29.01.2016й. ТИЛ ОФАТЛАРИДАН САҚЛАНАЙЛИК

0
327

بسم الله الرحمن الرحيم Муҳтарамжамоат! Сўз Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидандир. У инсонларнинг ўзаро муомала-муносабат воситаси, тафаккур қуроли, бандаликни адо этиш омилидир. Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, ахлоққа чақирувчи сўзлар уларнинг энг гўзалидир. Аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фисқ-фужур ва фаҳш сўзлар уларнинг энг ёмони ва қораланганидир. Аллоҳ таоло шундай деган:الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ أُولَئِكَ الَّذِينَهَدَاهُمُ اللَّهُ وَأُولَئِكَ هُمْ أُولُو الْأَلْبَابِ(سورةالزّﻣﺮ/18яъни: “Улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар*. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир. (Зумар сураси, 18-оят).Қуръони каримда яна шундай марҳамат қилинади:وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِمَّنْ دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ  (سورة فصّلت/33)яъни: “Аллоҳ (йўли)гадаъватэтганваўзиҳамсолиҳамалқилиб, «Менмусулмонлардандирман»,–деганкишиданкўракимчиройлироқсўзловчидир”?! (Фуссилат сураси, 33-оят.)Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:” مَنْ كَاَن يُؤْمِنُ باللهِ واليومِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْراً اَوِ لْيَصْمُتْ ” (متفق عليهяъни:  «Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин» деганлар (Имом Бухорий). Пайғамбар алайҳиссалом умматни яна қийлу қол (ортиқча, бемаъни сўзлар)дан қайтарганлар (Имом Бухорий).Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий алайҳиссалом тилларига ишора қилиб: «Сен тилингни тий», дедилар. Шунда мен: «Гапирган нарсаларимиздан ҳам сўраламизми?» десам, у зот: «Онанг сени йўқотиб қўйгур, кишиларнинг дўзахга юзтубан ёки кўксилари билан ағдарилишлари фақат тиллари орқали қилган гуноҳлари сабабидандир»,дедилар» (Имом Термизий). Одам тили билан ҳайвондан устун, аммо уни нолойиқ сўзлардан тиймаса ҳайвондан тубан бўлади. Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:”مَنْ قَعَدَ مَقْعَدًا لَمْ يَذْكُرِ اللهَ فِيهِ كَانَتْ عَلَيْهِ مِنِ اللهِ تِرةً وَمَنْ إضْطَجَعَ مَضْجَعًا لا يَذْكُرُ اللهَ كَانَتْ عَلَيْهِ مِنِ الله تِرَةً” (رواه أبو داودяъни: «Ким бир ўринга ўтирсаю Аллоҳни зикр қилмаса, унга  Аллоҳ томонидан нуқсон етади. Ким бир ўринга ёнбошласаю Аллоҳни зикр этмаса, унга ҳам Аллоҳ томонидан нуқсон етади», деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).  Сўзлашнинг, тилнинг офатлари кўп: бемаъни, бефойда сўзларни гапириш, ботил, гуноҳ ишларни сўзлаш, сергаплик ва одамларга ёқиш учун сўзамоллик қилиш, фаҳш, сўкиш, одобсиз, ахлоқсиз ва шунга ўхшаш сўзларни айтиш, ўзгаларни мазахлаш ва устидан кулиш, сирни ошкор қилиш, ёлғон сўзлаш, ғийбат ва бошқалар сўз офатларидир. Буларнинг ҳаммаси қораланган ва инсонлар булардан қайтарилган. Чунки бу сўзларнинг манбаи ёмонлик ва маломатдир. Бугунги жумъа мавъизамизда ана шу тил офатларидан иккита энг муҳимини – ёлғон ва ғийбат масаласини кўриб чиқамиз. Азиз намозхонлар! Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Ёлғончилик барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шу сабабдан одобимизда ёлғон гапришдан қайтарилган. Бир инсоннинг мартаба-амалига, обрў-номига путур етказишга ҳаракат қилиб, бўҳтон уюштириш ва чақимчилик қилиш ҳам ёлғон турларидан бўлиб, энг ёмон иллатлардан саналади. Одамларни кулдириш учун ёлғон тўқиш, кўрмаган тушини кўрдим деб бошқаларга сўзлаш, фарзандга бирор нарса олиб бераман деб алдаш, эшитган ҳар бир гапни суриштирмай тарқатиш, ёлғон гувоҳлик билан ўзганинг молини ўзлаштириб олиш ёлғоннинг энг хатарли кўринишларидир. Ёлғон мусулмонларга ёт бўлган энг зарарли иллатлардандир. Қуръони каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оят бор. Аллоҳ таоло ёлғончиларни қоралаб, шундай марҳамат қилади:إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِ اللَّهِ وَأُولَئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ  (سورة النّحل/105)яъни: “Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”. (Наҳл сураси, 105-оят).Аллоҳ таолога ва Пайғамбар алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш эса куфрдир. Аслида ёлғонни фақат имонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки улар ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақида эътиқодда бўлмагани учун ўйламай ёлғон тўқийверишади. Имом Ибн Ҳажар ва Заҳабий “узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир”, дейишган. Аллоҳ таоло Ўзининг шаънига ёлғон тўқувчиларнинг гуноҳи нақадар қаттиқлиги ҳақида шундай марҳамат қилади:انْظُرْ كَيْفَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ وَكَفَى بِهِ إِثْمًا مُبِينًا (سورة النّساء/50яъни:  “Аллоҳ (шаъни)га қандай ёлғон тўқишларини кўринг! Шу (туҳматнинг ўзи) аниқ гуноҳ учун етарлидир”. (Нисо сураси, 50-оят).Аллоҳ таоло ҳаддан ошувчи, ёлғончи ва кофир кимсаларни тўғри йўлга бошламаслигини айтиб, бундай марҳамат қилади:أَلَا لِلَّهِ الدِّينُ الْخَالِصُ وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِهِ أَوْلِيَاءَ مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى إِنَّ اللَّهَ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْ فِي مَا هُمْ فِيهِ يَخْتَلِفُونَ إِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ هُوَ كَاذِبٌ كَفَّارٌ (سورة الزّﻣﺮ/03яъни: “(Эй, инсонлар!) Огоҳ бўлингизки, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ») қилиб олган кимсалар: «Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (дерлар). Шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва ношукур кимсаларни ҳидоят қилмас”. (Зумар сураси, 3-оят). Мўминлар ёлғонни катта гуноҳ деб билишади. Мўминлар ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқишади.  Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу ривоят қилади:” قِيلَ يَا رَسولَ اللهِ، أَيَكُونُ المؤمنُ جَبَانًا؟ قَالَ: نَعَمْ، قِيلَ لَهُ: أَيكُونُ المؤمنُ بَخِيلًا؟ قَال: نَعَمْ ، قِيلَ لَهُ: أَيكُون المؤمنُ كَذابًا؟ قال: لا” (رواه مالكяъни:  «Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин қўрқоқ бўладими?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин бахил бўладими?» деб сўрашди. «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мўмин ёлғончи бўладими?» деб сўралди. «Йўқ», дедилар» (Имом Молик ривояти).عن عبد الله بن عامر بن ربيعة قال: “جَاءَ رَسولُ الله صَلَّى الله عليه وسلم بَيْتَنَا وأنا صَبِيٌّ صَغِيرٌ، فذهبتُ ألعبُ، فقالتْ أمِّي لِي: يا عبدَاللهِ تَعَالَ أعطيك، فقال رسولُ الله صلى الله عليه وسلم: ما أردَّتَ أنْ تُعْطِيَه، فَقَالَتْ أردتُ أنْ أعْطِيه تَمْرًا، قَال: إمَّا أَنَّكِ لَو لم تَفْعَلِى لكُتِبَتْ عليك كِذبةٌ”(رواه البيهقى)яъни: Абдуллоҳ ибн Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизга ташриф буюрдилар, мен кичкина бола эдим, уйинга берилдим.  Шунда онам: “Олдимга кел, сенга бир нарса бераман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга нима бермоқчи эдинг?” дедилар. Онам “Хурмо бермоқчи эдим”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билиб қўй, агар ҳеч нарса бермаганингда ёлғончи деб ёзилиб қолардинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: «Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг:”عن أبي بكر الصدِّيق رضي الله عنه قال: إيّاكم وَالْكَذِبَ فَانَّ الْكَذِبَ  مُجَانِبٌ لِلإيمَانِ”(رواه البيهقى)яъни: «Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир», деганини эшитдим» (Байҳақий ривоят қилган).Бу каби ҳадислар ёлғондан, ҳатто бир қарашда арзимас кўринган майда алдовлардан жиддий огоҳлантиради, бундай ишлардан четланишни буюради. Бирор ота-она, бирор устоз ва мураббий болани йиғидан тўхтатиш, уларнинг эътиборини бирор нарсага жалб қилиш, жаҳлидан тушириш каби ишларда ўзи ҳам уларга мутлақо ёлғон гапирмаслиги, улардан ҳам ёлғонламасликни талаб қилиши зарур. Бордию ота-она ёки муаллим болаларга ёлғон гапирсаю яна улардан ёлғондан четланишни талаб қилса, бу ёмон иллатдан болани иҳоталашда ҳеч қандай натижага эриша олмайди. Бунинг устига ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига бўлган ишонч ва эътибор йўқолади, уларнинг панду насиҳатларини қадрламай қўяди. Бундан кўриниб турибдики, биринчи муалимимиз ва комил йўлбошчимиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-оналарни, устоз ва муаллимларни ёлғон сўзлашдан қаттиқ қайтариб, Аллоҳнинг Китобида ёлғончилардан деб ёзилиб қолмаслик учун ҳатто болаларнинг эътиборини тортиш, тинчлантириш ёки ҳайратга солиш учун ҳам мутлақо ёлғонлаш мумкин эмаслигини уқтирганлар. Ёлғоннинг жамиятга ҳам, шахсларга ҳам зарари шунчалар кўпки, буларни санаб тугатиш қийин. Буларнинг энг ёмонлари қуйидагилар: 1) ёлғон уни гапирган одамни кўпчилик орасида шармандаи шармисор қилади, гапининг субути қолмайди; 2) ёлғон эгасини дўзахга элтади; 3) ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир; 4) ёлғон мурувват, жамол ва чиройни кетказиб, йўқ қилади; 5) ёлғон ақл ўғрисидир; 6) ёлғончи охири хору зор, хароб бўлади; 7) ёлғон кишининг дин ва диёнатини бузади; 8) ёлғон пасткашлик аломатидир ва ҳоказо.Тили туфайли  инсон турли бало-офатларга учраши сабабидан ахлоқимизда тилга эҳтиёт бўлиш, у туфайли келадиган зарар ва кулфатлардан ҳимояланиш буюрилган. Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун «Ким тилини тийса, нажот топади» дейилган. Тил офатларидан сақланишнинг энг осон йўли турли бемаъни ўтириш-зиёфатлар, ғийбат-хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ёлғон, ғийбат каби тил офатларидан паноҳида асрасин, кам сўзлайдиган, сўзининг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни насиб айласин, омин!2016  ЙИЛ,  29  ЯНВАРЬ КУНИДАГИ ЖУМА ТЕЗИСИГА  ҚЎШИМЧА ИЛОВАبسم الله الرحمن الرحيمМуҳтарам жамоат! Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Муфтий  ҳазратлари билан мулоқотда бўлиб, ҳайвонлардан одамларга ўтадиган юқумли касалликлар тўғрисида ҳар бир фуқаро хабардор  бўлиши, бу касалликларни олдини олиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ва ўта хавфли касалликлар ҳақида кенг жамоатчилик билиши лозимлиги борасида сўҳбат бўлди. Эътиборингизга қўйидаги касалликдан хабардор бўлиб ундан эҳтиёт бўлишга чорлаймиз.           Мана шундай касалликлардан бири Қутуриш – ўта хавфли юқумли касаллик бўлиб, одамларга қутурган ит тишлаши, тирнаши ёки сўлаги тегиши натижасида юқади. Қутуриш касаллигини ҳозирги кунгача дунёда давоси топилмаган, касаллик ўлим билан тугайди.         Ислом дини таълимотида ит сақлаш ва у билан бўладиган муносабат ҳақида алоҳида тавсия ва курсатмалар мавжуд. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: “Кимки ит боқса, ҳар кунги амалидан икки қийротини бой берур, (аммо) пода ва экинни қўриқловчи ҳамда овчи ит бундан мустаснодир”. (Имом Бухорий ривояти)Уламолар қутурган итни дарҳол йўқотиш зарурлигига иттифоқ қилишган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу борада шундай деб марҳамат қилганлар: Оиша розияллоҳу анҳо айтадиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш хил ҳайвон-қарға, калхат, чаён, сичқон ва тишлонғич ит зараркунанда бўлиб, уларни эҳром боғлаган киши ўлдирса, гуноҳкор бўлмайди” -деганлар.  Имом Бухорий ривояти) .         Аксарият ҳолларда эса дайди ит тишлайди. Ит етказган жароҳатнинг катта-кичиклигидан қатъий назар, унинг сўлаги билан қутуриш касаллиги қўзғатувчиси одам танасига тушади. Одамда қутуриш касаллиги бирдан бошланмайди. Жароҳат ўрни битиб кетади ва ит тишлаган  фуқаро бу ҳолатни эсидан ҳам чиқариб юбориши мумкин. Тишланган  вақтдан бир ҳафта ёки аксарият ҳолларда 2-3 ой ўтгач, айрим  пайтларда эса 1 йилдан сўнг одам қутуриши мумкин. Қутуриш билан оғриган беморни даволаб бўлмайди. Қутуриш касаллигини олдини олишнинг бирдан бир йўли ит ёки бошқа ҳайвон  тишлаган одам зудлик  билан шифохонага мурожаат қилиб, қутуришга қарши ўзини эмлатиши зарур. Эмлаш Республиканинг барча ҳудудларида Давлат маблағи ҳисобидан, бепул ўтказилади.  Алоҳида зарурат бўлмаса, хонадонингизда  ит сақламанг! Ит сақлайдиган бўлсангиз, уни вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб, ҳар йили қутуришга қарши эмлатинг! Итни фақат боғланган ҳолда сақланг.Ўзингизни, қариндош-уруғларингизни, қўни-қўшнингизни ит, мушук ёки бошқа бир ҳайвон  тишлаб олса, зудлик  билан шифохонага мурожаат қилиб, қутуришга қарши эмлатиш зарурлигини ёдингиздан чиқарманг ва буни болаларингизга тез-тез эслатиб туринг.Маҳаллалар ҳудудида, катта ва кичик дайди ит ва мушукларни кўрсангиз, бу ҳақида маҳалла раиси ёки фаолларига, ободонлаштириш бошқармаларига хабар беринг.Ўзингиз, яқинларингиз, қўни-қўшниларингиз қутуриш касалидан сақлашга бефарқ бўлманг!         Аллоҳ таолодан бу каби иллат ва касалликдан барчаларимизни ҳифзу-ҳимоя қилишни, юқорида зикр этилган эҳтиёт чораларига амал қилишимизни насиб айласин. Ҳақ таоло ҳаммаларимизга икки дунё саодатини муяссар этсин! Омин.

muslim.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг