Эҳтиёт бўлинг! Telegram`да фирибгарлар пайдо бўлди

0
1269

“Telegram”да футбол бўйича жаҳон чемпионати ўйинларига пул тикишни таклиф этаётган фирибгарлар гуруҳи пайдо бўлди. Бу ҳақда Ягона умумреспублика процессинг маркази хабар берди. Мазкур идора барча карта эгаларини янада ҳушёр бўлишга чақирган, деб ёзмоқда mulohaza.uz.

Қайд этилишича, шу кунларда Telegram мессенжери орқали ноқонуний пул йиғимларини ташкиллаштирган гуруҳ аъзоларининг навбатдаги ҳаракатлари аниқланган ва уларни бартараф қилиш чоралари кўриляпти.

Гап шундаки, мессенжерда футбол бўйича Россияда бўлиб ўтаётган жорий йилги жаҳон чемпионати ўйинлари башорати учун пул тикишни таклиф этаётган гуруҳ пайдо бўлган. Уларнинг аъзолари ҳар бир футбол учрашувидан олдин, “картадан картага пул ўтказиш” хизмати орқали маблағ кўчиришга чақирилган.

Ҳатто Процессинг маркази мутахассислари томонидан бу борадаги ноқонуний ҳаракатларни бартараф қилиш бўйича чоралар кўргунга қадар ушбу эълонга чув тушганлар ҳам борлиги маълум бўлди. Яъни айрим “башоратчи” карта эгалари маълум миқдорда пул ўтказишга улгургани ҳам қайд этилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш” номли 278-моддасига биноан ноқонуний қимор ўйинларини ташкиллаштириш ҳамда уларни ўтказиш билан шуғулланган қонунбузарларга нисбатан етти йилгача қамоқ жазоси белгиланади.

Таъкидлаш жоизки, шариатда турли ўйинларга пул тикиш қимор саналиб, бу каби ишлар билиттифоқ ҳаром ҳисобланади. Ҳатто қимор ўйнагани собит бўлган кишига салом берилмайди:

Фузайл ибн Муслимдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Али қаср эшигидан чиқиб, нард соҳибларини кўриб қолса, уларни эрталабдан кечасигача ҳибс қилар эди. Улардан баъзилари куннинг ярмигача қамаларди. Кечасигача қамаладиганлар пулга ўйнаганлар эди. Куннинг ярмигача қамаладиганлар уни кўнгилхуши учун ўйнаганлар эди. У уларга салом бермасликни амр қилар эди».
Бу ўйинларни ўйнаш – пул тикилса-тикилмаса – оғир гуноҳ. Бироқ, пул тикилса, гуноҳ янада оғирлашади. Шунинг учун, ҳазрати Али пул тикканларни бир кун қамар, сўнг уларни «фосиқ» деб эълон қилиб, уларга салом беришни манъ қилар эканлар.
Демак, қиморбоз ва вақтни беҳуда ўтказадиганларга ҳам моддий, ҳам маънавий жазо берилар экан.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Мункар ишдан хабардор бўлган бошлиқ бу ишни қиладиганларга қарши чора кўриши зарурлиги.
2. Пул тикиб қимор ўйнаганларга бир кунлик қамоқ жазоси борлиги.
3. Пул тикмай, вақт ўтказиш учун қимор ўйинни, ҳаром қилинган ўйинларни ўйнайдиганларга ярим кун қамоқ жазоси борлиги.
4. Қимор ўйнагани собит бўлган кишига салом бермаслик кераклиги. (“Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати)

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг