўъжизавий саёҳатлари ва юксак мақомга кўтарилганларидир. Бу ҳодиса Қуръони каримда, айни “Исро” сурасида шундай зикр этилади:سُبْحَانَ الَّذِي أَسْرَى بِعَبْدِهِ لَيْلًا مِنَ الْمَسْجِدِ الْحَرَامِ إِلَى الْمَسْجِدِ الْأَقْصَى الَّذِي بَارَكْنَا حَوْلَهُ لِنُرِيَهُ مِنْ آَيَاتِنَا إِنَّه هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ  (سورة الاسراء/1яъни: “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги)Масжиди Ҳаромдан (Қудсдаги) Биз атрофини баракотли қилган Масжиди Ақсога тунда сайр қилдирган зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У Самеъ (эшитувчи) ва Басир(кўрувчи)дир”.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу кечада Маккадаги Масжидул-Ҳаромдан Қудсдаги Масжидул-Ақсога бориб, ўша ердан осмонга кўтарилиб, Аллоҳ билан сўзлашишга мушарраф бўлганлар. У зотнинг Қудсгача бўлган саёҳатлари “Исро воқеаси” деб номланиб,юқоридаги ояти карима билан тасдиқланган. Осмонга, яъни Сидратул Мунтаҳога, Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишлари эса “Меърож воқеаси” деб аталади ва унинг тафсилотлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларида келган. Муҳаддисларнинг ривоятига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтон намозидан сўнг аммалари Умму Ҳонеъ бинти Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида “Исро” ҳодисаси бошланган. Ўша кечаси Байтул Мақдис (Масжидул-Ақсо)га Буроқ деган жонзотга миниб борганлар. Сўнгра у ердаги катта харсанг тош устида турганларида Меърожга кўтарилганлар. Ҳозирги пайтда ўша тош устига қубба-гумбаз қурилган, унинг думалоқ шаклдаги сурати бутун дунёга тарқаган, кўплар уни Масжидул-Ақсо билан адаштириб юради.Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Исро ҳодисаси айрим дин душманлари иддао қилаётганидай, туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари билан қилган сафарларидир. Агар бу туш ёки руҳий сафар бўлса, унинг мўъжизалиги қолмас эди. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бу сайрни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғоқ ҳолатларида, ҳам жисман, ҳам руҳан амалга оширганликларига иттифоқ қилишган. Исро ҳодисаси Исломнинг илк ёйилиши тарихидаги энг машаққатли, мусибатли ва оғир дамларда содир бўлди. Бу даврга келиб, Макка мушрикларининг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчиликларида кам сонли мусулмонларга нисбатан тазйиқ ва таъқиблари, озор ва қийноқлари кучайган, уларнинг мусулмонларни Аллоҳнинг динидан қайтариш йўлидаги уринишлари ҳаддан ошган эди. Мусулмон жамоаси учун таҳликали, машаққатли ва оғир бир давр келган эди. Бунинг устига Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни мушрикларнинг ҳужум ва озорларидан ҳимоя қилиб келган Абу Толиб ва Ҳадича онамиз вафот этишган эдилар. Ғам устига ғам келди, шунинг учун ҳам бу йил Ислом тарихида “Ҳузн йили” (ғам йили) номини олди. Аллоҳ таоло ана шундай оғир бир пайтда одамларни Исломга даъват қилишда қийналиб қолган Пайғамбарига далда бўлиш, у зотнинг руҳларини кўтаришни ирода қилди ва Исро ва Меърож мўъжизасини ато этди.Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни кечаси Маккаи мукаррамадан бир зумда Байтул Мақдисга олиб борди ва у ердан Меърожга олиб чиқди. Бу эса, шундай оғир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мусулмонлар учун катта тасалли эди. Ноумидлик кайфиятини сўндириб, умид учқунларини аланга олдириш эди. Айни пайтда Исро воқеаси кишиларнинг имонини синаш омили ҳам эди. Ҳар бир нарсага моддий исбот-далил талаб қилиб турган мушрикларга бу воқеа ортиқча гап-сўзлар учун яна бир қулай фурсат бўлса, мўмин-мусулмонман деб юрганларнинг имони қанчалик қатъийлигини синаш омили ҳам эди.Азиз намозхонлар! Меърожда, яъни осмонга кўтарилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлганлар. Ҳар бир осмонга етганда Жаброил эшикни очишни сўрардилар. Қўриқчи фаришталар: “Ким у?” деб сўрашарди. “Жаброил”, деб жавоб берардилар. Қўриқчилар: “Ёнингдаги ким?” деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом: “Муҳаммад”, десалар, улар: “Шундайми, у пайғамбар қилиб юборилдими?” деб сўраб, эшикни очишарди.Меърожда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар осмонда бир пайғамбар ва кўплаб фаришталар билан кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолатини кўрдилар. Сидратул Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламидаги кўпгина ажойиботларини кўрдилар. Ўша кечанинг ўзида ортларига қайтган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматга бир қатор маънавий ҳадялар келтирдилар: кунда беш вақт намоз ўқиш, Аллоҳга ширк келтирмаслик, гуноҳларига тавба қилганларнинг кечирилиши ҳақидаги хушхабар ва Бақара сурасининг охирги уч оятини олиб келдилар. Пайғамбар алайҳиссалом Меърожда кўрганларининг қиссасини тўлалигича аммаллари Умму Ҳонеъга сўзлаб берганлар. Сидратул Мунтаҳо ва Меърождаги бошқа нарсалар ҳақида Қуръони каримда  қатор маълумотлар келган:وَلَقَدْ رَآَهُ نَزْلَةً أُخْرَى  عِنْدَ سِدْرَةِ الْمُنْتَهَى عِنْدَهَا جَنَّةُ الْمَأْوَى  إِذْ يَغْشَى السِّدْرَةَ مَا يَغْشَى مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى  لَقَدْ رَأَى مِنْ آَيَاتِ رَبِّهِ الْكُبْرَى(سورة النّجم/13-18яъни, “Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни илк бор ерда кўргач, яна) иккинчи бор кўрди. “Сидратул Мунтаҳо” дарахти олдида. Маъво боғи ҳам ўшанинг олдидадир. Ўшанда Сидра дарахтини ўраган нарса (нур ёки олтин паррандалар) ўраб олган эди.(Пайғамбарнинг) кўзи (четга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат, у Парвардигорининг буюк аломатларини кўрди” .Муҳаммад алайҳиссалом Меърож ҳодисасида Аллоҳнинг қудратига далил бўлувчи улкан белгиларни, жумладан, Обод Уйни (осмонда фаришталар тавоф қиладиган уй, яъни Байтул Маъмурни), ўтган кўпгина пайғамбарларни, Жаброил алайҳиссаломнинг асл ҳолатларини ва бошқа ғайбий (яширин) нарсаларни кўрдилар. Ғайбга тааллуқли мазкур нарсалар Пайғамбар алайҳиссаломга кўрсатилишининг ҳикматлари кўп. Жумладан, у зот одамларни даъват қиладиган нарсаларни ўз кўзлари билан кўриб, қалбларидан тасдиқлаб олсалар, уларни динга чақиришлари осон кечади. Одамларга ҳужжат келтиришлари осон бўлади, қолаверса, мўминларнинг қалблари таскин топади.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:قال رسول الله: “لَمَّا كَذَّبَنِي قريشٌ قُمْتُ في الحِجْرِ، تَجَلَّى اللهُ لي البيتَ المقدسَ فطفقْتُ اُخبرُهم عن آياتِه وأنا أنظرُ إليه” (رواه البخاري ومسلمяъни: “Қурайш мени Исро ҳақида ёлғончи қилганида ҳижрда (Каъбанинг ёнидаги маълум жой) турдим. Аллоҳ менга Байтул Мақдисни кўрсатди. Мен унга назар солатуриб, уларга унинг белгиларини айтиб бердим” (Имом Муслим ривояти).Муҳтарам жамоат! Исро ва Меърож воқеалари орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий йўлбошчи эмас, балки бутун анбиёлар жамоасининг аъзоси ва пешвоси эканларини эълон қилди. У киши бирор юрт ёки айрим халқлар учун юборилган бошлиқ эмас, самовий таълимот орқали бутун дунёни икки олам саодатига бошловчи пайғамбарларнинг охиргиси эканларини эълон қилди. Исро ва Меърождан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини очиқ равишда турли қабилаларга таништиришни, уларни Исломга чорлашни бошлаб юбордилар.Аҳли суннат вал жамоа ақидасининг муҳим қисми Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Меърожларига – уйғоқликларида жасадлари билан осмонга ва ундан Аллоҳ таоло хоҳлаган жойга чиққанларига ишонишдир. Шу боис бу кечанинг мусулмонлар учун аҳамияти катта. Бу кечада қазо намозлари, хусусан, ҳожат намозларини ўқиб, Аллоҳдан афв-мағфират ва ҳожатларни сўраш тарғиб қилинган ишлардан саналади. Аллоҳ таоло барчаларимизга Исро ва Меърож кечаларини муборак айласин, уни гуноҳларимиз мағфиратини сўрайдиган баракотли кечалардан қилсин, омин!

muslim.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг