Бу фожиа эмас, пашшадан фил ясамайлик!

0
395

“Янгиликни эшитдингми?”, “Сенат тўйларни ихчамлаштириш бўйича қарорни ноўрин дебди”, “Сенат ҳамма ўз имконига кўра тўй қилсин дебди”.

Бугун шунга ўхшаш фикрлар ижтимоий тармоқларда асосий кун мавзусига айланган. Гўёки Сенат қарорни қатъий чора кўриш керак, деган хулоса асосида чиқариши керак эмиш. Қадрли юртдошим! Сиз гўёки ёшлигида тарбия бермаган боласи улғайгач, унга кўп нарсаларни тақиқлаб, сўнг уни бирданига тарбияли бола бўлиб қолишини, салбий одатларидан дарров воз кечишини истаётган ота-онадек фикр қилмоқдасиз. Йўқ, ундай эмас!

Халқнинг неча йиллар давомида қон-қонига сингиб кетган бу салбий урф-одатларини тез йўқотолмайсиз. Бу “касаллик”ни босиқичма-босқич даволаш керак бўлади.

Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.

Айни пайтда тўй “орзу-ҳавас” мақомида. Уни “исрофгарчилик”, “ҳалокат” номига тезда айлантириб бўлмайди

Халқимиз азалдан меҳмондўст, қўли очиқ бўлган. Танти, соддадил бўлган бу халққа охирги вақтларда тўй-маърака бошга битган бало бўлди. Собиқ Совет тизимида соф динидан узоқлашган ўзбек халқи мана неча йилдирки бу дарддан ҳамон азоб чекиб келмоқда. Мустақил бўлганимизга, диний қадриятларимиз тикланганига салкам ўттиз йил бўляптию, вазият оғирлашса оғирлашяптики, асло енгиллашмаётир. Чунки бу “орзу-ҳавас” халқимиз қонига шунчалар сингиб кетганки, бу “дард”га бирор кимса даво тополмаяпти. Сиз дабдабаларни мажбурлаш орақали тўхтатиб бўлади, деб ўйлайсизми? Албатта, йўқ!

Чунки у одамларга одат бўлиб улгурган. Бир-икки насиҳат билан одамлар фикри ўзгариб қолмайди. Бу муаммолар ҳалқимизнинг соф Ислом динига риоя қилиши билан бартараф бўлади. Одамларга никоҳ ҳақида соф исломий тушунча беришимиз, тўй Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суннат эканини, кичиккина зиёфат билан никоҳни эълон қилиб қўйишнинг ўзи кифоя қилишини англай олдиришимиз керак. Аслида у улкан фалокат эканини, айниқса, аёлларга ортиқча дабадабабозлик катта исрофгарчилик эканлигини, буларнинг барига кун келиб Аллоҳ олдида ҳисоб беришимизга тўғри келишини етказишимиз даркор. Агарда одамларнинг диний тушунчаси, дунёқарашини ошира олсак, вазият ўз-ўзидан ижобий томон ўзгара бошлайди.

Фақат шу мавзуга боғланиб қолмайлик. Муаммолар етарли.

Сенат масалани халқнинг ўзига ҳавола қилди. Энди масъулиятимиз ошди, энди мажбуран эмас, ихтиёрий, ўзаро келишган ҳолда, оломон эмас, чинакам халқ бўлиб бу масалани ҳал қилиш фурсати етди!

Етар энди барча нарсанинг чўзилгани!..

Ўзи шундоқ ҳам муаммоларимиз етарли. Қанақа муаммо дейсизми? Санаб саноғига етолмайдиган муаммолар.

Ижтимоий тармоқларда халқимизнинг чинакам онги, фикрлаш даражаси қандайлиги кўриниб қоляпти. Ким қаёққа бурса кетавериш, ўзининг шахсий фикри йўқлиги, бўлса ҳам фақат танқидий фикрларга эгалиги… Ҳатто аксари бир муаммони ечимини ахтариш ўрнига уни кавлаштириб вазиятни фақат чигаллаштиришга ақли етяпти, холос. Давлат томонидан китобхонликка тарғиб кучайтирилмоқда. Бу бежизга эмас. Чунки халқнинг онги ошса, маънавияти юксалса, тўй-ҳашамларга ўхшаш майда муаммолар келиб чиқмайди.

Бугун тўй муаммосидан ташқари кунора ўз ота-онасини ёқиб юборган фарзанд, эрини пичоқлаб қўйган аёл, дўстини калтаклаб ўлдирган коллеж (мактаб) ўқувчилари ҳақида чиқаётган хабарларни ўқиб қандай хулосага келиш керак?

Бошқа муаммоларнинг саноғи йўқ ҳали…

Хулоса

Юқорида муаммони бартараф этиш йўлларини излаб кўрдик. Сизнинг шахсий фикрингиз қандай билмадим, лекин илм-маърифат ҳақидаги фикрларга иккиланмай қўшилсангиз керак. Муаммони бартараф этиш учун халқимиз кўп китоб ўқимоғи, илм-маърифатини оширмоғи, оломон эмас, ҳақиқий халқ бўлиши жудаям зарур. Қолаверса, халқимизнинг диний саводхонлигини ҳам юксалтириш муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда юз йил ўтсин барибир шу каби майда муаммоларга ўралашиб юраверган, етмаганига Ғарб мамлакатларига тақлидда бардавом бўлган кўйимизча қоламиз. Юксалиш бўлмай баттар қолоқлашсак не ажаб…

Айтиб қўяй, у ҳолда биздан Бухорийлар чиқмайди…

Умар АДҲАМ
azon.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг