Алдама мени эй, ёлғончи дунё. Нимангга ишонай ёлғончи бўлсанг…

0
393

Бир шайх ўтирган жойидан деразага боқиб, ёнида ўтирганларга дебди:

“Сизга ёлғон айтаман… фалончи ўтиб кетяпти”.

Ҳамма ўрнидан туриб, деразадан ташқарига қарабди. Шайх кулимсираб:

“Мен сизларга ёлғон айтаман десам ҳам, ўринларингиздан туриб қарадингиз. Дунё ҳам шундай ёлғончидир, кўра-била ноғорасига ўйнайверамиз!”

Изоҳ: Ёлғончи дунё, бевафо дунё иборасини ҳаётимизда жуда кўп марталаб эшитиб келамиз. Лекин аксарият ҳолатларда дунёнинг ёлғончилигини ва бевафолигини билиб туришимизга қарамасдан, дунёнинг ҳою-ҳавасларига берилиб алданиб қоламиз. Дунёнинг фитналигини ва алдов-қалдовлигини уламолардан кўп марталаб эшитамиз ва мўътабар китобларимиздан ўқиб тушуниб борамиз.

Аммо ўқиган ва эшитганларимизга амалимиз бўлмагани учун дунёнинг фитна-фасодларига таслим бўлиб қоламиз. Аллоҳ каломи Қуръони-каримда шундай марҳамат қилади: “Бу дунё ҳаёти фақат беҳуда ўйин-кулгудир. Тақволилар учун эса охират диёри яхшидир. Ақл юритмайсизларми?! (Анъом сураси 32-оят.)

Шунинг учун азизлар бу дунёмиз қадимги кўҳна дунёдир. Бу дунёмизга қанақанги забардаст, бой-бадавлат, амалдор дунёни қўлга киритган инсонлар келиб кетганини тафаккур қилишимиз лозим. Энди уларга вафо қилмаган дунё қандай қилиб бизларга вафо қилиши мумкин. Аллоҳ барчаларимизни Ўзининг дунё ва охиратининг саодатига муваффақ айласин.

Равшанбой Раимқулов “Қўйлиқ ота” жоме масжиди имом хатиби
Манба:ashab.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг