18.03.2016й.НАВРЎЗ – МИЛЛИЙ ШОДИЁНАМИЗ

0
577

بسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам намозхонлар! Юртимизга баҳор фасли ташриф буюрди. Замин уйғонмоқда. Барча-барчаларимиз интиқиб кутган Наврўз айёми – яшнаш ва яшариш палласи кириб келди. Аллоҳ таоло ер осмонни, коинот ва ундаги барча жисмларни Ўзининг азалий илми билан яратди. Уларда кеча-кундуз, иссиқ-совуқ, баҳор, ёз, куз ва қиш мавсумлари бирин–кетин алмашинувини жорий қилди. Бу ҳолатни қуйидаги ояти карималар мисолида яққол тасаввур қиламиз:وَالْقَمَرَ قَدَّرْنَاهُ مَنَازِلَ حَتَّى عَادَ كَالْعُرْجُونِ الْقَدِيمِ لَا الشَّمْسُ يَنْبَغِي لَهَا أَنْ تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ (سورة يس/39-40яъни: Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз. На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на тун кундан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузиб юрадилар. (Ёсин 39-40). Аллоҳ таоло Ўз иродаси билан инсон ер юзини обод қилиши ва унда чиройли ҳаёт кечириши учун лозим бўлган ҳаво, сув, қуёш ва тупроқни унга бўйсундирди. Осмонлардан сув ёғдириб, инсон ва барча мавжудот учун ризқ бўлган наботот оламини ўстирди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:خَلَقَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا وَأَلْقَى فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَنْ تَمِيدَ بِكُمْ وَبَثَّ فِيهَا مِنْ كُلِّ دَابَّةٍ وَأَنْزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنْبَتْنَا فِيهَا مِنْ كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ (سورة لقمان/10яъни: “Кўраяпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди ва унда турли жондор(лар)ни тарқатиб қўйди. Яна Биз осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, (ерда) турли чиройли (ўсимликларни) ундириб қўйдик” (Луқмон, 10). Муҳтарам жамоат! Қадимда аждодларимиз Наврўзи олам арафасида она юртимизни янада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратишган. Аллоҳ азза ва жалла баҳор мавсумини борлиқ ва табиатда яшариш, яшнаш, ўзгаришларнинг бошланиши этиб қўйди. Баҳор келиши билан табиат узоқ қиш уйқусидан уйғониб жонланади, набототлар ниш уриб чиқади, юртнинг қут-баракаси, тўкинлиги ва фаровонлиги манбаи бўлган зироат, деҳқончилик ишлари бошланиб кетади. Наврўз байрами янги фаслнинг бошланиши, табиатнинг уйғониши, деҳқончилик ҳосилига асос қўйилиши жиҳатидан энг халқчил байрам сифатида кўп асрлардан буён бизнинг юртимизда ҳам катта тантана қилиб келинади. Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳам: “Ҳар тунинг “Қадр” ўлубон, ҳар кунинг ўлсун “Наврўз”, деб бу кунни алоҳида ёд этганлар. Бу байрам халқимиз Ислом дини билан шарафланишидан олдин ҳам бўлган, Исломдан кейин ҳам у дин таълимотларига ва мусулмон ақидасига зид бўлмагани учун ҳануз нишонлаб келинади. Наврўз байрами қиш фаслидан чиқиб, баҳор айёмига соғ-саломат етганимиз ҳамда ерга уруғ қадайдиган фурсат етгани муносабати билан деҳқонларнинг ҳам баҳор байрами сифатида нишонлайдиган мавсумий тадбири ҳисобланади. Муҳтарам жамоат! Наврўз айёми халқимиз учун шарқона янги йилнинг бошланиши, энг қадимий, асл миллий, энг ардоқли байрамдир. Наврўз деҳқончилик ишларининг бошланиши, янги мавсумга кириш вақти саналади. Наврўз байрамида оммавий халқ сайиллари уюштирилган, янги униб чиққан кўкатлардан, баҳорий таомлар: сумалак, ҳалим, кўксомса, кўкчучвара каби тансиқ таомлар пиширилган. Ўзбекистонда ҳам мустақилликка эришилганидан кейин бошқа қадриятлар қатори Наврўз байрами ҳам қайта тикланди. У ҳозир мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва қишлоқларда байрам сайиллари, томошалар, бошқа байрам тадбирлари ўтказиляпти, айни пайтда хайрия ташкилотлари ёрдамида меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олинмоқда, уларни байрам билан қутлаб, турли совғалар, хайр-эҳсонлар тақдим этилмоқда. Таъкидлаш жоизки, Наврўз байрамининг дин ёки эътиқодга умуман дахли йўқ бўлиб, ушбу кун азал шарқ халқларида янгиланиш, яшариш байрами, деҳқончилик мавсумининг бошланиши, янги ҳаёт палласи сифатида кўрилган. Азизлар! Бугун биз – барчамиз Аллоҳ берган ризқ-насибамизни кўриб, фарзандларимизга таълим-тарбия бериб, осуда умр гузаронлик қилмоқдамиз. Бинобарин, тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвордигор Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ ادْخُلُواْ فِي السِّلْمِ كَآفَّةً… (سورة البقرة الآية 208яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз”….! (Бақара сураси, 208-оят). Уламоларнинг таъкидлашларича, “Ёппасига” сўзи барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари, унинг барқарорлиги ва бардавомлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклигини билдиради. Дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисларга назар солсак, барча халқлар ҳам ана шу тинчлик деб аталмиш улуғ неъматдан бирдек баҳраманд эмаслигининг гувоҳи бўламиз. Бунинг натижасида қариялар тинч-хотиржам ҳаёт кечиришдан, фарзандлар рисоладагидек таълим-тарбия олишдан маҳрум бўлиб, турли ақидапараст гуруҳларнинг қўлида хору зор бўлиб қолмоқдалар. Шунинг учун ҳам биз юртимизда ҳукм сураётган тинч-хотиржам ҳаёт ва барқарор тараққиёт учун Яратганга амалий шукрона қилмоғимиз, ғараз мақсадли кимсаларнинг фитналаридан ҳамиша огоҳ бўлмоғимиз керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллолоҳу алаҳи вассалам ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилганлар: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Табароний ривояти). Қанчалик огоҳ ва ҳушёр бўлсак, муқаддас юртимиз, тинчлигимиз, оиламиз ва фарзандларимизга ёмон кўз билан қараётган кимсалар содир этиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатардан йироқ бўламиз. Зеро, неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Муҳтарам жамоат, бугунги шодиёна айёмда, Аллоҳ таолога барчаларимизни ушбу қутлуғ дамларга соғ-саломат, тинчлик-омонликда етказгани учун шукроналар айтамиз. Аллоҳ таолодан бу йилги баҳорни ҳам юртимиз учун баракотли қилиб, халқимизнинг яхши ниятларда қадаган уруғлари сермаҳсул бўлишини насиб айлашини, маҳаллаларимиз ва юртимизнинг янада обод – кўркам бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошлармизни тинч-омонликда сақлаб, икки дунё саодати йўлида олиб бораётган амаллари ва сайъю ҳаракатларига баракотлар ато этишини сўраб дуолар қиламиз. Омин!2016  ЙИЛ,  18  МАРТ КУНИДАГИ ЖУМА ТЕЗИСИГА ҚЎШИМЧА ИЛОВАبسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам жамоат! Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Муфтий  ҳазратлари билан мулоқотда бўлиб, ҳайвонлардан одамларга ўтадиган юқумли касалликлар тўғрисида ҳар бир фуқаро хабардор  бўлиши,  бу касалликларни олдини олиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва ўта хавфли касалликлар ҳақида кенг жамоатчилик билиши лозимлиги борасида сўҳбат бўлди. Эътиборингизга қўйидаги касалликдан хабардор бўлиб ундан эҳтиёт бўлишга чорлаймиз.            Мана шундай ўта хавфли касалликлардан бири Ботулизм касаллиги  овқатдан заҳарланишнинг энг оғир тури ҳисобланиб, помидор, бодринг, бақлажон икраси, турли хилдаги шарбатлар каби уй шароитида тайёрланган  консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш  натижасида содир бўлади. ботулизм микроби консерва қилинган маҳсулотларда, кислородсиз (ҳавосиз)  муҳитда кўпаяди ва кўпайиш жараёнида  энг кучли бўлган ботулин заҳарини  (ботулотоксин)  чиқаради. Уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулоти истеъмол қилинганидан сўнг 2 соат, баъзан 2-3 кун ўтгач ҳолсизланиш, кўнгил айниши, қайт қилиш, кўришнинг хиралашиши, нарсаларни иккита бўлиб кўриниши, овознинг бўғилиши каби заҳарланиш аломатлари кузатилади. Заҳарланишнинг биринчи белгилари пайдо бўлиши билан  шифокорга муролжаат қилинмаса, касаллик ўлимга олиб келиши мумкин.Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, банкадаги консерва ташқи кўринишидан ўзгармаган, қопқоғи шишмаган бўлиши, очиб истеъмол қилинганда, унинг таъмида ҳам ўзгариш сезилмаслиги мумкин.Уй шароитида  тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида одамлар заҳарланишини олдини олиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилиш керак:-                            уй шароитида турли маҳсулотлардан консервалар тайёрлаш тавсия этилмайди, чунки уларнинг хавфсизлигини кафолатлаб бўлмайди;-                            бозорларда, кўчаларда фуқаролар томонидан уйда тайёрланиб, ноқонуний равишда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилманг;-                            савдо дўконлаоридан консерва маҳсулотларини харид қилганда, ёрлиғи, қайси корхона томонидан  ишлаб чиқарилганлиги,  ишлаб  чиқарилган санаси ҳамда яроқлилик муддатига эътибор бериш зарур. Ишлаб чиқариш корхоналарида тайёрланган консерва маҳсулотларининг хавфсизлиги кафолатланган.Касаллик аломатлари пайдо бўлган ёки сезилган ҳар бир ҳолатда, зудлик билан шифохонага мурожаат қилинг. Касалликнинг ўз вақтида аниқланиши, беморнинг тўлиқ даволанишига замин яратади.Ўзингиз, яқинларнгиз, қўни-қўшниларингизни ботулизм касаллигидан сақлашга бефарқ бўлманг!          Аллоҳ таолодан бу каби иллат ва касалликдан барчаларимизни ҳифзу-ҳимоя қилишни, юқорида зикр этилган эҳтиёт чораларига амал қилишимизни насиб айласин. Ҳақ таоло ҳаммаларимизга икки дунё саодатини муяссар этсин! Омин.

muslim.uz

Улашиш
АввалгиҒилдирак
НавбатдагиФинал беллашуви олдидан
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги расмий веб сайти.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг