Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу

0
138

Убай ибн Каъб  розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий бўлишлари билан бирга бу умматнинг энг қорироғи ҳам эдилар. Қуръони каримни  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганиб, уни ўқишга қаттиқ бел боғладилар.

Ибн Аббос, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Соиб, Абдуллоҳ ибн Айёш ибн Робиаъ, Абу Абдураҳмон Суламий каби улуғ саҳобийлар ва улуғ тобеинлардан кўплари у зотдан Қуръони Каримни ўрганишди.

Сувайд ибн Ғофала, Абдураҳмон ибн Абзо, Абу Муҳаллаб, Абу Аълия Риёҳий, Зирр ибн Ҳубайш, Утайя Саъдийлар эса Убай ибн Каъбдан ҳадис ривоят қилишган.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қатнашган барча ғазотларда қатнашганлар.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳақида бир нечта ҳадислар ривоят қилинган. Улардан баъзиларини қуйида зикр қиламиз.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу умматнинг энг раҳм-шафқатлиси Абу Бакр (бўлса), энг қорироғи Убай ибн Каъбдир”,- дедилар”.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло наздида ҳам даражалари улуғ бўлган. Бунга қуйидаги ҳадис далолат қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга: “Аллоҳ таоло менга сиз учун Қуръон ўқиб беришимни буюрди”,-дедилар.
– Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ сизга мени номимни зикр қилдими?”-дедилар.
Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”-деб жавоб бердилар.
– Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Оламларнинг Роббисининг ҳузурида зикр қилиндимми?”-дедилар.
Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа” –деб жавоб бердилар. Шу пайт Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кўзлари ёшланди. (Муттафақун алайҳ)

 Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам у зотга қуръоний таълимни имтиҳон шаклида бериб қўярдилар. Буни ўзларидан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда кўришимиз мумкин.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Мунзир сенинг наздингда Аллоҳ таолонинг китобидаги энг улуғ оят қайси?”,-дедилар. “Аллоҳ ва Росули билувчироқ”,-деб айтдим. Яна сўрадилар: “Эй Абу Мунзир сенинг наздингда Аллоҳ таолонинг китобидаги энг улуғ оят қайси?”,-деб сўрадилар.
“(Бу сафар) Оятал курси ояти”,- деб жавоб бердим. Шу пайт кўкрагимга уриб:
“Эй Абу Мунзир Аллоҳ сенга илмни осон қилсин” дедилар. (Муслим ривояти)

Абу Мунзир Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг кунялари бўлган.  Убай ибн Каъбнинг саҳобийлар ичида ҳам ҳурматлари баланд бўлган.

Ибн Абу Малика шундай дейди: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: “Қозиликка энг ҳақли кишимиз Алидир. Қуръонни энг кўп билувчимиз Убайдир”, – деганини эшитганман”.

Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръонни тўрт кишидан ўрганинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан, Муоз ибн Жабалдан ва Убай ибн Каъбдан ”.

Юқоридаги ҳадислар шу кунимизгача етиб келган қорилар силсиласининг энг улуғ қориларидан бири бўлмиш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг даражалари нақадар юксак эканлигини  кўрсатиб турибди. Ҳаттоки Ибн Аббос розияллоҳу анҳудек муфассир саҳобий ҳам Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан таълим олган эканлар. Бу эса Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг қорилар султони эканликларига далолат қилади.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг вафотлари тўғрисида уламолар ўртасида ихтилофлар бор. Буларнинг энг саҳиҳи Абу Нуаймнинг гапларидир. У зот: “Убай ибн Каъбнинг вафотлари Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик йилларида ҳижрий 30-йилда ўлганлар”,- дейдилар ва бу гапларига Зирр ибн Ҳабийш Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу билан Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳалифалик даврларида учрашганларини далил қилиб келтирадилар.

Убай ибн Каъбдан бошқа қори саҳобийлар ҳам кўп бўлишган.Уларнинг барчалари Қуръони Каримни ёдлаш билан бир қаторда Қуръонга қандай амал қилиш кераклигини ҳам кўрсатиб беришган. Бугунги кунда биз мусулмонларнинг вазифамиз бу муборак зотларнинг умр йўлларини ўрганиш ва баҳолиқудрат ўз ҳаётимизга татбиқ қилишдир. Зероки, улар ўз ҳаётлари билан ҳақиқий ислом қандай бўлишини келажак умматларга кўрсатиб, ўргатиб кетган муаллим зотлардир.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни саҳоба розияллоҳу анҳумлардек Қуръонга муҳаббатли, Қуъронга амал қиладиган солиҳ бандалардан қилсин!

Хушвақтов Абдулҳай
Кўкалдош ўрта маҳсус ислом билим юти 4 – курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг