Қош териш

0
165

Савол:

Ассалому алайкум!Аёлларга қош териш мумкинми? Ҳеч қаэрда бу ҳақда аниқ жавоб эшитмаганман.

Жавоб:

Агар истаганингизда аллақачон эшитган ёки ўқиган бўлар эдингиз. Чунки бу нарса ўн беш асрдан бери айтилиб келаётган ҳақиқатдир.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин», деди. Бу гап Бани Асадлик, Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Бас, У:«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди.«Батаҳқиқ мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди аёл.«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса олингиз ва У сизни недан қайтарса қайтингиз», деган», деди у.«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинингда бор деб ўйлайман», деди аёл.«Бориб, назар сол», деди у. Аёл унинг хотини олдига кириб ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб:«Бирор нарса кўрмадим», деди.«Аммо ўша нарса бўлганида у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ушбу ривоятни синчклаб ўргансак муолажа қилинаётган масалага оид кўпгина нозик тарафларни англаб олишимиз мумкин.

Маълумки, ривоятларнинг аввалидан келадиган «Абдуллоҳ»дан мурод улкан саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудирлар. У киши аёллар ичида содир бўлиб турадиган баъзи ношаръий ишларнинг сабабчиси бўладиган аёлларни қоралаб:«Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин лаънатласин», деди».

Ушбу жумлада беш турли аёллар лаънатланмоқда:
1. «Вашм қилувчи аёлларни»
2. «Вашм қилдирувчи аёлларни»Бу икки тоифадаги аёллар кимлигини аввал ўрганганмиз.
3. «Мўйчинак ила терувчи аёлларни»Булар мўйчинак ила аёлларнинг қошлари, пешоналари юзларидаги толаларни терадилар.
4. «Мўйчинак ила тердирувчи аёлларни»Булар чиройли кўриниш мақсадида қошлари атрофидаги толаларни мўйчинак ила тердириб қошларини ингичка қилдирадилар. Шунингдек, бошқа жойларидаги толаларни ҳам тердирадилар.
5. «Тиш орасини очувчиларни»Булар соғ тишларини эговлаб орасини очишади.

Мазкур ишларнинг ҳаммасини ривоятда айтилганидек «ҳусн учун» қилинса лаънатга қолинади. Чунки бу ишларни «Ҳусн учун» қилувчилар – «Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчилар»дир. Аммо зарурат юзасидан, хасталик туфайли бўлса жоиз.Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг бу гаплари атрофга тарқалди. «Бу гап Бани Асадлик, Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради».Гапнинг сиёқидан Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ушбу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлганидан бехабар бўлганлару, бу Абдуллоҳнинг ўзидан чиққан гап, деб у киши билан тортишгани келганга ўхшайдилар. У кишининг нимага аёлларни лаънатламоқдасан?! Қабилидаги гапларига Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу:«Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Умму Яъқуб розияллоҳу анҳога мазкур ишларни қилган аёлларни аслида ўзи эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганларининг хабарини берди. Шу билан бирга у киши Умму Яъқубнинг Қуръони Каримдан яхши хабардор зот эканларини эътиборга олиб, «ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор», деди».

Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо бу гапни тўғрисича тушуниб:«Батаҳқиқ мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим», деди». Яъни, Қуръони Каримнинг ҳамма оятларини яхшилаб ўрганганман, унда сен лаънатлаган беш тоифа аёлларни лаънатлаш маъноси йўқ, деган маънони айтди. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юқоридаги гапдан нимани ирода қилаётганларини очиқ баён қилдилар:«Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нени берса олингиз ва У сизни недан қайтарса қайтингиз», деган», деди у». Мана шу ояти каримага асосан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳар бир шаръий нарсани олмоғимиз ёки тарк қилишга амр қилинган нарсани тарк қилмоғимиз лозим. Модомики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни қилган аёлларни лаънатлаган эканлар, биз ҳам уларни лаънатламоғимиз керак. Шунинг учун мен айтган гаплардан аччиғинг чиқмасин. Аслида у гапларни мен эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар.

Лекин Умму Яъқуб розияллоҳу анҳо ҳам бўш келмади. Бўлаётган баҳсни давом этдириб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга:«Шу нарсадан баъзисини сенинг хотинигда бор деб ўйлайман», деди аёл».

Умму Яъқубнинг тушунчаси бўйича мазкур қалбаки ишларни ҳамма хотинлар қилишлари турган гапга ўхшайди. Шунинг учун у киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни нозик жойидан тутмоқчи бўлиб, юқоридаги гапни айтди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:«Бориб, назар сол», деди». Яъни, менинг хотиним ҳам ўша шариат ҳаром қилган ишлардан баъзисини қилди деб хаёл қилаётган бўлсанг, бориб хотинимга назар сол. Яхшилаб қара. Ўша даъво қилаётган нарсалардан қай бири кўрар экансан, дедилар.«Аёл унинг хотини олдига кириб ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб:«Бирор нарса кўрмадим», деди».Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Исломга фақат ўзлари эмас, балки оила аъзолари ила биргаликда амал қилишлари аён бўлди. У киши шариат ишларида оилаларига ҳам қаттиқ турганларини Умму Яъқубга айтган қуйидаги гапларидан ҳам билиб олсак бўлади. «Аммо ўша нарса бўлганида у билан жам бўлмас эдик», деди Абдуллоҳ».

Яъни, агар хотиним ўша шариат ҳаром қилган ишлардан бирортаси қилган бўлганида, ажраб кетган бўлар эдик. Ундоқ хотинни мен дарҳол талоқ қилардим.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Вашм қилиш ҳаром экани.
2. Вашм қилдириш ҳаром экани.
3. Мўйчинак ила аёлларнинг қош ва бошқа тукларини териш ҳаром экани.
4. Мўйчинак ила қош ва бошқа тукларини тердириш ҳаром экани.
5. Эговлаб ёки бошқа услуб ила тишларнинг орасини очиш ҳаром экани.
6. Мазкур ишларни ҳусн учун қилиш ҳаромлиги. Шаръий узр ила қилса жоиз.
7. Мазкур ишларни ҳусн учун деб қилиш Аллоҳ таолонинг яратганини ўзгартиш ҳисобланиши.
8. Аёллари ичида Қуръони Каримни яхши ўрганиб ном чиқарган шахслар бўлгани.
9. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапга ўхшаш гапни айтиш мумкинлиги.
10. Ўша пайтда аёллар ҳам шарий масалаларда эркаклар билан тортишгани.
11. Бевосита зикр қилинмаган нарсани ҳам асли Қуръони Каримда бўлса, бу Қуръони Каримда бор, деб айтилса жоизлиги.
12. Олим ва муқтадо кишилар бирор ҳукмни айтишдан олдин ўша ишни ўзи ва оила аъзолари қандоқ бажаратганларига бир назар солиб олиши кераклиги.
13. Эр ўз хотинига шариат ҳаром қилган ишни қилишга ёўд қўймаслиги лозимлиги.Ушбу мавзуъда сўз кетар экан, шариатимиз Аллоҳ таоло яратган асли хилқатни ўзгартиришни, сохта чирой ҳосил қилиб ўзгаларни алдашни ҳаром қилганини алоҳида таъкидламоқ лозим. Чунки бунга ўхшаш ишларда Аллоҳ таоло яратган нарсани ўзгартиш, Яратганнинг иродасига қарши чиқиш билан баробар. Ундан сўнг бу каби нарсаларда қаллобликка ўрганган шахс бошқа нарсаларда қаллоблик қилмасмиди? Албатта, қилади. Оқибатда ҳозиргига ўхшаб ҳамма нарса қаллобликдан иборат бўлиб қолади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг