МУҲАРРАМ ОЙИНИНГ РӮЗАСИ ВА УНИНГ САВОБЛАРИ

0
1106

“Тавба” сурасининг, 36-оятида шундай дейилади: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойлардир. Ана шу тўғри диндир. Бас, ўша (ой)ларда жанг қилиб ўзларингизга зулм қилмангиз!…”  
(изоҳ – ушбу тӯрт ой Муҳаррам, Ражаб, Зул-қаъда, Зул-ҳижжа ойларидир) 

Муҳаррам ойи ҳақида саҳиҳ ҳадиси шарифда шундай дейилади: 
“Рамазондан кейинги афзал рӯза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойидаги рӯзадир… “
(Муслим ривояти).

Муҳаррам ойининг ӯнинчи куни Ашуро куни дейилади. Бу кун алоҳида фазилатларга эга бӯлиб, у ҳақида кӯплаб ҳадислар келган.

Қуйида ушбу ҳадислардан намуналар келтирамиз.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини (Муҳаррам ойининг) ўнинчи куни тутишга буюрдилар”. 
(Термизий ривояти).

Бу ҳадисга Имом Термизий шундан илова қилганлар: “Ибн Аббоснинг ҳадиси ҳасан-саҳиҳ”, дир.

Ривоят қилинишича, ушбу кунда Аллоҳ таолонинг буюк мўъжизаларидан бири рўй берган. Унда Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг лашкарларини сувга ғарқ қилиб, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавми Бани Исроилни улардан халос қилган. Шу боис Мусо алайҳиссалом Аллоҳга шукр тарзида бу кунда рӯза тутганлар.

Ашуро куни ҳатто Мадинадаги яҳудийлар ҳам рӯза тутганликларини кӯриб, Набий алайҳиссалом бошқаларни ҳам шунга даъват қилганликлари ҳақида ушбу ҳадисда шундай маълумот берилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага борганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутаётганларини кўриб, “Бу нима?”-деб сўрадилар. Шунда: “Бу хайрли кун бўлиб, унда Аллоҳ таоло Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу сабаб Мусо ушбу кунда рўза тутган”, – деб жавоб беришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен Мусога (эргашишга) сизлардан кўра ҳақлироқман”, – дедилар ва бу кунда рўза тутиб, бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”
(Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти)

Ашуро куни яҳудийлар рӯза тутиш билан бирга, бу кунни байрам ҳам қилганликларини кӯрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу куннинг фазилати улуғлигини тушуниб, ӯз саҳобаларига: “Сизлар ҳам бу кунда рўза тутинглар!”-дедилар”. 
(Бухорий ва Муслим ривояти).

Абу Қатодадан ривоят қилинишича: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ашуро куни рўзасининг фазилати ҳақида сўраганида, У зот: «Мен Аллоҳдан умид қиламанки, у бир йиллик (кичик гуноҳлар)га каффорат бўлади»,- дедилар». 
(Аҳмад ривояти)

Ашуро куни рӯзасини, яҳудий ва насролардан фарқли бӯлиши учун, фақат Муҳаррам ойининг 10 – куни эмас, балки ундан бир кун аввал ва бир кун кейин ҳам қӯшиб тутишнинг савоблари ҳақида қуйидаги ривоятлар келган: 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ашуро куни рўза тутинглар. Аммо яҳудларга хилоф ўлароқ, у кунга қўшиб ундан бир кун аввал ёки бир кун кейин ҳам рӯза тутинглар”. 
(Аҳмад ва Ибн Хузайма ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутдилар ва бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, бу кунни яҳудий ва насронийлар улуғлашади”, – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Келаси йил, иншааллоҳ, тўққизинчи куни ҳам рўза тутамиз”, – дедилар. Бироқ келаси йил келмасдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар”. 
(Муслим ривояти)

Юқоридаги ҳадислар мазмунидан маълум бўладики, Ашуро куни нафақат Ислом динида, балки ундан аввалги бошқа динларда ҳам улуғ кун саналиб, бу кунда рўза тутиш суннати Мусо алайҳиссалом даврига бориб тақалади. Улардан сӯнг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мусо алайҳиссаломга яқинликларини билдириш учун ӯша куни ӯзлари ҳам рӯза тутиб ва бошқаларни ҳам унга ундадилар. Шу сабабли Ашуро куни рӯза тутиш ҳозиргача суннат амалларидан ҳисобланади.

Шундай экан, ҳар бир мӯмин-мусулмон ушбу фазилатли ой ва кун рӯзасини ғанимат билиб, уни савобли амаллари қаторига қӯшишини насиб этсин.

Омийн!

Дониёр Файз

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг