Имом Бухорий р.а. нинг “Намозда икки қўлни кўтариш” китоби

0
496

Имом Бухорийнинг илмий мерослари ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўлиқ қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади. Имом Бухорий ёшлик пайтлариданоқ китоб ёзишга киришганлар. Хатиб Бағдодий берган маълумотга кўра, Имом Бухорий бу ҳақида шундай деганлар:

“Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобиъийнларнинг масалалари ва сўзларини таснийф қила бошладим. Бу, Убайдуллоҳ ибн Мусонинг даврида бўлган эди. Ўша пайтда “Китоб ат-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда таснийф этдим”. Имом Бухорийнинг ҳаётлари ва ижодларини ўрганган тадқиқодчи мутахассислар у кишининг қаламига мансуб асарлари қуйидагилар эканини айтишади, улар:

  1. Ал Жомеъ ас саҳиҳ;
  2. Ал Адаб ал муфрад;
  3. Ат Тарих ал кабир;
  4. Ат Тарих ал авсат;
  5. Ат Тарих ас сағир;
  6. Китоб Аз зуафо;
  7. Китоб ас сунан фил фиқҳ;
  8. Холқу афъолул ибод;
  9. Ал Асмаа вал куний;
  10. Ал Қироату холфал имам;
  11. Китоб ал ҳибати;
  12. Рафъул ядайн фис солат;
  13. Биррул волидайн;
  14. Ал Жомеъ ал кабийр;
  15. Ал Муснад ал кабир;
  16. Ат Тафсир ал кабир;
  17. Китоб ал ашриба;
  18. Асомис саҳоба;
  19. Ал Ваҳдон;
  20. Китоб ал мабсут;
  21. Китоб ал илал;
  22. Китоб ал фавоид;
  23. Китоб ал қазоёс саҳоба ват тобеъийн;
  24. Машихат ал Бухорий.

“Табақот аш-Шофиъийя” ва “Фатҳул Борий”нинг муқаддимасида Имом Бухорийнинг араб тилида бир оз шеър ёзганлари ҳам айтиб ўтилган[1]. Имом Бухорийнинг “Рафъул ядайн фис солат” яъни “Намозда икки қўлни кўтариш” китобларини, у кишидан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган. Ибн Ҳажар бу китоб ҳақида: “У мавжуд ва бизга эшитиш ва ижозат орқали ривоят қилингандир”, деган. Имом Бухорийнинг мазкур асарлари Ҳиндистонда нашр этилган ва бу китобнинг электрон нусхаси “Шомила” электрон китоблар кутубхонасида ҳам мавжуд. Мазкур китоб 199 та ривоятни ўз ичига олган. Бундаги аксар ҳадислар “намозда қўлни кўтариш” ҳақида бўлса, қолганлари эса, уларни қувватловчи, ҳамда намоздан ташқари ҳолларда ҳам қўлни кўтариш ҳақидаги ривоятлардир.

Биз қуйида улардан баъзиларини рақамлари билан яъни, ҳар-хил ўринларда қўлларнинг кўтарилиши ҳақидаги ривоятларни қисқача келтириб ўтамиз:

وقال الحسن وحميد بن هلال: كان أصحاب رسول الله يرفعون أيديهم.

10. Ҳасан ва Ҳумайд ибн Ҳилол деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қўлларини кўтарар эдилар”.[2]

عن سالم بن عبدالله عن أبيه قال: رأيت رسول الله يرفع يديه إذا كبر وإذا ركع، وإذا رفع رأسه من الركوع، ولا يفعل ذلك بين السجدتين.

18. Солим ибн Абдуллоҳ отасидан ривоят қилиб деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг такбир айтганларида, рукуъ қилганларида ва рукуъдан бошларини кўтарганларида икки қўлларини кўтарганларини кўрдим. Буни икки сажда орасида қилмас эдилар”.

عن علي بن أبي طالب _ أن رسول الله كان إذا قام إلى الصلاة المكتوبة كبر ورفع يديه حذو منكبيه، وإذا أراد أن يركع، ويصنع إذا رفع رأسه من الركوع، ولا يرفع في شيء من صلاته وهو قاعد، وإذا قام من السجدتين رفع يديه كذلك وكبر.

27. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки фарз намозга киришсалар такбир айтар ва икки қўлларини елка баробарида кўтарардилар. Агар рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар ҳам шундай қилардилар. Намозларида ўтирган ҳолларида (қўлларини) кўтармасдилар. Икки саждани адо қилиб тургач, худди аввалги сингари икки қўлларини кўтариб такбир айтардилар” – дедилар.

عن علقمة قال: قال ابن مسعود: ألا أصلي بكم صلاة رسول الله؟ فصلى ولم يرفع يديه إلا مرة.

Алқама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиганлари сингари намоз ўқиб берайинми?” – дедилар. Бас намоз ўқидилар ва икки қўлларини бир мартадан ортиқ кўтармадилар”.

عن مالك بن الحويرث قال: رأيت النبي يرفع يديه إذا رفع رأسه من الركوع حتى يحاذي بهما فروع أذنيه.

120. Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳу: “Мен, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъдан бошларини кўтаргач, икки қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганларини кўрдим” – деди.

وقال عبدالرحمن بن مهدي: هذا من السنة.

124. Абдурроҳман ибн Маҳдий: “Бу (яъни икки қўлни кўтариш) суннатдир” – деди.

قال البخاري: من زعم أن رفع الأيدي بدعة فقد طعن في أصحاب النبي والسلف ومن بعدهم وأهل الحجاز وأهل المدينة وأهل مكة وعدة من أهل العراق وأهل الشام وأهل اليمن وعلماء أهل خراسان منهم ابن المبارك حتى شيوخنا عيسى بن موسى أبو أحمد، وكعب بن سعيد، والحسن بن جعفر، ومحمد بن سلام، إلا أهل الرأي منهم، وعلي بن الحسن، وعبدالله بن عثمان، ويحيى، وصدقة، وإسحاق، وعامة أصحاب ابن المبارك.

133. Имом Бухорий: “Кимки: “Қўлларни кўтариш бидъат деб даъво қилса, бас у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари, салафлар ва улардан кейинги кишилар, ҳижозликлар, мадиналиклар, маккаликлар, ироқлик бир қанча кишилар, шомликлар яманликлар ва хуросонлик Ибн Муборак каби олимлар ва ҳаттоки шайхларимиз Ийсо ибн Мусо Абу Аҳмад, Каъб ибн Саъид, Ҳасан ибн Жаъфар, Муҳаммад ибн Салом, магар райъ аҳли бундан мустасно, Али ибн Ҳасан, Абдуллоҳ ибн Усмон, Яҳё, Садақа, Исҳоқ ва Ибн Муборакнинг асҳобларининг кўпчилигига таъна қилган бўлади”.

وكان الثوري ووكيع وبعض الكوفيين لا يرفعون أيديهم.

134.Саврий, Вакеъ ва баъзи Куфаликлар қўлларини кўтармас эдилар.

قال البخاري: هذه الأحاديث كلها صحيحة عن رسول الله، لا يخالف بعضها بعضاً وليس فيها تضاد لأنها في مواطن مختلفة.

165. Имом Бухорий: “Буларнинг барчаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган саҳиҳ ҳадислардир. Уларнинг баъзиси баъзисига хилоф ҳам, зид ҳам эмас. Чунки улар ҳар хил ўринларда айтилгандир”, – дедилар.

Намозда қўлни кўтариш масаласи ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Ҳанафий уламолар ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келишган. Шулардан баъзисини мисол тарзида келтириб ўтсак:

عَنْ مُجَاهِدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّيْتُ خَلْفَ ابْنِ عُمَرَ فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ إِلَّا فِي التَّكْبِيرَةِ الْأُولَى مِنَ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ 

Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У намоздаги биринчи такбирдан бошқа ўринда икки қўлини ҳеч кўтармас эди».

Таҳовий, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривоят қилишган. Бу ривоятдан рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик, бу амал насх бўлганидан кейин, унга амал қилишни тўхтатганлар.

عَنْ عَاصِمِ بْنِ كُلَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ؛ أَنَّ عَلِيًّا رَضِي اللهُ عَنْه،كَانَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي أَوَّلِ تَكْبِيرَةٍ مِنَ الصَّلَاةِ، ثُمَّ لَا يَرْفَعُ بَعْدُ. رَوَاهُ الطَحَاوِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ 

Осим ибн Кулайб отасидан ривоят қилади:

«Али розияллоҳу анҳу икки қўлини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди».

Таҳовий ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишган.

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ قَالَ: كَانَ أَصْحَابُ عَبْدِ اللهِ وَأَصْحَابُ عَلِيٍّ، لَا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ إِلَّا فِي افْتِتَاحِ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ أَبُو بَكْرِ ابْنِ أَبِي شَيْبَةَ 

Абу Исҳоқдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ(Ибн Масъуд) ва Алининг асҳоблари икки қўлларини фақат намознинг бошида кўтарар эдилар, холос».Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Бу ҳам рукуъга кетишдан олдин ва ундан кейин икки қўлни кўтаришга маълум муддат амал қилингани ва кейин насх бўлганини кўрсатади. Акс ҳолда ҳазрати Алидек улкан саҳобий ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисга хилоф ишни асло қилмаган бўлар эдилар. Шу билан бирга, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз шогирдлари бўлмиш кичик саҳобийлар ва тобиъийнларни ҳам рукуъга кетганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтармасликка ўргатган эканлар. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас.

Имом Ҳорисий ўзларининг «Муснад» номли китобларида Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан имом Абу Ҳанифа билан имом Авзоъий ораларида бўлиб ўтган қуйидаги мунозарани келтирадилар: «Абу Ҳанифа билан Авзоъий Маккадаги буғдой растасида кўришиб қолишди. Шунда Авзоъий Абу Ҳанифага:

– Сизларга нима бўлди, намозда рукуъга борганда ва ундан бош кўтарганда қўлларингизни кўтармайсизлар? – деди. Абу Ҳанифа эса: – Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирорта саҳиҳ нарса бўлмади, – деди.

– Қандай қилиб саҳиҳ нарса бўлмасин? Ахир менга Зуҳрий Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаш чоғларида, рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтарар эканлар! – деди Авзоъий. Шунда Абу Ҳанифа: – Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдан бошқада икки қўлларини кўтармас эканлар, – деди.

– Мен сенга Зуҳрийдан, Солимдан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, сен менга «Ҳаммод Иброҳимдан ҳадис айтди», дейсан-а?! – деди Авзоъий. Абу Ҳанифа унинг бу гапига:

– Ҳаммод Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ эди. Иброҳим эса Солимдан кўра фақиҳроқ эди. Агар Ибн Умар саҳобийлик фазлига эга бўлса ҳам, фиқҳда Алқама ундан кам эмас. Асваднинг фазли жуда ҳам кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фиқҳда ва қироатда фазли кўп. Унинг саҳобийлик ҳаққи бор. Кичиклигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган. У Абдуллоҳ ибн Умардан афзал», – деб жавоб берди.

Шунда Авзоъий жим қолди». Демак, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам, у кишининг издошлари ҳам шаръий ҳукмларни ҳаводан эмас, Қуръон ва Суннатдан олган эканлар. Бошқалардан кўра чуқурроқ илмий изланишда бўлган эканлар. У киши ҳатто бошқа мазҳаб мужтаҳидлари мулоҳаза қилмаган нозик томонларни ҳам мулоҳаза қилган эканлар.[3]

Биз бу ўринда фиқҳий ихтилофларни келтиришни эмас, балки Ҳанафий мазҳабимизда намозда қўлни кўтармаслик сабабини мазҳабдошларимизга мухтасар ҳолда баён қилишни ният қилдик холос. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган илмни, омонатга риоя қилган ҳолда, мутаассиблик қилмасдан қандай бўлса, шундайлигича келгуси авлодларга қолдириб кетган фидоий муҳаддис ва фақиҳ уламоларимиздан Аллоҳ рози бўлсин!

Олимхон Исахон ўғли
ИБХИТМ Ҳадисшунослик бўлими бошлиғи
Ҳадис мактаби раҳбари

Манба:bukhari.uz

Мулоҳаза билдириш

Изоҳингизни қолдиринг!
Илтимос, бу ерга исмингизни киритинг