Дуо ёзилган туморни тақиб юриш жоизми?

0
2106

Савол:

Кўз тегмасин, деб чақалоқларнинг қўлига кўзмунчоқ тақиб қўйиш бидъат эканлигини биламан. Лекин дуо, оятлар ёзилган тумор тақиб юриш мумкинми?

Жавоб: 

Дарҳақиқат, кичик ёшдаги гўдакларга мунчоқ тақиб қўйиш бидъат-хурофот ҳамда мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган нарсадир. Аммо ёш болаларнинг тили чиқмаганлиги ёки ёдлаш қобилияти йўқ бўлгани сабабли Қуръон оятларини ёдлай олмаса, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ишларига тақлид қилиб, оят ва дуоларни ёзиб, тақиб қўйиш мумкин.

Абдуллоҳ ибн Умар саҳобалар ичида энг тақволи ва суннатга энг эргашувчи шахс сифатида танилган зот бўлганлар. Болаларининг ўзлари Қуръон ёдлайдиган бўлгунча шу оятларни ёзиб, тақиб қўйган эканлар. Ақлини таниб, оят ёдлай оладиган бўлганидан кейин бу иш мумкин эмас. Агар кўз тегишидан ёки яна бошқа нарсалардан чўчиса, ўзи оятларни ўқиб, ўзига дам солиб юриши керак.

Аввало, ҳамма нарса Аллоҳ таолодан эканлигини қалбга жойлаб, бунга қаттиқ эътиқод қилмоқ лозим. Ётаётганида ҳам, турганда ҳам, кўчага чиқаётганда ҳам Қуръон оятлари, хусусан, «Оятул Курсий», «Каафирун», «Ихлос», «Фалақ», «Наас», «Ёсин» сураларини ўқиб, дам солиб юриш ҳадисларда тавсия этилган. Валлоҳу аълам.

“Зикр аҳлидан сўранг” китобидан
Манба:Islom.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг