Замондош сиймолар: Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий

0
1100

Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ давримиздаги тасаввуфнинг энг нуфузли шайхлари сирасига кирадилар. У киши 1953-йил 1-апрелда Ҳиндистоннинг шимолий-ғарбидаги Панжоб вилоятининг Жҳанг ҳудудида дунёга келганлар. Оталарининг тўлиқ исмлари Жаноб Аллоҳдета эди. Оталари Қуръонни ёд билган ҳофиз зот бўлганлар. Акалари эса устоз Аҳмад Али ёш Зулфиқор Аҳмадни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этганлар.

Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 1967 йилда ўрта мактабни, 1971 йилда Панжоб Унверститетини битирганлар. 1976 йили инженерлик соҳасининг менежментлик ихтисослигида таълимни давом эттирадилар. Шунингдек, ҳазрат асосий ихтисосликдан ташқари, спорт турларидан сузиш, гимнастика, крикет ва футбол бўйича мутаҳасисликни ҳам эгаллаганлар. Дунёвий таълимдан ташқари, диний таълимга ҳам этибор берганлар. Ҳофизи Қуръон ҳисобланганлар. Ҳадисларга оид билимни эса “Жомия Реҳмания Жаҳания МанДи” (тасаввуф мактаби) ва Милтандаги “Жамия улумия” номли таълим муассасаларида олганлар.

Инженерлик ихтисослигини битиргач, Покистоннинг энг нуфузли саноат корхонасида инженер бўлиб ишлаганлар. Аста-секин тараққий қилиб бориб, бош инженер лавозимига кўтарилганлар. Қирқ ёшларида айни шу лавозимдан бўшаб истеъфога чиқиб, диний илмларни ривожлантиришни мақсад қилганлар. 1983-йилда Ҳазрати Ҳожа Ғулом Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳ тарафларидан ҳалфалик мақомини олдилар.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий Ҳазрат Ҳожи Муҳаммад Абдулмалик Сиддиқийнинг қизларига уйланганлар. Улардан икки фарзанд ўғил дунёга келган. Улардан Мавлоно пир Ҳабибуллоҳ Нақшбандий ва Мавлоно Сайфуллоҳ Нақшбандий. Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг нутқ ва маърузалари дил тортар бўлиб, тарбияни ислоҳ қилишга йўғрилган. Уларни эшитган жуда кўпчилик кўзда ёш билан тинглайди, уларнинг шахсийятларини эшитиб кўпчилик ўз гунохларидан тавба қилади.

Бутун ҳаётларида барча катта-кичик ишларда суннатга эргашадилар. Ҳозиргача у зот 70 та мамлакатни бориб кўрганлар. Сингапур, Тайланд, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Миср, Непал, Американинг жуда кўп штатлари, Россиянинг жуда кўп шахарларига, Туркия, Италияга сафар қилганлар. 1992 ва 1998 йилларда эса Ўзбекистонга ташриф буюрганлар. Бу сафарлари ҳақида “Лаҳур сэ та хакэ Бухоро о Самарқанд” номли китоб ёзганлар. Урдудан ташқари улар араб ва инглиз тилларида осонлик билан бемалол маъруза қила оладилар.

Кўплаб ихлосманд кишилар ул зотнинг ҳалқаларига мансубдир. Уларнинг кўпи Ҳиндистонда истиқомат қилади. Улардан иккитаси Ҳазрати Муъиниддин Чиштий раҳматуллоҳи алайҳ Ажмирда ва Саййид Аҳмад Шаҳид Ҳиндистонда динда ўчмас из қолдирган шахслардан бўлишади.

Юз мингдан ортиқ кишиларнинг ҳолатлари, Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг маърузалари ва китоблари туфайли ўзгарган. Уларнинг қаламларига мансуб жуда кўп диний асарлар чоп этилган. Буларга, “Ишқи Илоҳий”. “Ишқи Росул ссоллаллоҳу алайҳи васаллам”, “Тасаввуф-о Сулук”, “Ҳаё аор пакдаманий”, “Хутбаатэ фақир”, “Илмэ наафэ” каби китоблар мансубдир.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари ҳозирда Лоҳур шаҳрида истиқомат қиладилар. Мадинаи мунавварада ҳам уйлари бор.

Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий асарларидан:

ДАРАХТДА ЯШИРИН СИРЛАР

Инсон дарахт эмаски бир жойда тик тураверса, тош эмаски ётаверса. Инсон ашрафул махлуқот – жонзотларнинг энг улуғи. У ҳар доим Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиши керак! Яшашдан мақсад Аллоҳ таъолога банда бўлиб яшашдир. Ҳаётдан мақсад Аллоҳ таъолонинг ёди. Инсон жисми тегирмонга ўхшайди. Тегирмон буғдой тортиб турса фойдаси тегади. Ёпиқ тегирмон фойдасиздир. Худди шундай инсон жисми солиҳ амалларни бажо келтириб турса фойдалидир. Акс ҳолда жисм фойдасиз буюм каби бўлиб қолади.

Коинотдаги жисмлар бизга сузаётгандек кўринади. Осмондаги сайёралар ва юлдузларга қаранг. Ҳаракатланаётгани кўриниб турибди. Бунда инсон учун бир сассиз пайғом бор: Эй инсон! Сен ҳам ўз ҳаётингда ҳаракатланувчига айланишинг керак!

Қул зеҳниятли одамларда жуда кенг вақт бор бўлади. Вақтининг аксар қисми бўш ўтади. Озод бандалар меҳнати кўплиги сабаб вақти тиғиздир.

Атрофимизга яхшилаб боқсак бизни ўраб олган табиат бизга дарс бераётгандек: Эй инсон! Сен дунёда фақат бир мақсад узра яратилдинг! Агар шунга муносиб ҳаёт кечирсанг муваффақият қозонасан.

Дарахтнинг ердан униб-ўсиш сири

Биз учун дарахтда кўп фойдалар мавжуд. Унда ажойиб ва ғаройиб нарсалар яширин. Масалан, эътибор бергандирсиз, дарахт доимо тупроқ остидан униб чиқади. Тилло ва кумуш идишларда ўсмайди. Бундан мақсад нима? Мақсад шуки: Эй инсон, агар сен муваффақиятли бир ҳаёт кечирмоқ истасанг атрофингдаги муҳит ва жамиятдаги одамлар билан аралашиб яшашинг керак бўлади. Ўрмонларга, ғорларга беркиниб тараққий топаман десанг, истаган нарсанг у ерлардан топилмайди.

Уруғнинг тупроқ остига кўмилиши ҳикмати

Тупроқ остига кўмилган томир дарахт бўлиб ўсади. Қандай қилиб дарахтга айланди? Томир ўзини маҳв этиб, уруғ ўзини тупроққа қориштиргач Аллоҳ таъоло уни дарахтга айлантирди. Сўнгра дарахт мева бойлайди. Бир уруғдан минглаб уруғлар олинади. Худди шундай инсон ҳам “мен”ликни маҳв айласа, ўзидаги кибр, манманликни синдирса Аллоҳ таъоло минглаб балки юз минглаб инсонларнинг ҳақиқий инсон бўлишига сабаб бўладиган мақомни унга ато этади.

Уруғнинг ўзини қурбон қилишида инсоният учун бир пайғом бор. Бир уруғ ўзини қурбон этиб дарахтга айланади ва инсонларга ҳамда жониворларга соя беради. Худди шундай, қайси инсон ўз нафсини қурбон этса ва нафсининг бўйнига шариат юганини илса, Аллоҳ таъоло уни қад кўтарган дарахт каби қилиб қўяди. У бошқа инсонлар учун соядор дарахтга айланади. Ўзи ёлғиз бўлса ҳам минглаб инсонларга соябон бўлади. (Хутаботи Фақийр. 16-жилд. Абдулвоҳид Иброҳим домла таржимаси.)

Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби
Абдулқайюм Ғофуров тайёрлади

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг