Ҳазрати Али (р.а.) ни имтиҳон қилмоқчи бўлган ўнта хавориж

0
1923

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламдан муборак ҳадис:

فال النبى عليه السلام انا مدينة العلم وعلى بابها

Мазмуни: Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Мен илмнинг шаҳридурман ва Али ўша шаҳарнинг дарвозасидир».

Бу ҳадиснинг бир неча хаворижлар эшитиб, ҳасад қилдилар ва кенгашиб айтдилар. Бизлардан ўн киши ёлғиз-ёлғиз бориб, Алидан битта масалани сўраб кўрамиз. Агар ҳар биримизга бошқа жавоб берса, Муҳаммаднинг сўзи рост бўлади. Алининг олимлигини тан оламиз.

Шундай деб, Алини имтиҳон қилмоқчи бўлдилар. Улардан бири  ҳазрат Али (р.а.)нинг ҳузурларига келиб:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми? – деб сўради.

Ҳазрат Али:

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

Ҳавориж:

– Қайси далил билан илм афзал? – деди.

Ҳазрат Али:

– Илм пайғамбарлардан қолган меросдир, мол эса кофирлардан қолган меросдир, – дедилар.

Хавориж кетди, бошқаси келиб:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми? – деб сўради.

Ҳазрати Али (р.а.):

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Илм сенга сақловчи ва қўриқчидир, аммо сен молга қўриқчи ва қўрғон бўласан? – дедилар Али (р.а.).

Шундан сўнг у ҳам кетиб, учинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

Ҳазрат Али (р.а.):

– Илм афзал, – деб жавоб бердилар.

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Моли кўп кишининг душмани кўп бўлур, илмлик кишининг дўсти кўп бўлур, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, тўртинчиси келди ва сўради?

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради ҳавориж.

– Молни сарфласанг камаяди, илмни сарфласанг кўпаяди, – дедилар Али (р.а.).

У ҳам кетиб, бешинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Мол кўп киши бахиллик ва лаимлик номи билан эсланади. Илмли киши катталик ва ҳурматлик сиҳати билан ёдга олинади, – деб жавоб бердилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, олтинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – жавоб берди Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – сўради хавориж.

– Молни ўғридан асраш зарур, аммо илмни асрашнинг ҳожати йўқ, чунки уни ўғри ололмайди, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, еттинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзал, – дедилар Али(р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деди хавориж.

– Бой киши қиёматда молидан ҳисобга тутилади. Олим кишининг илмидан ҳисоб олинмайди, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, саккизинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки молми?

– Илм афзалдир, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.

– Мол кўп турса эскириб, чириб қолиб, нобуд бўлади, аммо илм кўп замон турса ҳам табора қувват ҳосил қилади, – дедилар Али (р.а.).

Шундан сўнг у ҳам кетиб тўққизинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзалдир, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзал? – деб сўради хавориж.

– Мол дилни ҳира ва қора қилади, аммо илм дилни равшан ва мунаввар қилади, – дедилар Али (р.а.).

Сўнгра у ҳам кетиб, ўнинчиси келди ва сўради:

– Эй Али, илм афзалми ёки мол афзалми?

– Илм афзалдир, – дедилар Али (р.а.).

– Қайси далил билан илм афзалдир? – сўради хавориж.

– Кимнинг моли кўп бўлса, маст бўлиб, Фиръавндек худоликни даъво қилади, агар илми кўп бўлса, пайғамбарлардек шикасталик билан бандалик қилади, – дедилар Али (р.а.).

Шундан сўнг ҳаворижларнинг ҳаммаси Ҳазрати Али(р.а.)нинг олимликларига ва пайғамбар алайҳиссаломнинг ростгўйликларига тасдиқ қилиб, мусулмон бўлган эканлар. Шунда Ҳазрати Али уларга қараб: – Агар сизлар менинг умрим тамом бўлгунича ушбу сўздан (илмнинг фазилати ҳақида) сўрасангизлар ҳам ҳар бирларингизга бошқа-бошқа жавоб берар эдим, – деган эканлар.

Манбалар асосида Тошкент шаҳар “Иброҳим ота” жоме масжиди
имом-хатиби Худойберди қори Саидов тайёрлади

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг