Намознинг саломатликка фойдалари

0
943

Аллоҳ таолонинг амр ва буйруқларида беҳисоб ҳикмат, фойдалар, таъқиқ ва қайтариқларида эса, шубҳасиз, кўпгина зарарлар борлигини бугунги кун тиббиёти ҳам эътироф этади. Зеро, исломдаги каби саломатликка эътибор бошқа динларда йўқ.

Динимизда ибодатларнинг энг афзали бўлмиш намозни ҳаётимиз охирига қадар ўқишимиз буюрилган. Таъкидлаш лозимки, намоз ибодатини адо этиш билан аввало Аллоҳнинг амрини, бандалик фарзимизни бажарамиз. Шу билан бирга, саломатлигимиз билан боғлиқ қуйидаги фойдаларни қўлга киритамиз:

– намозда қилинадиган ҳаракатлар сокин бўлгани ва куннинг турли вақтларида амалга оширилгани сабабли юракка оғир келмайди ҳамда инсонни доим хотиржам тутади;

– кунига бошини 80 маротаба ерга теккизган одамнинг миясига қон кўпроқ етиб боради, мия ҳужайралари яхши озиқланади. Шу туфайли хотира сустлиги ҳамда руҳий муаммолар намозхонларда камроқ учрайди;

– ибодат жараёнида мунтазам эгилиб-ростлангани сабаб намозхонларнинг кўзларида яхшироқ қон айланиши кузатилади. Бинобарин, кўзнинг қон босими ошиб кетмайди, тез-тез намланиб туриши таъминланади, катаракта ва шунга ўхшаш касалликлардан ҳимояланади;

– намоз ҳаракатлари ошқозонда ҳазм жараёнини осонлаштиришдан ташқари, қабзиятни кеткизишга ёрдам беради. Буйрак ва сийдик йўллари яхши чайқалишидан буйракда тош пайдо бўлишининг олдини олади;

– беш вақт ўқилган намоздаги ритмик ҳаракатлар кундалик ҳаётда ишлатилмайдиган бўғим, мушакларни ҳаракатга солиб, артрит каби бўғим касалликлари ва тўқима тиқинларининг олдини олади;

– уйқуни тартибга соладиган энг кучли омил намоздир. Ҳатто танадаги турғун электр заряди сажда қилинганда ерлатилган бўлади. Шу тариқа вужуд янгиланиб олади.

Юқоридаги фойдаларга эришиш учун намозни вақтида ўқиш, тозалик ва овқатланишдаги меъёрга, яъни кўп емасликка эътибор бериш лозим бўлади.

«Ирфон» тақвимидан олинди

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг