Мусулмон киши билиши лозим бўлган Пайғамбар с.а.в. ҳаётларига доир савол-жавоблар

0
1446

Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам қачон дунёга келганлар?

Милодий тарихнинг 571 йили 27 саврда, 12 рабиул-аввалнинг душанба куни дунёга келганлар.

Муҳаммад алайҳиссалом қаерда дунёга келганлар?

Осиёда. Арабистоннинг Макка номли шаҳрида дунёга келганлар. Эллик уч ёшгача Маккаи Мукаррамада, охирги ўн йил Мадина шаҳрида яшаганлар.

Ул зот неча ёшларида пайғамбар этиб сайландилар?

Қирқ ёшларида.

Унгача умрлари қай ҳолда кечди?

У зот ёшликлариданоқ ақлли, фаросатли ва диёнатли киши эдилар. У кишини бутун Макка аҳли иззат қиларди. Севиб «Муҳаммад ал-Амин» (ишончли Муҳаммад), дерди.

Пайғамбар бўлгунларича машғулотлари нима эди?

Ҳадича исмли бой савдогар аёлнинг савдогарлик ишларига мутасадди эдилар. Йигирма беш ёшларида ҳазрати Хадичага уйландилар.

Ҳазрати Хадича у пайтда неча ёшда эди?

Қирқ ёшда.

Исломгача Арабистон аҳли қайси динда эди?

Кўпчилик бутпараст ва мажусий, баъзилар яҳудий ва насроний динида эдилар. Баъзилари ўзларини Иброҳим алайҳиссалом динида ҳисоблаб, унинг миллатиданмиз, деб айтар эдилар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликлари қандай бошланган?

Муҳаммад алайҳиссалом қирқ ёшларида дунё ишларини тарк қилдилар. Ақлу эътиқод билан Аллоҳ таоло борлигини билдилар ва Маккаи Мукарраманинг четидаги Ҳиро тоғида ғорга бориб, Аллоҳга ибодат қилдилар. Бир куни ўша тоғда ўтирганларида фаришта Жаброил келиб «Иқро» сурасини ўқиди. Яна бир келганларида Аллоҳ таоло у зотни пайғамбар этиб тайинлаганини ва одамларни Ислом динига даъват қилмоғи учун элчи этиб сайлаганини сўзлади.

Сўнг нима бўлди?

Сўнг Аллоҳнинг расули халойиқни Ислом динига таклиф қила бошладилар.

Дастлаб кимлар имон келтирди?

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, хотинлардан Хадичаи Кубро, ёш болалардан ҳазрати Али.

Пайғамбар бўлганларидан сўнг Маккаи Мукаррамада неча йил турганлар?

Ўн уч йил. Сўнг Аллоҳнинг амри билан Мадина шаҳрига ҳижрат қилганлар. У зот билан бирга мусулмонлар ҳам ҳижрат қилишди. Биз Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага ҳижрат қилганларидан бошлаб ҳижрий тарих, деб ҳисоб юритамиз.

Аллоҳнинг расули Мадинада бўлган вақтларида қайси ишлар юзага келди?

Шаҳар аҳолиси исломий ҳукм асосида умр кечира бошлади ва имонсиз халқларни Исломга киргизмоқ ва Ислом давлати яратмоқ учун курашди. Кофирларга қарши жанглар бўлди. 8-ҳижрий санада Макка ҳам мусулмонлар қўлига ўтди. 10-санада барча мусулмон аҳли Маккаи Мукаррамага ҳажга борди. Ушбу ҳаж вақтида Аллоҳ таолодан Каломи шарифнинг сўнгги оятлари нозил бўлди. Муҳаммад алайҳиссалом у оятларни айтиб Аллоҳ таолонинг каломи – Қуръон ниҳоясига етганини ва Ислом динининг ҳукмлари бутунлай баён қилинганини сўзладилар, ўзларининг қазолари яқинлашаётганини айтиб, халойиққа ваъз-насиҳатлар қилдилар.

Муҳаммад алайҳиссалом неча ёшда қазо қилдилар?

Мадинаи Мунавварада ўн йил тургандан сўнг олтмиш уч ёшларида милодий 632 санада, ҳижрий 11 сананинг 12 рабиул-аввалида, душанба куни бақога сафар қилдилар.

Ул зотнинг қабрлари қаерда?

Мадинаи Мунаввара шаҳрида, Масжиди набавийнинг ичида махсус бир гумбазнинг остида. Хожилар Равзаи мутаҳаррага зиёратга келиб кетадилар.

Сийрат китоблари асосида И.Аҳроров тайёрлади.

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг