Саратонда нима ичамиз?

0
808

Жазирама ёз кунларида табиийки, энг кўп эҳтиёжимиз сувга тушади. Қанча суюқлик ичсак ҳам гўё унга тўйинмагандек бўлаверамиз. Хўш, саратон иссиғида кўп суюқлик йўқотаётган организимизни қандай қилиб ҳам, хавсиз ҳам роҳат берувчи ичимликлар билан тиклашимиз мумкин?

Ёз мавсумида кун сайин янгича ичимликлар, турли энергетик воситалар, лимонад, шарбатларнинг турфа хиллари кўчаларда кўзларни “безаб” турибдики, ҳар бир кишини ўзига тортмай, чанқоғини қондиришга мажбур этмай иложи йўқ. Бироқ уларнинг саломатликка таъсири қандай? Биз масаланинг ана шу жиҳатини ҳамма нарса сўнггида ўйлаймиз ва бошимиздан ўтказамиз. Шунақа халқмиз афсуски. Шунинг учун келинг, биз ҳам онгли равишда ўзимизни фойдага уриб, баъзи зарарлардан тийилайлик.

Қувватбахш ичимликлар: фойдалими ё зарарли?

Бугун бутун дунёда бўлгани каби одамлар орасида қувватбахш (энергетик) ичимликлар ичиш одат тусига кирди. Тетиклантирувчи бундай ичимликлар авваллари ёшлар орасида урф бўлган бўлса, ҳозир Ҳалол сертификатига эга бўлган бундай ичимликларни қарийб барча одамларнинг қўлида уларни учратиш мумкин. Ҳатто бунга муккасидан кетган, кунига бир неча банка ичадиган одамлар ҳам кам эмас. Шу ўринда савол туғилади: уни ҳаддан ортиқ миқдорда ичишнинг фойдаси кўпми ёки зарари?

Албатта, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларининг хавфсиз экани ҳақида гапиришлари табиий хол. Аслида ҳам шундайми? Буни текшириб кўриш учун ичимликнинг таркибига назар солинса, кифоя. 

Айтиш керакки, икки турдаги ичимликлар мавжуд. Биринчисининг таркиби кофеиндан иборат бўлиб, у ишга кўмилган одамлар, доим кеч қолувчи талабалар учун бўлса, иккинчиси углевод ва витаминларга бой ичимлик. У спорт залларига қатновчилар учун мўлжалланган.

Кофеин мия фаолиятини кучайтиради ва юракнинг чидамлилигини оширади. Бироқ чарчоқ нималигини сезмаслик учун организм камида 3 та идишдаги қувватбахш ичимлик ичишни талаб қилади. Кучли стимуляторли бу турдаги ичимликларни кўп миқдорда ичиш эса, ўз навбатида, зарар саналади.

Ичимлик таркибида, шунингдек, гуаран ҳам мавжуд бўлиб, кучли жисмоний зўриқиш чоғида оғриқларни камайтиради, жигарни тозалайди, атеросклерознинг олдини олади. Қолаверса, бу турдаги ичимликларда женьшень мавжуд ва у чарчоқ ва тушкунликни камайтиради, бутун организмнинг ишлашга бўлган иштиёқини оширади.

Бундан ташқари ичимликлар таркибида таурин, карнитин, матеин ва мелатонин каби компонентлар ҳам бор. Биринчиси юракнинг ишчанлигини оширади, холестеринни озайтиради, қувват беради. Иккинчиси инсон организми тўқималаридаги ёғли кислоталар парчаланиши ва моддалар алмашинувини яхшилайди. Матеин очликка қарши курашади. Бошқача айтганда, тўқ тутади. Мелатонин инсоннинг кунлик ритмини мўътадиллаштиради.

Хўш, қувватбахш ичимликларнинг қандай плюс ва минус томонлари бор.

 Плюс жиҳати 
1. Кайфиятни кўтаради.

2. Ақлий фаолиятни кучайтиради

Манфий жиҳати
1. Ичишни назорат қилиш. Кунига 2 банкадан ортиқ ичиш мумкин эмас. Акс ҳолда, артериаль босим ва қондаги қанд миқдорини оширади, депрессия ва асабийликни келтириб чиқариш эҳтимоли юқори.

2.Гипертоник ва гипотоник касалига чалинганлар қувватбахш ичимлик ичиши тавсия қилинмайди.

3. Кофеин, яъни қувватбахш модда асаб тизимининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин.

4. Глюкоза ва кофеин аралашмасининг, айниқса, ёш организм учун зарари кўпроқ.

5. Шундай турдаги ичимликларнинг доимий равишда ичилиши юрак урушининг меъёрини бузади.

6. Спорт ишқибозлари учун ҳам машғулотлардан сўнг қувватбахш ичимликларни ичмаганлари маъқул. Улар организмдаги суюқликни чиқариб юборади.

Фақат дорихоналарда

«Қувватбахш» ичимликларни ишлаб чиқарувчилар маҳсулотининг муқаррар хавфидан огоҳлантиришни ўзларига лозим топишмайди. Франция, Дания ва Норвегия каби мамлакатларда энергетик коктейлларни сотиш тақиқланган. Аниқроғи, фақат дорихоналарда сотишга рухсат берилган. Демак, ҳаммага ҳам тавсия этилмайди. Шифокор рухсат берганлар ундан баҳраманд бўлиши мумкин, дегани бу. Бундай ичимликларни имтиҳонга тайёргарлик кўраётган талабалар, вазифасини ўз вақтида бажара олмайдиган офис ходимлари, айрим спортчилар, чарчаган ҳайдовчилар истеъмол қилиши одатга айланган. Бир сўз билан айтганда, чарчаган, лекин ўзини тетик ва қувватга тўла ҳис этишни истаганлар истеъмол қилишади.

Фойдаси борми?

Инсонга зарари бўлса, нега уни ишлаб чиқаришмоқда? Ҳақли савол. Фойдаси ҳам бордир, демоқчисиз. Бу саволга ҳам жавоб бериб ўтамиз. Хулосани ўзингиз чиқариб олаверинг.

Ишлаб чиқарувчилар рекламада оғзидан бол томиб мақташади. Уларга ишонилса, энергетик ичимликлар организмнинг ички резервларини қўзғаш ҳисобига иш қобилиятини оширади. Масалан, глюкоза бошқа углеводлар сингари қонга тез сўрилади, оксидланиш жараёнига қўшилади. Сўнгра мускулларга, мияга ва ҳаёт учун муҳим бўлган бошқа органларга энергия, яъни углеводларни етказиб беради. Энергетик ичимликлар худди бошқа кучайтиргичлар сингари оддий схемада таъсир қилади. Организмдан қувватни тез ва кўп олади ҳамда керакли органга етказади. Бу эса энг аввало асаб тизимининг ишдан чиқишига, модда алмашинуви бузилишига сабаб бўлади. Ишлаб чиқарувчилар бундай ичимликларнинг тетиклаштирувчи функцияси 3-4 соат давом этади, дея бонг уришади. Бироқ бу хулоса ҳозирча клиник синовдан ўтганича йўқ.

Мана шунақа «фойдаси» учун 2010 йилнинг декабрида таркибида кофеин бўлган алкоголли энергетик ичимликлар АҚШнинг барча ҳудудида сотувдан тўлиқ олиб ташланди. Литвада 2015 йилда энергетик ичимликларни вояга етмаганларга сотиш тақиқланди. Қозоғистонда фақат 16 ёшга етганларга бундай турдаги ичимликларни сотишга рухсат берилган. Фойда ва зарари тарозига қўйилгач, ҳали яна қанчадан-қанча тақиқлар келиб чиқиши мумкин.

Газланган ичимлик сувлари: Даҳшатли сир

2007 йилда «Британия озиқ-овқат маҳсулотларини назорат қилиш комиссия»си томонидан 6 турдаги озиқ-овқат бўёқларидан фойдаланиш тақиқланди. Британия Southampton University олимларининг хулосаларига кўра, бу моддалар болалар организмига салбий таъсир кўрсатади.

Хулосалар шу қадар жиддий эдики, комиссия бу ранг берувчи моддаларни ишлатишни барча ЕС (Европа стандарт)лари учун тақиқлади. Кўпинча бундай маъмурий чораларни амалга ошириш учун бир неча ойлар, баъзан бир неча йиллар керак бўлади. Аммо бу хабарни эшитган Британиядаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ЕСнинг хулосасини ҳам кутмасдан, бу моддаларни ишлатишдан бош тортишган.

Тиббий хулоса

Бўёқ ва консервантлар иммунитетга салбий таъсир кўрсатади, табиий ичак микрофлорасини бузади. Бу каби ўзгаришлар онкологик хасталиклар ва қон-томир патологиясига олиб келади. Моддалар алмашинуви бузилади ва жигар фаолиятига қаттиқ зарар етказади.

АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа мамлакатларнинг озиқ-овқатни назорат қилиш агентликлари газланган сувларда саломатлик учун хавфли саналган заҳарли бензол борлигини аниқлашган. Бензол лейкоз, лифом каби қон касалликларини келтириб чиқаради.

Газланган ичимликларни кўп миқдорда ва мунтазам ичиб юрувчи кишилар, айниқса, ёш болаларнинг саломатлиги учун бу – катта хатардир. Мутахассисларнинг фикрича, бундай ичимликлар ёш тананинг суяк тўқималарининг мўртлашишига олиб келади, ошқозон-ичак, овқат ҳазм қилиш ва асаб тизимига ҳам зарар етказади.

Даҳшатли сир

Ичимликлардаги аскорбин кислотаси ва сунъий шакар билан бирга юрадиган бензол илк марта 1990 йилда АҚШ мутахассислари томонидан кашф этилган. Бу ва бошқа шу тоифадаги моддалар шакар ўрнини босувчилар бўлиб, кўп истеъмол қилиш натижасида мияда ўсимтанинг пайдо бўлишига ҳамда кўриш қобилиятининг сусайишига олиб келиши мумкин. Бу мудҳиш моддалар сақичлар, газланган сув, айниқса, хориждан келтириладиган салқин ичимликларда учрайди.

Ўзимизникидан қўймасин!

Чанқаганда совуқ сув ичиш ўрнига асосий эътиборни кўк чой ва ҳар хил ўтлардан тайёрланган экстрактларга қаратиш керак. Чунки улар организмдаги чанқоқни узоқроқ қондириб туриш хусусиятига эга. Айниқса, бу нарса ёз кунлари жисмоний  фаолият билан кўпроқ шуғулланадиган одамларга тегишли.

Шу туфайли жазирамада кунига камида 3 литр суюқлик истеъмол қилиш лозим. Ёз кунлари чанқоқни олча, смородина, клюква ва бошқа нордон мевалардан тайёрланган морс, ичимликлар ва лимон шарбати қўшилган сувлар босади. Бундан ташқари, лимон солинган янги дамланган кўк ёки қора чой ҳам тавсия қилинади. Меваларнинг ҳар бирининг саломатликка фойдасини жуда яхши биламиз.

Сув шунчаки чанқоқни босиш воситаси эмас, балки дармон келтирувчи ичимлик эканини ҳам унутмаслик керак. Шу боис қадоқланган сув харид қилаётганда, унинг таркибига эътибор қилинг ва албатта, фойдали микроэлементлар мавжуд бўлган ичимлик сувини танланг. Ана шунда сувнинг ҳақиқатан ҳам дармон келтирувчи хосиятини англайсиз.

 

Интернет маълумотлари асосида Зоиржон Содиқов тайёрлади

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг