Навбатдаги йиғилиш: Масъулият юки, янги бош имом-хатибнинг таништирилиши

0
892

Бугун 25 Июнь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари иштирок этдилар.

Муфтий ҳазратлари йиғилишни очиб, юртимизда сўнгги йилларда бўлаётган янгиланишлар, эзгу ислоҳотлар, айниқса диний-маърифий сохада олиб борилаётган бир қанча хайрли тадбирлар ҳақида гапириб, бугун имом-хатибларга ҳукуматимиз катта ишонч ва имкониятлар яратиб бераётгани, илм аҳли бунинг қадрига етиб, доимо изланишда, ўз устида ишлашда давом этиши лозимлигини уқтирди. Зеро имом-хатиб дин пешвоси, диний ва дунёвий илми, гўзал хулқ-одоби, юриш-туриши, ҳатто кийиниши билан халққа намуна бўлиши, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши лозимлиги яна бир бор эслатиб ўтилди. “Билдирилаётган ишончга, юкланаётган талай вазифаларга беэътиборлик қилаётган, ҳамон “уйғона” олмаётган ходимлардан воз кечамиз”, дея айтиб ўтдилар муфтий ҳазратлари.

Шунингдек, Президент қарорига мувофиқ ЎМИ ҳузурида ташкил тузилган “Вақф” хайрия жамоат фондининг фаолияти, мақсадлари имом-хатибларга тушунтирилди. Бу ташаббус диний сохада кўп йиллик орзумиз эканлиги айтиб этилди. Фондни ташкил этишдан асосий мақсад диний сохани ҳар тарфлама ривожлантириш, масжид-мадрасаларнинг моддий имкониятларини яхшилаш, ва асосийси, хайрия маблағларини жамиятнинг ҳақиқий моддий ёрдамга муҳтож қатламларига, чин ҳақдорларга етказишдир.

Йиғилишда муфтий ҳазратлари диний идора, халқимиз яқиндагина оғир жудоликка учрагани, йигирма йилга яқин Тошкент шаҳрига бош имом-хатиблик қилган, динига, юртига садоқат билан хизмат қилган, уламо, навоийшунос олим Анвар қори Турсуновнинг вафоти эслаб ўтилди. У кишидан кейин Тошкент шаҳрига масъул бўлишдек вазифага тайинланадиган номзод ҳар жиҳатдан етук билимли, имом-хатибларга чин маънода устоз даражасидаги шахс бўлишлиги айтилди. Шу боис диний идора раҳбарияти мутасадди ташкилотлар билан кенгашиб, ушбу лавозимга нафақат юртимизда балки минтақа ва дунёда ўз номига эга Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг тайинланганини эълон қилдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари диний идора раиси ўринбосари вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар вакили, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, ўз навбатида Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги «Минор» жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинландилар.

Йиғилишда сўз олганлар бу жуда тўғри қарор бўлгани, Шайх Абдулазиз Мансур домла барчага устоз, етук уламо, доим мулоҳаза билан иш тутишларини, у кишининг қўл остиларида Тошкент шаҳри диний-маърифий фаолияти янада фаоллашиши айтиб ўтилди.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг