26.02.2016й.УМР ЗАВОЛИ

0
367

بسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам жамоат! Ислом дини мусулмонларнинг ақли, насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади. Аммо кишилик жамиятида шундай иллат ва балолар борки, улар юқорида тилга олинган барча инсоний асосларга бирданига таҳдид қилади. Ана шундай ҳалокатли иллатлардан бири гиёҳвандликдир.“Аср вабоси” деб ном олган бу иллатнинг ҳозирги пайтдаги кўлами ва зарари шунчалик улканки, уни бутунлай даф қилишга бирор давлат ёки тузилманинг кучи етмаётир. Бу шундайин даҳшатли иллатки, у инсоннинг ақлига ҳам, наслига ҳам, диний эътиқодига ҳам, мол-мулкию, шаън-обрўсига ҳам бараварига шиддатли тажовуз қилмоқда.Ҳозирги асримизда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бири бўлиб турибди. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабабчидир. Зеро, бу Аллоҳнинг яратиш ҳикмати ва таълимотига зид ишдир. Аллоҳ таоло барчамизни огоҳлантириб айтадики:وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ  …(سورة البقرة/195яъни: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси 195-оят).Сарвари коинот Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Зеро, жисм, тана аъзолари соғлом бўлиши ва уларни турли зарарли одатлардан, касалликлардан сақлаш ҳар бир кишининг муҳим бурчи бўлиб ҳисобланади. Янгидан-янги дори-дармонлар қанчалик кўпаймасин, тиббий муассасалар сони ва сифати, шифокорлар савияси ва тиббий техника сифати қанчалик  яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги устида қайғурмаса кутилган натижага эришиб бўлмаслиги айни ҳақиқатдир. Инсон учун энг бебаҳо бойлик саломатлик бўлиб, уни асраш эса ҳар биримизнинг қўлимизда. Бироқ буни гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлганлар англашганида эса анча кеч бўлади. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига хавф солиш билан бирга, мамлакат тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.Муҳтарам жамоат!  Ислом дини таълимоти инсон зотига ҳар томонлама катта аҳамият беради. Уни турли зарарли одат ва салбий аҳлоқсизликлардан асраб авайлайди, зеро ислом шариатининг асосий мақсади ҳам динни, инсон руҳи ва обрўсини, ақл ва мол-мулкини эҳтиётлаб сақлашга қаратилган Ислом динида инсон мазкур беш заруриятни асрашга амр қилинган бўлиб, улардан бирига зарар етказиш ёки унга бепарво бўлиш қатъиян қораланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:الَّذِينَ يَتَّبِعُونَالرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ الَّذِي يَجِدُونَهُ مَكْتُوبًا عِنْدَهُمْ فِيالتَّوْرَاةِ وَالْإِنْجِيلِ يَأْمُرُهُمْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَاهُمْ عَنِالْمُنْكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ الطَّيِّبَاتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ الْخَبَائِثَوَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَالْأَغْلَالَ الَّتِي كَانَتْ عَلَيْهِمْفَالَّذِينَ آَمَنُوا بِهِ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَاتَّبَعُوا النُّورَ الَّذِيأُنْزِلَ مَعَهُ أُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ. (سورة الأعراف157яъни: “Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга(Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир», (Аъроф сураси -157 оят).         Ояти карима мазмунидан кўриниб турибдики, динимиз жамиятдаги ҳар бир кишидан сиҳат-саломатлигига катта аҳамият беришини талаб этади. Динимиз таълимоти шунингдек, жамиятнинг энг фаол қисми  ёшларга ҳар томонлама етук, жисмонан соғлом, ақлан баркамол бўлишига алоҳида диққат-эътибор қаратади. Сир эмаски, ҳозирги вақтда бутун жаҳонда, шу жумладан, диёримизда ҳам гиёҳвандлик ва унинг кенг оммага, хусусан ёшларнинг ҳаёти, сиҳат-саломатлигига салбий таъсир этаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилган ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Бирлашган миллатлар ташкилоти Қарорига биноан 1 март Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб асарлар ёзишган, чунончи Имом Саноний шундай дейди: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи  назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими – у мутлоқ ҳаромдир”.Имом Аъзам (раҳмутулоҳи алайҳ) мазҳабларидаги охирги мужтаҳид уламолардан Ибн Обидин ҳазратлари Ибн Ҳажардан нақл этиб шундай дейди: “Банг-афюн истемол этишда 120 хил диний ва дунёвий зарар, офатлар бўлади”.Гиёҳвандлик – инсоннинг гиёҳванд моддага ўрганиб қолишига айтилади. Аҳоли, айниқса баъзи бир ёшлар орасида маълум бир кишилар ўзларининг интизомсизлиги, фойдали меҳнат билан шуғулланишни истамаслиги, ўз-ўзини назорат қила олмаслиги, ота-оналарнинг назоратидан четда қолганлиги ва шундай моддаларга қизиққанлиги учун гиёҳванд бўлиб қолмоқдалар. Баъзилар гиёҳванд моддани истеъмол қилиш одатини  кейинчалик ташлаш осон деб ўйлайди. Бу хато фикрдир, мутахассисларнинг таъкидлашича, одам бу моддага жуда тез ўрганиб қолади. Тананинг бунга эҳтиёжи кескин ортиб боради. Тананинг фаоллиги сусайиб, қарамлик-мутелик ҳолати юзага келади. Бундай касалликка дучор бўлмаслик учун аввало, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш лозим. Баъзи бировларнинг алдовларига ишонмаслик, бу йўлга ундовчилардан  узоқроқ юриш, заҳри қотилнинг қандай мудҳиш оқибатларга олиб келишини мудом унутмаслик керак.Гиёҳвандликка ружу қўйган одам оиласини, шунингдек жамиятни ҳам издан чиқариши мумкин. Қарийб ўттиз йил давомида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ўнта оилани кузатган француз олими Демманинг ўрганишича, мазкур оилаларда дунёга келган болаларнинг деярли аксарияти ногирон бўлиб туғилган. Тинимсиз заҳри қотилни истеъмол қилганларнинг аксарияти эса ўпка саратони, асаб, бўғма касалликлари билан оғриб, ҳаётдан эрта кўз юмган. Гиёҳвандлар ўз-ўзини эҳтиёт қилиш қобилиятини йўқотадилар. Кўпчилиги ўзини-ўзи ўлдиришга ҳаракат қиладиҲазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:” كُلُّ مُسْكِرٍ خَمْرٌ وَ كُلُّ خَمْرٍ  حَرَامٌ ” (رواه ﻣﺴﻠﻢ яъни: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, дейилади (Имом Муслим ривояти).Бошқа бир ҳадисда” نَهَى النبى صلَّي عليه وسلم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ ” (رواه أحمد و ابو داودяъни: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилади(Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ножоиз. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ҳаром қилинган.Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари, балки юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиш қилиш билан баробардир.  Зеро, инсон ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум.Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг ҳам динимизнинг ҳам душманлари бўлиб,  уларнинг охиратлари барбод бўлади.Юртимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда.Муҳтарам азизлар! Сизу биз ота-оналар, ёши улуғлар панду насиҳатларимизни, ҳаётий тажрибаларимизни ўсиб келаётган жондан азиз фарзандларимиздан аямаслигимиз, уларни гиёҳвандлик йўлига кириб қолмаслиги учун доимо назорат қилиб боришимиз, илм-ҳунар ўргатишимиз, жисмоний меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланишига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни пок неъматлардан истеъмол қилишни насиб айлаб, умр заволи-гиёҳвандлик, каби иллатлардан Ўзининг ҳифзу-ҳимоясида сақлашини сўраб илтижо қиламиз. Аллоҳ таоло дуоларни қабул қилувчи ва Ўзигина ёрдамчидир.

muslim.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг