ИСЛОМДА САБР ВА ШУКРНИНГ ҚИЙМАТИ

0
827

Аллоҳ субханаҳу ва таоло бу буюк дин билан бизларни юксакка кўтариб, уни ҳаётимиз гултожи қилган ҳамда барча инсонлар учун абадий саодат насибасига бириктирган вақтда ушбу динни мустаҳкам қоида асосларига ҳамда Аллоҳ субханаҳу ва таоло чақирган одоблар жумласига биноан ўрнатиб уни ўз китобида ифодалаб берди. Сўнг Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам ўзининг шарафли нубувват йўли билан бу қоидаларни тушунтириб берди. Лекин оғир мусибат шуки мусулмонлар шундан кейин ҳам икки гуруҳга бўлинди. Уларнинг бир қисми ушбу мустаҳкам қоида асосларининг барчасидан юз ўгириб уни орқаларига ташлаб юборди. Яна бир қисми ушбу асосларга юзланиб амалий муомалада бўлдилар. Аммо улар ҳам кейин ўсишдан тухтаб бу асослардан тақлидий ўлик шиорларни пайдо қилдилар. Бугунги кун мусулмонлари ёки бугунги кун одамлари мана шу икки гурухга тақсимланиб булар ва анавилардан бошқага истисно қилинмайди, фақат Аллоҳ раҳм қилган кишигина тўғри йўлда юради.Бизнинг хаётимизда ўсишдан тўхтаб кўпдан-кўп ўлик шиорларга айланиб қолган ушбу қоида ва асослар ҳақида тўхталмокчи бўлсак мен бугунги кунда уларнинг бирига диққат эьтиборингизни қаратишни маьқул деб билдим. Бу ҳақиқий ислом динидаги эьтиборга лойиқ муҳим бўлган нарса – Аллоҳ субханаҳу ва таолога шукр қилишдир. Шукр ушбу диннинг бошдан охиригача барпо бўлишидаги фақирлик устунидир.  Агарда инсон Аллоҳ таоло унга буюрган шукр билан уйғонса ўз нафсини Аллоҳ таолонинг барча буйруқларига масьул деб билиши лозим. Лекин диннинг бошдан охиригача барпо бўлишидаги фақирлик устунига ўхшатилаётган бу буюк асос, бугунги хаётимизга келиб ўлик шиорларга ва шукр ифодасининг тақлидий муомаласига айланиб қолди. Ушбу калима тилларда дўстлар, яқинлар учрашганда жуда кўп такрор ва такрор айтилади. Улардан бири шеригининг ҳолини сўраганда унга бериладиган биринчи жавоб Алхамдулиллаҳ Аллоҳга шукр, бўлади. Лекин ушбу сўзни айтаётган ҳам уни эшитаётган ҳам унинг маьноси нимага далолат қилишини тушуниб етмайди. Чунки у тиллардан қулоқларга кўчиб ўтадиган тақлидий сўзга айланиб қолган. Ушбу сўзда гапирувчи кўз олдига келтирадиган, эшитувчи қабул қиладиган ҳеч бир тириклик маьноси топилмайди. Аллоҳга шукр, ваҳолангки бу инсоннинг айтаётган сўзи воқеликда ёлғон бўлади. Бутун хаёти сўзлаётган ушбу чақириққа қарама-қарши холда ўтади.Шундай экан, Аллоҳ таолога бўлган хамд, сано ва шукр сўзини ифода қилиш эл орасида кенг тарқалаётган таьбир(ифода)дир. Лекин бу маьнолари ҳалок бўлган ўлик иборалардир. Диннинг бошдан охиригача барпо бўлишидаги ҳақиқий фақирлик устуни бўлган ушбу сўз бугунга келиб сариқ чақалик қиймати йўқ ўлик шиорга айланди. Агарда мусулмонлар Аллоҳ субханаҳу ва таолога ўзи буюрганидек амалда шукр қилганларида эди, уларнинг бугунги шармандалик ҳолатига тушганларини кўрмас эдингиз. Уларни маст бўлиб дунёга юзлангаларини, ҳавои нафс ва унинг истакларига тушганларини кўрмас эдингиз. Улар ҳавои нафснинг водийлари ичига чуқур кириб бориб Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг буйруқларини унутдилар ёки ўзларини унутганга солдилар.Улар бир диннинг соясида сақланиб турганлардир. Лекин улар ҳаётидаги қоида ва асослар ўлик шиорларга ўзгаргач, Аллоҳ субханаҳу ва таоло уларнинг соясидан ҳимояланаётган динларини уларга ҳеч бир нарса тақдим этмайдиган ва бирор фойда бермайдиган ўлик шиорга айлантириб қўйган. Агар ҳақиқий шукр инсон кўча-кўйда дўсти ва яқинини кўрганда тилларида такрор ва такрор айтаётган "Худога шукр" сўзи бўлганида инсонларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг шокир бандалари бўлар ва Аллоҳнинг ушбу сўзига тўғри келмай қоларди:      "Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир" (Сабаь 13).Лекин ҳақиқий шукр бу эмас. Неьматга бўлган ҳақиқий шукр, инсон Аллоҳ азза ва жалла берган неьматни ўз ўрнида ишлатишдир. Мана шу уламолар билдирган Аллоҳ таолонинг шукридир. Унинг неьматларига Аллоҳ учун шукр қилишинг Аллоҳ сени икром қилган ушбу неьматни Аллоҳнинг буйруғини амалга ошириш учун, унинг йўлида юриш учун ва Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг розилигида ҳаракат қилишингдир.Агарда сен Аллоҳ субханаҳу ва таоло буюрган шукр маьноларининг бирига мувофиқ келаётган кишига назар солиб қарасанг, Аллоҳнинг шукрига тоқат қилаётган озчилик одамларни кўрасан.Молу бойлик шукрга муҳтож бўлган неьматдир. Чунки уни сенга берган Аллоҳдир. Аллоҳ таоло сени хурмат қилиб берган озми-кўп неьматга сенинг шукринг қандай бўлиши керак? Берилган молу бойликка Аллоҳ учун қилишинг керак бўлган шукр шуки, ушбу бойликни Аллоҳ нима учун яратган бўлса шунга йўналтиришингдир. Уни сенга Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг розилигига эриштирадиган йўлда ишлатишинг ва бошқа барча ноўрин йўллардан уни тўсиб қўйишингдир.Сенга берилган офият энг буюк неьматлардан биридир. Бу неьмат учун ҳам Аллоҳга миннатдорчилик божини тўлашинг лозим. Офият неьмати учун Аллоҳга шукр қилиш қандай бўлади? Бу учун Аллоҳга қилинадиган шукр соғлигинг хотиржамлигинг ва ғайратингни ҳаммасини Аллоҳ таоло тузиб қўйган шариьат йўлида ишлатишинг ҳамда Аллоҳ субханаҳу ва таоло сенга буюрган вазифаларни тиклашга ишлатишингдир. Кейин саломатлигинг ва офиятинг самараси бўлган ушбу ғайратингни Аллоҳ харом қилган ва қайтарган барча нарсалардан узоқлаштиришингдир.Аёл ва уйинг ҳам бебаҳо неьматлардир. Буларга Аллоҳ учун қилинадиган шукр қандай бўлади? Бу сен ва аёлинг биргаликда Аллоҳ таоло белгилаб қўйган муносабатларни қоим қилишга ва бу муносабатни Аллоҳнинг дини учун яхши хизматчи бўлишида ўзаро шартнома тузиш билан бўлади. Кейин ушбу муносабатни иймон ва исломда Аллоҳни мақтаб поклайдиган оилани барпо қиладиган йўл бўлиши учун аҳдлашиб олиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 18-оятида "Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмайсизлар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир", деб айтганидек, унинг сон саноқсиз неьматлари учун Аллоҳга шукр қилмоқ лозим.Мен тоат ва ибодатлар ичида шукрдек турли ибодатларни ўзида жамлаган нарсани билмайман. Шукрда ҳамма ибодатлар ўз аксини топган. Шукр манбасидек, бандани Холиқига боғлайдиган хеч тугамайдиган ажр манбасини тасвирлаб бера оладиган бошқа хеч бир қоида ва асосни билмайман. Шукр бандани Аллохга боғлайдиган ажр манбаидир. Уламолар сабрнинг савоби кўпроқми ёки шукрнингми? деган саволни қадимдан бериб келадилар. Фақирнинг фақирлигига қилган сабрининг ажри кўпроқми ёки бойнинг бойлигига қилаётган шукрининг ажри кўпми? Мен ушбу саволдан ажабланиб хайрон бўламан. Чунки мен шукрнинг ниҳоясига фақатгина сабрдан иборат кўприк орқали етиб бориш мумкин эканини яхши биламан. Инсоннинг бойлик, офият, аҳли-аёл, уй, болалар ва бошқа неьматларига Аллоҳ азза ва жаллага миннадорчилик билдирувчи шокир банда бўлиши учун сабр босқичидан ўтиши лозим. Хар бир шукр қилувчи инсон, сабр қилувчи ҳам бўлиши керак. Лекин хар бир сабр қилувчи инсон шукр қилувчи эмас. Сабрга мажбур қиладиган фақрлик жуда кўп. У қанчалар уриниб ҳаракат қилса ҳам Аллоҳ субханаҳу ва таоло ҳукмининг ҳудудларидан ҳеч чиқиб кета олмайди. У ўзига айтади: мен сабрли бўлсам шунда мен сабрнинг ажрига етаман. У сабрнинг ажрига етади, лекин соҳибини воқеликдаги таянишга мажбур этаётган сабр билан, инсон ўз ихтиёри билан сабр кўприги орқали ўтиб борадиган шукр орасидаги катта фарқни кўрдингизми.Аллоҳ сени ҳурмат қилиб берган бойлик неьмати, нафснинг истак ва ҳохишларига мос келадиган ҳар-хил ҳаёт тарзларига етаклаб борадиган турли йўлларни оча оладиган калитдир. Ушбу калитга ўхшатилаётган бойлик неьмати учун Аллоҳга қилинадиган шукр шуки, Аллоҳ ҳаром қилган эшикларни беркитишинг ва ушбу неьмат билан у эшиклар орасида сени ўтишинг учун биргина эшикни қолдириб қолганларини ёпишингдир. У Аллоҳ тўғри йўналтирган мана шу шариат эшигидир. Энди сен бойлик учун Аллоҳга шукр қилиш сени турли-туман сабрга муҳтож этишига назар солгин. Биргина бойликни Аллоҳ тузиб берган йўлдагина ишлатишинг, ноўрин ишлатишдан эҳтиёт бўлишинг ва бундаги сенга дуч келадиган қийинчиликларга сабр қилишинг берилган бойлик неьматига қилаётган шукринг бўлади.Сенга берилган кўз неьмати, сен Аллоҳ субханаҳу ва таоло қайтарган ишдан яьни номаҳрамларга қарашдан кўзингни юмишга чидаб сабр қилганингда ушбу кўз неьматини шукрини адо қила оласан. Бу ҳам турли туман кучлик сабр билан амалга ошади. Нафсинг номаҳрамга тикилишга чорласа сен Аллоҳдан қўрқиб бу истагингни қилмасликка чидаб сабр қилишинг лозим. Инсон вужудида оқиб турган офият саломатлик ҳам шундай неьматдир. Агар инсон офият неьмати учун Аллоҳга шукр қилмоқчи бўлса биринчи навбатда нафсини сабр кўчасида топиши лозим. Нафсини ва вужуди томонга йўналган офияти ва саломатлигини Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан қайтаришга уриниши лозим. Ҳатто кейин Аллоҳ буюрган шукр босқичига етади. Хуллас инсон сабр қилувчи бўлгандагина шукр қилгувчи бўлади. Ҳаммамиз сабрнинг мукофотини биламиз. Аллоҳ Қурьонда айтган:"Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар,10).Ажр оладиган тоатларнинг энг буюги сабрдир. Агарда ушбу ҳақиқат бўлмаганида ёки сабрнинг аҳамияти ва муҳимлиги ҳамда сабр шукрга олиб ўтадиган ягона кўприк бўлмаганида Аллоҳ бандаларини сабр қилишга ишонтирмас эди. "Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки ютуққа эришсангиз" (Оли Имрон,200). Агарда мусулмонлар шукр ҳақиқатини йўқотиб уни ўлик шиорларга айлантиришлари ўрнига, унинг ҳақиқатини маҳкам тутсалар, уларнинг бугунги холи қандай бўларди?Лекин улар бебаҳо нарсани ташлаб арзон нарсага эргашдилар, уларга таклиф этилган ушбу шукрга бор кучини сарф қилиш ўрнига ўзларида Аллоҳга миннатдорчилик билдирувчи ёлғон даьволарни пайдо қилдилар. Улар Аллоҳ таолога шундай муносабатда бўлганларидан кейин Аллоҳ ҳам уларга шунга яраша муомала қилди. Мана шунинг учун ҳам бугунги мусулмонлар хаётида шуьла каби кўринган ислом кўринишларини сурат ва шаклларда кўрасан. Хаттоки ушбу шуьладек кўринишлардан ҳам ёмонроғига ўтса унинг чириши, бўлиниши ва уммат бирлигини йўқотиш учун айланиб юрган нафратларни кўрасан. Мусулмонлар қалбини молу дунёга ҳамда ўзаро тортишув ва жанжалларга боғланиб қолгани, шунингдек Аллоҳдан юз буришларини кўрасан. Хуллас биз Аллоҳга қандай муносабатда бўлсак Аллоҳ ҳам бизга шундай муносабатда бўлади.Муҳаммад Саьид Рамазон Бутий хутбаси.1992- йил, 10-октябр."Эшонгузар" жоме масжиди имом-хатиби Ғуломов Абдуллажон таржимаси.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг