Ҳалолдан келган барака

0
765

Бир дўстим Даммом шаҳридан яшайдиган мева сотувчи билан бўлган қуйидаги воқеани айтиб берди. Ушбу ҳикоя барча учун ибрат бўлади, деган умиддамиз. У савдогар эскирган меваларни идиш тагига қўйиб яширар ва устига янги меваларни қўйиб сотарди. Харидор келса идиш устидаги янги меваларни кўриб билмасдан олиб кетар эди. Савдогар ҳам уларнинг бир хил эканлигига қасам ичарди.

Кунларнинг бирида бир харидор мен каби алдайдиган шеригидан помидор сотиб олгани келди. Унга: “Бу помидорлар қанақа?”, деди. Сотувчи унинг яхши маҳсулот эканини, устидагилар билан тагидагилари бир хил эканини айтди. Келишилган пулни бериб харидор яшикни кўтарди. Шунда яшик ағдарилиб помидорлар ерга тўкилди ва унинг айблари очилиб қолди. Харидор уни шунақа қаттиқ урдики, у ўнг билан чапни ажрата олмай қолди. Бу унинг алдагани ва яширганига жазо бўлди. Барчаси кўз ўнгимда содир бўлди.

Бўлган иш бир киши қўлидан эмас, балки Аллоҳ томонидан берилган жазо эди. Чунки у ҳаром касб қилиб одамларни алдар эди. Мен ҳам ўзимга савдода Аллоҳдан қўрқишга аҳд бердим. Қўшнимнинг калтакланиши мен учун дарс ва Аллоҳга қайтишимга сабаб бўлди.

Мен энди мева солинган яшиклардан айниган ва эскирганларини олиб ташлаб кейин сотадиган бўлдим. Одамлар ҳам менга ишониб, мендан савдо қиладиган бўлишди. Шу ишимдан кейин ризқимга барака кирганини ҳис қила бошладим. Олдинлари одамларни алдаб юрганимда топган пулим дўкон харажатларини ҳам қопламас эди. Ҳозир эса бир ойда минг, ҳатто икки минг риёлгача эҳтиёжлардан ташқари пул орттиряпман. Бошқа савдогарлар ҳам бунга амал қилармикан, деб ўйлаб қоламан. Текширув келсагина тарозидан урмай, алдамай савдо қилиб, бошқа пайт ўз билганларини қилмаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло барча ишни кузатиб туради, кўриб туради ва улардан хабардор бўлади. Сизлар ошкор қилган нарсаларни ҳам, яширган нарсаларни ҳам билади.

Юқоридаги гаплардан кейин Аллоҳга қайтишингиз ва қилган ишларингизга тавба қилиш вақти келмадими?

Ҳонеъ Ҳожнинг “Солиҳлар ҳаётидан минг бир қисса” асаридан
Аъзамхон Абдураҳмонов таржимаси.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг